БИЛИМ ЮРТИ ТАРИХИ Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 1992 йилда Андижон вилояти Олтинкўл тумани Жалабек қишлоғи Сайфитдин Ашуров жамоа хўжалигига қарашли 7778м/кв 0.78 гк ер шу жамоада яшовчи фуқароларнинг талаби ва истаклари асосида ажратилиб ўз фаолиятини бошлаган. Мазкур ерда қурилиши тугалланмаган, томи чала ёпилган 18 хонали бино мавжуд эди. Шу йилнинг ўзидаёқ бино тўлиқ таъмирланиб ишга туширилди. 1993 йилда 13 ўқув хона ва 13 та ётоқхона жами 26 хонадан иборат 2 қаватли бино хашар йўли билан қуриб битказилди. 1996 йил 500 ўринли билим юрти намозхонаси барпо этилди. 2004 йил билим юртининг кириш қисмига 3 қаватли замонавий ва шарқона услубдаги маъмурий бино қурилиши ниҳоясига етди. Билим юртига Жалабек қишлоғи Найзақайрағоч маҳалласида XX асрнинг бошларида яшаб ўтган, миллат, ватан, дин учун беназир хизматлар қилган, ўз даврида Андижон вилоятининг қозиси, эски шаҳардаги Жомеъ мадрасасининг бош мударриси, улкан ғайрат ва ҳиммат соҳиби Саййид Муҳйиддин махдум домла алайҳир–рохманинг номлари у кишини таниган ва билган кўплаб улуғ зотларнинг тавсияси билан берилди. Саййид Муҳйиддин махдум домла 1925 йилда диндорлар, шўролар хукумати тамонидан тазйиқ остига олина бошлаганида ўша пайтдаги шарқий Туркистон (хозирги Хитойдаги) Қашқар вилоятига хижрат қилганлар. У жойда ҳам умрларининг охиригача илм билан шуғулланиб, 1943 йилда, муборак 63 ёшларида вафот этганлар. Бу табаррук зотнинг тақво ва ватанпарварлик хислатлари эл ичида эъзоз ва хурмат билан қадрланади. Билим юрти фаолияти бошланган йилдан ҳозиргача мингга яқин талабаларга исломшунос ва имом-хатиб мутахассислиги бўйича аҳлисунна валжамоат эътиқодида, ҳанафий мазҳабида амал қилувчи ходимлар тайёрлаб диплом берилди. Умидимиз шуки, билим юртимизни битириб кетган талабалар динимиз, мустақил ватанимиз равнақи ва ривожи учун улкан хизматлар қиладилар.