Тарих ўзини қайта такрорлайдими?..

0
96

 

Хаворижлар ва ваҳҳобийлик ўртасидаги қўрқинчли ўхшашликлар

Қачонки «тавҳидни ҳимоя қилиш» шиори
умматни асрайдиган қалқон эмас,
балки уни ичидан емириб ташлайдиган болғага айланса —
айнан ўша ерда тарих ўзини қайта такрорлай бошлайди.

Ваҳҳобийлик (замонавий салафийлик) пайдо бўлганидан буён, умматнинг тўрт мазҳаб уламолари бу оқимдан жиддий равишда огоҳлантириб келдилар. Бу огоҳлантиришлар ҳеч қачон шахсий адоват ёки мазҳабий мутаассибликка асосланмаган. Балки улар ушбу йўналишда қадимги хаворижий тафаккур уруғининг янги ном ва янги шаклда қайта намоён бўлганини илмий зийраклик билан англаб етган эдилар.

Шу боис ҳам икки оқим ўртасидаги ўхшашлик номда эмас,
балки манҳажда, ақлий усулда ва мусулмонларга муносабатда яққол кўринади.

Қуйидаги умумий жиҳатлар шуни кўрсатадики, биз
хаворижлар тафаккурининг “таҳрир қилинган нусхаси” қаршисида турибмиз.

1 — Такфирни осонлаштириш ва ширк доирасини кенгайтириш

Хаворижлар саҳобаларни ва мусулмонларни кофирга чиқариб, Ислом диёрини “уруш диёри” деб эълон қилганлар.

Салафийлар эса умматнинг катта қисмини — ашъарийлар, мотуридийлар ва сўфийларни — бидъатчи ёки очиқ-ойдин кофир, деб ҳукм қилдилар.

Улар тавассул ва солиҳ зотларни зиёрат қилиш каби, фиқҳда асрлар давомида муҳокама қилинган иккиламчи масалаларни бутпарастликка тенглаштирдилар. Шу мантиқий йўл орқали тарихда Тоиф ва Макка аҳли қонларини ҳалол деб билиш ҳолатлари юз берган. Бу эса хаворижлар саҳобалар қонини ҳалол санаган тафаккурнинг янги даврдаги акс-садосидир.

2 —  Оятлар мазмунини англамасдан татбиқ қилиш

Бу аслида энг катта жиноятдир…

Бу хусусиятни саҳоба Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) хаворижлар ҳақида жуда аниқ таърифлаган:

«Улар кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни олиб, мўминларга қўлладилар».

Хаворижлар

{وَمَن لَّمْ يَحْكُم بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ} оятларини Али ва Муовия (розияллоҳу анҳум)га татбиқ қилганлар.

Ваҳҳобий – Салафийлар  эса Абу Жаҳл ва бутпарастлар ҳақида нозил бўлган оятларни, жумладан:

{مَا نَعْبُدُهُمْ إِلَّا لِيُقَرِّبُونَا إِلَى اللَّهِ زُلْفَى} — зулман «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган, аммо Пайғамбар ﷺ ёки солиҳ банда орқали Аллоҳга яқинлашишни истаган мусулмонга қўллайдилар.

Бу орқали эса муваҳҳид мусулмон билан тошга сиғинувчи мушрик ўртасидаги асл фарқ йўққа чиқарилади.

3 — Сатҳийлик ва зоҳирпараст ҳолда қотиб қолиш
(ақлга қарши кураш)

Хаворижлар {إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ} оятига юзаки ёпишиб олганлар. Бу ҳолат ҳақида Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) қуйидаги машҳур сўзни айтган:

«Бу — ҳақ сўз, аммо ундан ботил мақсад кўзланган».

Ваҳҳобий – салафийлар  ҳам худди шу усулда сифат оятларининг зоҳирига қаттиқ ёпишадилар (қўл, кўз, ҳаракат, макон масалалари). Араб тилининг балоғати, мажоз, таъвил ва уламолар анъанаси инкор қилинади.

