MAQOLALAR ТИЛ ОДОБИ 27 апреля, 2020 0 586 Динимиз бизларга тўғри ва гўзал муомалани буюрган. Ҳатто душманларимизга дуч келганда ҳам хушсуханликни йўқотмасликни ўргатган. Чунки тилдан ўринли фойдаланиш туфайли душман бўлган кишилар бизга дўст бўлиши ва ўртада самимийлик уйғониши мумкин. Парвардигори олам илоҳликни даъво қилган Фиръавнга Мусо алайҳиссаломни юборганида, унга юмшоқ муомалада бўлишни буюрган. Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада яхши ва ёмон сўзга мисол келтиради: “Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У ҳудди бир яхши дарахтга ўхшайди. Унинг асли собитдир, шохлари эса осмондадир. Роббининг изни ила ҳар доим меваларини бериб туради. Аллоҳ шоядки эслатма олсалар деб, одамларга мисоллар келтиради. Ёмон сўзнинг мисоли худди ёмон дарахтга ўхшайди. У ердан узилиб қолган, унинг қарори йўқдир”. (Иброҳим, 24-26). Нутқ – ичмиздаги туйғуларни ифода этишнинг энг қулай ва самарали усулидир. Тилни тийиш ва оғзимиздан чиқадиган сўзларнинг маъноси ҳақида ўйлаш инсониятга берилган энг ёқимли хусусиятлардан биридир. Айтилган ҳар қандай сўз, агар такрор-такрор ўйланмаган бўлса, тузатиб бўлмайдиган жароҳатларга олиб келиши мумкин. Зеро, доно халқимиз ҳам бу борада: “Аввал ўйла, кейин сўйла” деб насиҳат қилади. Киши тўғри нутқ муомаласида нималарга эътибор бериши зарур? Қандай қилса сўзи ўткир ва таъсирли бўлади? Шу ва шунга ўхшаш саволларга ҳар бир нутқ соҳибида амалий жавоб бўлиши даркор. Одамларни тарбияловчи кишининг ахлоқи гўзал, билимли, баркамол ҳамда гўзал сўзларни айтувчи бўлиши жуда муҳимдир. Билим, сўзга нозик ёндашиш – қалбга меҳр, ақлга қувват, фикрга аниқлик беради. Уфқларни яқинлаштиради, юракларни бирлаштиради. Сўзнинг гўзаллиги қалб завқланишидан келиб чиқади. Қалбида қайсарлик, мағрурлик ва жоҳиллик бўлган одамнинг сўзида гўзаллик ва таъсир бўлмайди. Нутқ алоҳида бир санъатдир. Баъзи сўзлар билан одамлар муаммога дуч келишади. Баъзи сўзлар билан эса муаммолар ҳал бўлади. Қуйидаги воқеа сўзимиз далилидир. Султонлардан бири туясини жуда яхши кўрар ва унга ғамхўрлик қилар эди. Уни шунчалар қаттиқ яхши кўрар эдики, бир гал: “Кимки менга “туянгиз ўлди” деса, севикли кишилари билан хайрлашсин”, деди. Ўша туя бир кун ўлди. Қайғули воқеа тўғрисида султонга хабар бериш оғир эди. Ҳамма бир-бирига қараб турарди. Улардан бири: –Мен бу ишни қиламан! – деди ва кафанини кийиб, султоннинг ҳузурига келди: –Султоним! Сизнинг қимматбаҳо туянгиз ётди, турмаяпти. Кўзларини юмди, очмаяпти, оёқларини қимирлатмаяпти. Қуёшга қараган тақа эса жуда яхши порлаяпти… Унинг гапи тугагунига қадар кутмаган подшоҳ: –Менинг туям ўлди! – деб юборди. –Шоҳим, “ўлди” деб сиз айтдингиз. Бу доно сўзлар султонни ҳам кулдириб, ҳам ўйлашга мажбур қилди. Ушбу ҳикояда бўлгани каби “сўз усталари” ҳар доим бўлади. Фасоҳатли одамлар сўзларни ўз вақтида ва ўз ўрнида суҳбатдошлар қалбига қараб етказа биладиган одамлардир. Бунинг учун кўп меҳнат, куч, ақл ва адабий билимдонлик, шунингдек салоҳият керак бўлади. Ҳақиқатни гапириш ҳам муҳимдир. Ҳикматли сўзларда: “Бошинга қилич келса ҳам рост гапир” дейилади. Қиёмат куни эса киши айтган ҳар бир сўзи учун ҳисоб беради. Тушуниш ва маданият даражасига қараб ҳар бир сўз турли хил маъноларга эга бўлиши мумкин. Шунинг учун тингловчи билан унинг ақли даражасида гаплашиш жуда муҳимдир. Ҳар бир айтилаётган сўз ўқ кабидир. Сўзловчи айтаётган сўзини аввал яхши мулоҳаза қилиб, ундан гайин гапиришга шайланиши лозим. Ўқ яраси битиб кетар, сўзлар билан очилган яра умр бўйи ёпилмайди. Баъзан беҳосдан, баъзан бировни қасддан хафа қилиш учун гапирамиз. Суҳбатдошимизни ранжитганимиздан хурсанд бўламиз. Ёмон ва хунук сўзлар чексиз душманлик, ҳаётга нафратни келтириб чиқариши мумкин. Мўминнинг қалбига тикан қўйиш иймонли кишини мамнун қилмаслиги керак. Бундай ҳолда, ўзимиз билмасак-да, жонимиз қон йиғлаётган бўлади. Албатта, чиройли гапириш, маънили ва ширин сўзлаш улкан юракни талаб қилади. Бундай юрак Аллоҳ томонидан берилган инъом саналади. “Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Улар учун мағфират сўра ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккул қил. Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир” (Оли Имрон, 159). Сўзнинг ахлоқий қадриятларини қабул қилган кишининг дўстлиги юрагимизда илдиз отишда давом этади. Бизнинг юрагимиз доимо бу одамни қидиради. Бу ҳам бўлса, гапириш одобига амал қилишнинг бир самарасидир. Аллоҳ барчаларимизни ширинсўз бандалари қаторида айласин. “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси Олимов Жалолиддин