MAQOLALAR Рамазонни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказар эдилар? 21 апреля, 2020 0 354 Рамазон ойининг қадрини бошқа ойлардан баланд қилган Аллоҳ таолога ҳамд-у санолар бўлсин. Бизларга рамазон ойида қилинадиган ибодатлар таълимини бериб, ўзлари бу борада пешво бўлган Ҳабибимиз, Росулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам, у кишининг аҳли олилалари ва саҳобаи киромларига саловоту саломларимиз бўлсин. Рамазон – яхшилик, барака ойидир. Бу ойда мўмин-мусулмонлар имкони борича солиҳ амалларда бардавом бўлиб, охиратга захира тўплаб олишлари керак. Кундузлари рўзадор, тунлари эса ибодат, Қуръон тиловотини ғанимат билиб, ҳар бир дақиқа, балки ҳар бир сонияни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилиши керак. “Рамазон ойидан унумли фойдаланишимиз керак”, деганимизда баъзи бир тенгдошларимизда ҳақли савол туғилади: “Қандай қилиб?”, “Қайси амалларни бажариб?”, “Қандай ибодатларни бажариб?”. Мана шундай саволларга жавоб ўлароқ Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазон ойидаги ибодатлари, амаллари, кўрсатмаларининг айримларини келтириб ўтамиз: Гўзал хулқ. Мўмин-мусулмон инсон Рамазон ойида одатдаги чиройли хулқидан ҳам янада хушхулқроқ бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза қалқондир. Агар сизлардан бирингиз рўза тутса ёмон сўз айтмасин. Шовқин солмасин. Агар уни ҳақорат қилишса, ёки у билан жанжаллашилса “Мен рўзадорман” деб айтсин”, – дедилар. Демак инсон ўзгаларга иложи борича азият бермаслиги ва бу ойда азият етказишнинг ёмонлигини ўзгаларга ҳам эслатиб туриши лозим экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ифтор ва саҳарликлари. Росулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторни (оғиз очишни) вақтидан кечиктирмас эдилар. Ифтор вақтида оғизларини хурмо билан, агар янги пишиб етилгани бўлмаса қуритилгани билан очар эдилар. Агар у ҳам топилмаса сув билан оғизларини очар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик борасида кўрсатма бериб: “Инсон ифторни (оғиз очиш вақти бўлганда) тезлаштирар экан у ҳар доим яхшиликда бўлади. Ифтор (оғиз очиш)ни тезлаштиринглар. Чунки яҳудийлар кечиктиришади”, – дея марҳамат қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарликни оғиз ёпиш вақти (бомдод вақти кириши) яқин қолгунча кечиктирар эдилар. Бизга ҳам бу борада кўрсатма бериб: “Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака бор”, – дедилар. Қуръон тиловати. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойида Жаброил алайҳиссаломга Қуръонни ўқиб берар эдилар. Мусулмон инсон рамазон Қуръон ойи эканини англаб, бу ойда Қуръондаги одатий вазифасидан кўра кўпроқ тиловат, хатм қилишга эътибор қаратиши даркор. Эътикоф. Пайғамбаримиз соллаллаоҳу алайҳи васалламнинг рамазондаги ибодатларидан яна бири эътикофдир. (Эътикоф – масжидда ибодат ниятида ўтириш, ундан фақатгина мажбурий сабаблар: таҳорат ёки шунга ўхшаш ишлар учун ташқарига чиқиш). Айниқса охирги ўн кунлик кирганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатларини янада кучайтирар эдилар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Қачон рамазон ойининг охирги ўн кунлиги кириб келса, аҳллари билан алоқа қилмоқдан узоқлашар эдилар. Кечалари ухламас эдилар ва аҳлларини ҳам уйғотар эдилар”, – дейилади. Аслида Рамазоннинг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида ҳам эътикоф ўтириш мумкин. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунлари ҳам эътикоф ўтирганлар. Қадр кечаси охирги ўн кунликда бўлгани учун мазкур ўн кунликка алоҳида эътибор қаратилган. Таровеҳ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазон ойида бажарган амалларидан яна бири таровеҳ намозидир. Барчамизга маълум бўлган бу ибодат рамазон ойида қилинадиган ажри улуғ нафллардан саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда кўпроқ ибодат қилар эдилар. Биз умматларни ҳам шунга тарғиб қилганлар. Юқорида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазон ойида қиладиган ибодатларидан айримларини санаб ўтдик. Аллоҳ барчамизни рамазон ойининг қадрига етиб, шукрини адо этадиган бандаларидан айласин. Бу ойни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ўтказиш бахтига Ўзи муяссар қилсин. “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Саидафзал Зикрияев