Натижада Аллоҳга чегара, макон ва ҳаракат нисбат берилади,
танзиҳ аҳли эса “таътил”да айбланади.

Бу — маъноларга чуқур кирмасдан, зоҳирда қотиб қолган тафаккурнинг очиқ белгисидир.

4 — Ғурур ва “нажот топган фирқа”ни монополия қилиш

Хаворижлар ҳақ фақат ўзларида, қолган саҳобалар эса адашган, деб ҳисоблаганлар.

Ваҳҳобийлар эса ўзларинигина “Аҳли сунна ва ҳадис”, “нажот топган фирқа” деб билиб, асрлар давомида бутун ислом оламини тарбиялаб келган анъанавий илмий мактабларни бидъат ва залолатда айбладилар.

Бу ҳолат диний ғурур ва манҳажий яккахукмлик белгиси бўлиб, тарихда хаворижий тафаккурга хос хусусият сифатида қайта-қайта намоён бўлган.

Юқоридаги таҳлил шуни яққол кўрсатадики, хаворижлар ва ваҳҳобийлик (замонавий салафийлик) ўртасидаги ўхшашликлар тасодифий ёки юзаки эмас. Улар муайян тарихий давргагина хос бўлган ҳодиса эмас, балки динни тушунишдаги маълум бир ақлий-манҳажий оғишнинг турли асрларда қайта-қайта намоён бўлишидир.

Бу оғишнинг марказида матнни ҳикматдан ажратиб ўқиш, зоҳирга қотиб қолиш, ақлий-тафсирий анъанани инкор этиш ётади. Қуръон ва суннатни ўқишнинг ўзи етарли эмас; уларни араб тили қонунлари, усулул-фиқҳ, балоғат, ва уммат уламолари шакллантирган умумий илмий мерос доирасида англамас экан, муқаддас матн ҳидоят манбаи эмас, балки низо ва фитна воситасига айланиб қолиши мумкин.

Тарих шуни очиқ исботлаганки, такфирга шошилиш, фуруъий масалаларни ақийда даражасига кўтариш, ва ўзини ягона ҳақ деб билиш ҳар доим Ислом уммати учун оғир оқибатларга олиб келган. Хаворижлар даврида бу саҳобалар ўртасида қон тўкилишга сабаб бўлди; кейинги асрларда эса бу тафаккур турли номлар ва шиорлар остида мусулмон жамиятларини бўлиб ташлашга хизмат қилди.

Шу нуқтаи назардан, тўрт мазҳаб уламоларининг ва умматнинг йирик илмий марказлари ва анъанавий мактабларнинг позицияси тасодифий эмас. Улар асрлар давомида тавҳидни ҳимоя қилиш билан бирга умматнинг бирлигини сақлаш, ихтилоф маданиятини ривожлантириш, ва иккиламчи масалаларни имон мезонига айлантирмаслик тамойилларини асос қилиб келганлар.

Шу боис ҳақиқий сунний манҳаж:

  • тавҳидни фиқҳ ва басира билан,
  • матнни ақл ва илмий усул билан,
  • динни эса уммат билан бирга сақлайди.

Агар тавҳид ҳикматдан, матн манҳаждан, ва дин умматдан узиб қўйилса,
энг муқаддас шиорлар ҳам фитна ва тафриқанинг қуролига айланиб қолади.

Демак, тарихдан чиқадиган энг муҳим хулоса шуки:
дин — якка ақл билан эмас, уммат ақли билан тушунилади;
ҳақ — шовқинли даъволарда эмас, балки асрлар давомида шаклланган илмий барқарорлик ва ҳикматда намоён бўлади.

 

Манбалар асосида Таълим муассасаси

Матбуот котиби Зуҳробиддин Олимов тайёрлади

 

Load More In RADDIYA