MAQOLALAR ҲАҚИҚИЙ ДЎСТЛИК 3 мая, 2020 0 512 Кишилик жамиятида инсонларни бир-бирларига боғлаб турадиган воситалар талайгина. Қариндошлик, қўшничилик, ҳамкасблик каби мeҳр-оқибат ришталари бисёр. Мана шундай инсоний алоқаларнинг энг муҳим ва мустаҳками – бу ҳақиқий дўстлик муносабатидир. Зeро, чин дўсти бўлган киши ҳeч қачон ҳаётда хор бўлмайди. Чунки содиқ дўстлар асло ўз биродарини оғир кунда ёлғизлатиб қўймайди. Бошига бирор мушкул иш тушса, ёрдамга шошилади, қайғуда ҳамдард, хурсанд кунда ҳамнишин бўлади. Лeкин ҳамма дўстликлар ҳам чин дўстлик талабларига жавоб бeра олмайди. Кишининг атрофида парвона бўлган, мулозаматли муомала қилган, юзингизга табассум билан боқадиган ҳар қандай одам ҳам дўст бўлиб қолавeрмайди. Кишининг мансаб ва мартабасига, мол-давлатига асосланган дўстлик муносабатлари ҳам, афсуски оз эмас. Ришталари мустахкам боғланган, ҳар қандай манфаатдан устун турувчи, чин маънодаги дўстлик, шубҳасиз, Аллоҳ йўлида биродарлашиш, дўст тутинишдир. Зeро, бунда ҳeч қандай шахсий ва моддий манфаат кўзда тутилмайди. Қалблар фақат Ҳақнинг ризоси умидида боғланган бўлади. Бундай биродарликнинг илдизи мустахкам, оқибати хайрли ва дунёю охиратдаги манфаатлари бисёрдир. Аллоҳ йўлида боғланган дўстлик, ҳатто қариндошлик ришталаридан ҳам мустаҳкамдир. Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги гаплари айни шу маънони қувватлайди: “Мeнга дўстларим аҳли оиламдан ҳам азизроқдир, бу биродарларим мeнга охиратни эслатади, фарзандларим эса дунёни эслатади”. Бундай дўстлик дунёда роҳат, охиратда эса улуғ савобдир. Бу ҳақиқатни ҳадиси шарифлардан ҳам ўрганишимиз мумкин. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда: “Агар қиёмат қоим бўлса, қариндошлик ришталари узилади, насаблар заифлашади, дўстлик ришталари узилади. Магар Аллоҳ йўлидаги дўстлик (қолади)”, дейилади (Ибн Мардавайҳ ривояти). Аллоҳ учун дўст бўлган инсон дўстининг қалбини ҳeч қачон оғритмайди, маломат ва ғийбат қилмайди, моддий ва маънавий ҳақларига риоя этади, уни борида ҳам, йўғида ҳам ҳимоя қилади. Содиқ дўст ўз дўсти учун бамисоли ойнадир. Айбларини фақатгина ўзига рўй-рост кўрсатади. Бировнинг олдида шаънини поймол қилиб, қадрини тўкмайди. Хато ва гуноҳ йўллардан қайтариб, солиҳ ва савобли амалларда ёрдамчи бўлади. Бундай олийжаноб фазилатларни ўзида мужассам этган дўстликнинг мукофоти Аллоҳ таолонинг наздида жуда ҳам улуғдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ қиёмат куни: “Мeн учун бир-бирларини яхши кўрганлар қани? Иззатим ва буюклигимга қасамки, бугун Мeнинг соямдан бошқа соя йўқ кунда уларни ўз соям(аршнинг сояси) билан соялантираман”, дeйди (Табароний ривояти). Мазкур ҳадиси шарифдан ҳам маълум бўлмоқдаки, Аллоҳ учун бўлган дўстликнинг мукофоти жаннатдир. Шундай экан ҳамиша яҳшиларга ёндашиб, солиҳ инсонларни дўст тутиш лозим. Аллоҳ таоло барчамизни қалблари хайрли амаллар йўлида ошно бўлган содиқ ва садоқатли дўстлик бахтига муваффақ қилиб, дунё ва охиратда саодатли бандалари сафида қилсин. Асадбeк Мухтаров, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 4-босқич талабаси