Мўъжизанинг нархи

0
306

Олти ёшли қиз ётоқхонасига кириб, шкафига яшириб қўйган хамёнини олди, кейин уни бўшатди. Сўнгги ҳафталар давомида тўпланган пулларни синчковлик билан ҳисоблади. Уларни икки-уч бор санади, ичида пичирлаб: “Бу аниқ етарли. Ҳеч қандай хато қилишга ўрин йўқ”, деди. Диққат-эътибор билан пулларни ҳамёнга қайтариб, кийиниб олди-да, орқа эшикдан чиқиб уйидан унча узоқ бўлмаган дорихона томон йўл олди.

Дори сотувчи жуда банд, қиз эса сабр билан кутарди. Эътиборини бефойда нарсаларга қаратишга ҳаракат қилди. У кутавериб тушкунликка тушди. Чорак долларлик қиймати бўлган тангани дори сотувчининг орқасидаги столнинг устига ташлади.

Шундагина дори сотувчи унга эътибор берди ва норози оҳангда: “Эй қизча! Нима истайсан? Мен узоқ вақт давомида кўрмаган Чикагодаги акам билан гаплашяпман”, деди.

Қизча ўз навбатида унинг хатти-ҳаракатларидан ғазабланганини кўрсатиб, кескин жавоб берди: “Менинг акам оғир касал ва у (мўъжиза) деб номланган дори-дармонга муҳтож ва мен унга бу дорини сотиб олишни хоҳлайман”.

Дори сотувчи унга таажжуб билан: “Кечирасиз, нима дедингиз?” деди.

У жиддийлик билан гапини давом эттириб: “Акам Абдулло жуда оғир аҳволда. Отамнинг айтишича, акамнинг бошида ўсимта бор, уни фақат мўъжиза билан қутқариш мумкин. Мени тушуняпсизми? Ўша мўъжизанинг нархи қанча? Илтимос, дарҳол менга ёрдам беринг!” деди.

Дори сотувчи энди юмшоқроқ оҳангда жавоб берди: “Кечирасиз, мен дорихонада мўъжиза сотмайман”.

Қизча унга зудлик билан жавоб берди: “Яхшилаб қулоқ солинг, менда дори сотиб олиш учун пул бор, шунчаки унинг қанча эканини айтиб беринг”.

Дори сотувчининг акаси суҳбатни тинглаётган эди ва у қизчанинг олдига келиб сўради: “Абдулло қандай мўъжизага муҳтож?”.

Қиз унга кўзларини юмиб жавоб берди: “Билмайман, лекин акам ҳақиқатан ҳам оғир касал, онам унга жарроҳлик муолажаси кераклигини айтди, аммо отам унга бу жараённи қоплайдиган пул йўқлигини тушунтирди, шунинг учун мен пулимни ишлатишга қарор қилдим”.

Ҳалиги одам қизчага: “Қизча, қанча пулингиз бор?” деди.

У: “Бир доллар ўн бир цент. Агар керак бўлса, кўпроқ тўплашим мумкин”, деб жавоб берди.

Дори сотувчининг акаси қизчага табассум билан: “Бу қандай тасодиф! Бир доллар ва ўн бир цент. Бу сизнинг акангизга мўъжиза нархи учун аниқ миқдор”, деб жавоб берди.

Кейин у қизчанинг бир қўлидан пулини олиб, иккинчи қўли билан унинг кичкина қўлидан ушлаб, ота-онаси билан юзма-юз кўришиш учун уйига олиб боришини сўради, унга: “Мен ҳам акангни кўришни хоҳлайман”, деди.

Бу одам таниқли нейрохирург эди.

Доктор жарроҳликни бепул ўтказди. Амалиёт муваффақиятли бўлди. Шундан кейин Абдуллоҳ бутунлай тузалиб кетди. Бир неча кундан сўнг уйда воқеалар кетма-кетлиги тўғрисида суҳбат бўлди. Доктор жарроҳликнинг муваффақияти ўтгани, Абдуллоҳ аввалги яхши ҳолатига қайтгани ҳақида гаплашишар эди. Қизча эса бахтиёр. Суҳбат давомида она: “Ҳақиқатан ҳам бу мўъжиза!” деди. Кейин у қизидан: “Бу жарроҳлик қанчага тушди?” деб сўради.

Қиз мўъжиза атиги бир доллар ва ўн бир центга тушганини билдирди. Лабларида табассум билан давом этди: “Бошқаларнинг муҳаббати ҳам рост ва чин юракдан бўлса, у мўъжиза бўлади ва бу жуда қимматга тушмайди”, деди.

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти

ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари

Р.Маҳмудов

“Ҳаёт менга ўргатган қиссалар”

китобидан таржима қилди

Load More In MAQOLALAR