Ҳақиқий сабр қандайлигини биласизми?

0
367
Сабр

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп жойларида сабр қилувчи бандаларни мадҳ этган. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

… وَاصْبِرُوا إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ

“Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир”. (“Анфол” сураси, 46-оят).

… وَاللَّهُ يُحِبُّ الصَّابِرِينَ

“Аллоҳ сабрлиларни севадир”. (“Оли Имрон” сураси, 146-оят).

Биз ҳам қачон оятларда айтилган сабр мақомига чиқамиз? Бунинг учун нималар қилишимиз керак? Жавоб оддий. Қачонки, мусибат ёки бирор синов бошимизга келган вақтда унинг биринчи хабарини эшитишимиз биланоқ сабр қилишни бошласак, шунда ҳақиқий сабр қилган бўламиз.

Бу ҳадиси шарифда ҳам ўз ифодасини топган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сабр – мусибатнинг биринчи зарбасида билинади”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).

Яъни, мусулмон киши сабрнинг эвазига бериладиган улкан савобни олиш учун мусибатга ёки бирор машаққатга илк йўлиққан вақтда бўлиши керак.

Машаққат ёки мусибат келган вақтда оғзига келган гапларни айтиб, кийимини йиртиб, ўзига бирор жароҳат етказиб, охири оқибат сабр қилмасам бўлмас экан, дейиш сабр ҳисобланмайди.

Уламоларимизнинг ҳам сабр ҳақида айтган пурмаъно насиҳатлари бор:

Имом Рувайм раҳматуллоҳи алайҳ: “Сабр — шикоят қилишни тарк этишдир”, — деганлар.

Зуннунул Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Сабр — Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашдир”, — деганлар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Сабр — шикоят изҳор этмасдан, дунё ташвишларидан ўзини роҳат-фароғатда ҳис этишдир», — деганлар.

Ҳозирги кунда бутун дунёда кузатилаётган пандемия вақтида бошқа давлатлар қатори бизнинг Юртимизда ҳам карантин эълон қилинди. Мана шундай синовли кунларда барчамиз карантин тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилиб, сабр-қаноат, матонатда турадиган бўлсак, албатта, тез кунларда дориломон кунларга етишамиз.

Аллоҳ таоло барчамизни машаққатлар келиши билан сабр қилувчи ва улкан савобларга эга бўлувчилар қаторида айласин!

 

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти

4-босқич талабаси

Йўлдашев Абдулазиз

Load More In MAQOLALAR