МАҚОЛАЛАР ТАРИХ Жаъфар ибн Абу Толиб: Қушканотли Шаҳид ва Расулуллоҳнинг Ўхшаши 11 июня, 2025 0 57 #SahobalarHayotiТошкент ислом институтиҲадичаи Қубро аёл қизлар мадрасасиМир Араб олий мадрасасиЎзбекистон мусулмонлари идорасиАндижон вилоят вакиллиги Ислом тарихи саҳобаларнинг фидокорлиги, иймони ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббати билан тўла. Ана шундай буюк саҳобалардан бири – Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу. У зот на фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ўғли, балки хулқ ва хилқатда ҳам У зотга ўхшаган зот эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар розияллоҳу анҳуга шундай деганлар: «Сен хилқатда ҳам, хулқда ҳам менга ўхшадинг.» Бу сўзлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаъфар розияллоҳу анҳуга бўлган муҳаббатлари, эътирофлари ва унинг улуғ мақомини англатади. Муъта Жангидаги Фидокорлик Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Муъта жангида мусулмонлар қўшинининг сардорларидан бири бўлганлар. Ушбу жангида у киши ибратли фидокорлик кўрсатдилар. Жанг пайтида у зотнинг икки қўллари кесилиб, шариат учун шаҳид бўлдилар. Бу воқеадан сўнг, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ҳақида қуйидагича мужда бердилар: «Аллоҳ Жаъфарга Муътада кесилган икки қўли эвазига икки қанот берди. Унинг жаннатда фаришталар билан бирга учаётганини кўрдим.» Шу сабабли у зот «Қушканотли шаҳид» деб номланган ва бу ном саҳобалар орасида улуғлаб айтиладиган бўлган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳам Жаъфарнинг ўғлига салом бериб шундай дер эдилар: «Салом сенга, эй Қушканотнинг ўғли!» Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу – набий алайҳиссаломнинг на фақат қариндошлари, балки сифат ва хулқ жиҳатдан ўхшашлари бўлган зот. У зотнинг Муътадаги шаҳидлиги ва жаннатда қанотли ҳолда учаётгани ҳақидаги мужда ҳар бир мўмин учун ибрат ва умиддир. Саҳобаларнинг Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатлари, иймони ва фидокорликлари орқали Ислом дини бизга етиб келган. Уларга бўлган муҳаббатимиз – иймондандир. Ta’lim muassasasi mudiri Rustamjon domla Mahmudov.