Фотиҳа сураси тафсири (Тааввуз ва басмала)

0
168

أعوذ من الشيطان الرجيم

Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм

Аллоҳ таоло ҳар бир қироатнинг аввалида истиъоза айтишга амр қилиб деди: “Қачонки, Қуръон ўқисангиз, албатта, қувғин этилган шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрангиз!”. (Наҳл сураси 98-оят)

Жумҳур уламолар наздида ушбу амр намоздан бошқа ҳар қандай қироатда мандубдир. Намоз борасида эса ихтилоф қилишди. Ибн Сирийн, Нахаъий ва бир қанча уламолар намознинг ҳар ракаатида истиъоза айтар эдилар. Бу билан Аллоҳ таолонинг истиъоза айтиш борасидаги амрига умумий ҳолда амал қилар эдилар. Имом Абу Ҳанифа ва Шофеъийлар эса намознинг фақат биринчи ракаатидагина истиъоза айтиш лозим дейдилар. Улар намоздаги барча қироатларни бир қироат деб эътибор қиладилар. Имом Молик эса фарз намозда истиъоза айтиш керак эмас, балки таровеҳ намозида айтиш керак дейди. Истиъоза деб қандайдир ёмонликдан бирор нарса ила ҳимояланишга айтилади. Шайтон сўзи شطن (шатона) сўзидан олинган бўлиб, яхшиликдан йироқ бўлган маъносидадир. Шайтон ҳақдан йироқлиги ва исёнкорлиги сабаб шайтон дея номланди. Шунинг учун ҳар қандай ашаддий исёнкор жин, инсон ва ҳайвон ҳам шайтондир. رجيم (рожийм) эса яхшиликдан узоқлаштирилган ва хорланган маъносидадир. رجم (ражм) сўзининг асл маъноси тош билан қувмоқдир.

بسم الله الرحمن الرحيم

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

***

  • بسم الله الرحمن الرحيم   Ҳар бир суранинг аввалида нозил қилган Раббимизнинг қасамидир. Ушбу қасамнинг маъноси шундай: “Эй бандаларим, ушбу сураларда келтирганларим ҳақдир. Ушбу сураларда сизга берган ваъдаларим, лутфим ва яхшилигимни тўлиқ ато этурман”. Баъзи уламолар: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” шариатни тўлалигича ўз ичига олади. Чунки, у Аллоҳнинг зотига ҳам, сифатларига ҳам далолат қилади”, деганлар. Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳудан шундай дегани ривоят қилинади: “Басмала сураларнинг тожидир”. Ушбу сўз басмала Фотиҳа сурасининг ҳам, бошқа сураларнинг ҳам ояти эмаслигига далолат қилади. Уламолар ушбу масалада турли хил қарашларни баён қилишган. Жумладан, “Басмала” Фотиҳанинг ҳам бошқа сураларнинг ҳам ояти эмас, деган гап. Иккинчиси, “Басмала” ҳар бир суранинг оятидир. Учинчиси эса “Басмала” Фотиҳа сурасининг оятидир дейилган. Бошқа суралар борасида эса, бир неча сўз айтилган. Бир сафар “Басмала” барча суранинг оятидандир деган бўлишса, бошқа сафар у фақат Фотиҳа сурасининг оятидир дейишган. Бироқ барча уламолар “Басмала” Намл сурасининг ояти эканига иттифоқ қилганлар.

Басмаланинг маъноси “Аллоҳнинг номи ила бошлайман” ёки “Аллоҳнинг номи ила бошла” ёхуд “Бошламоғим Аллоҳнинг номи биландир” дегани бўлади. Басралик уламолар اسم (исм)  сўзи “олийлик” ва “юксаклик” маъносидаги سمو (сумуввун) сўзидан олинган дейдилар. Чунки исм соҳиби ўз исми билан юксалади. Кўфалик уламолар эса ушбу сўз “белги” маъносидаги سمة (симатун) сўзидан олинган дейдилар. Чунки, исм исм эгасининг белгисидир. Аҳли ҳақ исм номланмишнинг айни ўзидир дейдилар. Агар “Аллоҳ Олимдир” дейилса, ушбу сўз олимлик ила сифатланган Зотга далолат қилади. Бу айни номланмишнинг ўзидир. Улар наздида исм номланмишнинг айни ўзидир. Аллоҳ исми эса  Аллоҳнинг энг буюк ва энг қамровли исмларидандир. Ҳатто баъзи уламолар: “Бу Аллоҳнинг энг буюк исми бўлиб, бу исм билан Ундан ўзга ҳеч ким номланмаган. Шунинг учун араб тилида ушбу сўзнинг иккилик ва кўплик шакллари мавжуд эмас. Аллоҳ исми барча илоҳий сифатларни ўзида жамлаган, рубубият наътлари сифатланган ҳамда ҳақиқий мавжуд бўлган Зотнинг номидир. У Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Бир қавлда эса Аллоҳ сўзининг маъноси “ибодатга сазовор зот” дейилади. Бошқа бир қавлда эса Аллоҳ сўзи “ҳайрон қолмоқ” маъносидаги وله (валиҳа) сўзидан олинган дейилади. Яъни Аллоҳ таолони таниш ва унинг сифатлари ҳақиқатини англаш борасида ақллар ҳайратга тушади.

