ЯНГИЛИКЛАР ҲАЛОЛ КАСБДАГИ БАРАКА ОМИЛИ 2 мая, 2020 0 362 Сўнгги йилларда халқимиз орасида касб танлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, халқимиз фаровонлиги учун ўз меҳнати, пешона тери билан хисса қўшиш кайфияти янада ортиб бормоқда. Юртдошларимиз, айниқса, ёшлар орасида ёлғончилик, алдов, фирибгарлик, порахўрлик сингари ўзганинг ҳақини поймол қилувчи разил иллатлар воситаси билан эмас, балки ҳалол касб билан ўз келажагини қуриш, рўзғор тебратишни шараф деб биладиганлар сафи тобора кўпайиб бораётгани кишини хушнуд қилади. Бироқ ҳамюртларимиз орасида етишмовчилик ва тақчиллик борасидаги шикоятлар ҳам тез-тез қулоққа чалиниб туради. Бу шикоятларнинг айримлари бизга қуйидаги ҳикояни эсга солади: “Кунларнинг бирида катта бир фабрикада ишловчи Маҳмуд исмли киши улуғ донишманд ҳузурига келиб, унга ташрифи боисини баён қилди: “Мен бир ишчиман, ҳалол касб-кор қиламан, лекин оладиган 7 динор маошим рўзғорга ҳеч етмайди, менга бир ҳикмат тадбирини ўргатингки, токи бу муаммодан халос бўлай”. Шунда донишманд: “Сенга берадиган тавсиямни иккиланмай бажарасан, ҳеч қандай эътироз билдирмайсан. Ҳозир бошлиғингнинг олдига бориб, ойлик маошингни 6 динорга туширишини сўрайсан”, – деди. Маҳмуд жавобнинг ҳикматини ўйлай-ўйлай фабрикага йўл олди, кўрсатмани бажаришга кирищди. Афсуски, орадан бир неча ой ўтганига қарамай ҳеч қандай ижобий натижа бўлмади. У яна донишманд ҳузурига боришга қарор қилди. Бу сафар донишманд ойлигини 5 динорга тушириши лозимлигини айтди. Маҳмуд унинг олдига бойиш йўлини ўрганиш мақсадида борар, у нуқул ойликни пасайтиришни талаб қиларди. Сабабини сўрашга ботинолмагач, ноилож сўнгги маротаба тавсияга амал қилишга қарор қилди. Буни қарангки, ҳаётида аста-секин ижобий ўзгаришлар содир бўла бошлади. Турмуш тарзи кундан-кунга яхшиланди, рўзғорига барака инди. Бу ҳолдан Маҳмуднинг ҳайрати ошиб, юқоридаги тадбирнинг ҳикматини билиш учун яна донишманд ҳузурига йўл олди. Юзидан ҳикмат асари ёғилиб турган бу нуроний Маҳмуднинг саволларига босиқлик билан: “Аллоҳ таоло барча бандага ўзининг эҳтиёжига мувофиқ ризқни тайин қилиб қўйган. Лекин биз бунга қаноат қилмай, ризқ омили маблағнинг кўплигида, деб ҳисоблаймиз. Натижада ундаги баракадан мосуво бўламиз. Сенинг ҳам асли меҳнат ҳақинг 5 динор бўлиб, айни барака мана шундадир”, – дея жавоб берди. Демак, касб-кор билан шуғулланувчи ҳар бир инсон, аввало, унинг ҳалоллигига, шу билан бирга, олаётган ҳақининг меҳнатга мувофиқ эканлигига эьтибор бериши лозим. Бу эса тўкис ва фаровон ҳаёт гаровидир. Манбалар асосида: “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 4—босқич талабаси Усмонов Одилжон тайёрлади.