ҚАДР

0
428

«Қадимда ўтган бир подшоҳ ўз мулозимларига 10 та ваҳший ит боқишни буюрди. Бу итлар воситасида подшоҳ хато қилган вазирларини жазоламоқчи эди. Хатокор итлар сақланаётган қафасга улоқтирилиши, улар эса уни бурдалаб ташлаши керак эди.

Кунларнинг бирида подшоҳга садоқат билан хизмат қилувчи вазири унинг раъйига тескари фикр билдирди. Бу ҳолатдан подшоҳ дарғазаб бўлиб, уни итларга ем қилишни буюрди. Шунда вазир: «Подшоҳим, ўн йилдирки сизнинг хизматингиздаман, шу ўн йилнинг ҳурмати менга ўн кун муҳлат беринг, ҳукмни шу муддатга кечиктиринг», деди. Подшоҳ ҳукм ижросини ўн кунга кечиктирди. Вазир бу муддат ичида итларни парваришлай бошлади. Уларни боқди, сайр қилдирди, ювинтирди…

Айтилган муддат келди. Подшоҳ аркони давлати билан ҳукм ижросини томоша қилгани чиқди. Вазирни итлар ётган қафасга ташлашди. Бироқ… ваҳший жониворларнинг ўзини тутиши подшоҳни таажжубга солди. Улар акиллаганча келиб вазирнинг оёқларига суйкалишар эди. Подшоҳ вазирдан: «Уларни нима қилдинг?» деб сўради ҳайратини яшира олмай. Шунда вазир: «Мен уларга бор-йўғи ўн кун хизмат қилдим, холос. Улар шу хизматимни унутишмади. Сизга эса ўн йил садоқат билан хизмат қилдим. Бироқ биргина хатойим туфайли барчасини эсдан чиқардингиз», деди. Подшоҳ вазирнинг бу жавобидан қаттиқ таъсирланди ва уни озод этишни буюрди».

Мазкур тарихий ҳикоядан оладиган хулосамиз шуки, арзимас хато, бизга ёқмайдиган биргина гап ёки кичик дилхиралик сабаб узоқ йиллик дўстлик ва қадрдонликдан воз кечиш комил мўминлик сифатларидан эмас. Бундай вазиятда орага совуқчилик туширмай, биродаримизнинг хатосини Аллоҳ розилиги йўлида кечирадиган бўлсак, Яратган ҳам бизнинг айб-у нуқсонларимизни авф этса ажабмас.

 

«Менга ҳаёт ўргатган қиссалар»

 асари асосида:

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти
2-босқич, 75-гуруҳ талабаси

Исломбек Маҳкамжон ўғли тайёрлади

Load More In MAQOLALAR