الرحمن (Ар-Роҳман) ушбу сўз бирор сўздан олинмаган, аслий сўз бўлиб, Аллоҳ таолонинг ўзигагина хос бўлган исмлардандир. Агар ушбу сўз رحمة (роҳматун) сўзидан олинган бўлганида, раҳм қилинаётганга боғлаб ишлатиш жоиз бўлар ва “Аллоҳ бандаларига Раҳимдир” жумласи каби “Аллоҳ бандаларига Раҳмондир” демоқ ҳам мумкин бўлар эди. Кўп уламолар الرحمن (Ар-Роҳман) сўзи رحمة (роҳматун) сўзидан олинган муболаға сийғасидир дейдилар. Шунда ушбу сўз “Раҳм қилиш борасида тенги йўқ Зот” деган маънони англатади. Абу Али Форисий шундай дейди: “Ар-роҳман сўзи раҳматнинг барча турларини ўз ичига олади ва Аллоҳнинг ўзига хос исмидир. Ар-роҳийм эса фақат мўминларга раҳм қилишга хос бўлган сифатдир”.

Имом Бухорий  ривоят қилади. Абу Саъид ибн ал-Муъалло розияллоҳу анҳу шундай деди: “Намоз ўқиб турган эдим, Расулуллоҳ мени чақирдилар. Мен жавоб қайтармадим. Кейин: “Эй Аллоҳнинг расули, намоз ўқиётган эдим”, дедим. У зот: “Ахир Аллоҳ таоло “Эй мўминлар, Аллоҳ таоло билан унинг расули сизларни.. даъват қилишса, қабул қилингизлар (жавоб берингизлар)!”, (Анфол сураси 24-оят) деб айтмаганми?!”, дедилар. Сўнг, яна: “Мен сенга масжиддан чиқмасингдан бурун Қуръондаги энг буюк сурани ўргатиб қўяман”, дедилар. Сўнг қўлимдан тутдилар.  Масжиддан чиқмоқчи бўлиб турганларида, У Зотга: “Мен сенга Қуръондаги энг буюк сурани ўргатиб қўяман”, деган эдингиз-ку!?”, дедим. У зот: “Алҳамду лиллаҳи Раббил аъламийн” (Фотиҳа сураси 2-оят) бу етти такрорланувчи ва менга берилган улуғ Қуръондир”, дедилар”. Бустий: “Ҳадисдаги “улуғ Қуръон”дан мурод ажрнинг улуғлигидир. Чунки Қуръоннинг баъзиси баъзисидан афзалдир. Фотиҳа сурасида эса бошқа сураларда бўлмаган сифатлар бордир. У йигирма беш сўздан иборат бўлиб, Қуръоннинг барча илмларини ўзида жамлаган”, деб айтади. Ушбу суранинг фазилатларидан – Аллоҳ таоло уни ўзи ва бандаси ўртасида тақсим қилгани, унингсиз намоз дуруст бўлмаслиги ва унинг савобига бирор амал тенглаша олмаслигидир. Шу сабаб у улуғ Қуръоннинг онаси бўлди. Намознинг ҳар ракаатида такрорлангани боис “масоний”, яъни такрорланувчи деб номланди. Барча Қуръон илмларини ўзида жамлагани боис улуғ Қуръон дея номланди. Чунки ушбу сура камолий ва жалолий сифатлари ила Аллоҳни улуғлашни, ибодатга амр этиш ва унда ихлос қилишни ва буларнинг барчасини Аллоҳнинг ёрдамисиз амалга ошира олмаслик эътирофини  ҳамда тўғри йўлга ҳидоят сўраб илтижо қилишни ўз ичига олади. Ибн Аббос ва Қатодалар ушбу сурани Маккий сура дейишган. Абу Ҳурайра, Мужоҳид, Ато ва бошқалар эса маданий сура деганлар. Ушбу сўзларнинг биринчиси тўғрироқдир. Чунки “Дарҳақиқат, Биз Сизга етти такрорланувчи (етти оятли «Фотиҳа» сураси)ни ва улуғ Қуръонни ато этдик” оятини ўз ичига олган Ҳижр сураси уламолар ижмоъсига кўра Маккий сурадир. Яна бир қавлда ушбу сура ҳам Маккий, ҳам Маданийдир, зеро, Жаброил ушбу сурани икки маротаба нозил қилган дейилади. Буни Саълабий ривоят қилган.

Давоми бор…

«Саййид Муҳйиддин маҳдум» ўрта махсус ислом таълим

муассасаси мудири Рустамжон домла Махмудов тайёрлади.

  • “ASR” SURASI — VAQT VA NAJOT HAQIDAGI MUJAZ DASTUR

    Qur’oni Karimda ba’zi suralar bor-ki, ularning oyatlari kam, ammo mazmuni nihoyatda ulkan …
  • Fotiha surasi tafsiri

      الحمد لله رب العالمين Hamd olamlarning  Rabbi – Allohgakim, *** 2 – (الحمد لله) “Ha…
  • Tafsir ilmining ta’rifi

        «Tafsir» so’zi arabcha-“ فَسَّرَ، يُفَسِّرُ، فّسِّرْ، تَفْسِيْرٌ” so’zidan o…
Load More In ТАФСИР