ИМОМ ТАБАРИЙ – ТАФСИР ИЛМИНИНГ ОТАСИ

0
372

Биз мусулмонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўз элчиси Муҳаммад алайҳиссалом орқали юборган каломини ўқиб, сўнг унга амал қилишимиз лозим ва лобудлигини биламиз. Чунки Қуръони каримни тиловат қилиш бир ибодат бўлса, унинг маъноларини тушуниб, тафаккур қилиш, буюрилган амрларни бажариб, қайтариқларлардан ўзимизни сақлашимиз эса бошқа бир ибодат. Шундай экан Қуръони карим маъноларини яхши англаб, уни тафаккур ва тадаббур қилиб, шу асосда ҳаёт кечиришимиз дунё-ю охиратда биз учун бахт-саодат калити бўлади. Қуръони карим тафсирини мутолаа қилиш инсонни ҳидоятга бошлайди. Кўплаб фойдали билим ва маърифат касб эттиради. Араб тилида ёзилган ана шундай услуби гўзал, қадимий ва ишончли тафсир китобларидан бири бу имом Табарийнинг тафсири ҳисобланади. “Тафсири табарий” номи билан шуҳрат қозонган «Жомеъул-баён фий таъвилил-Қуръон» номли ушбу бебаҳо китоб баъзи тадқиқотчилар наздида маъсур тафсир йўналишида ёзилган илк мукаммал асар саналади. Мазкур асар унда саҳиҳ ёки заифлик жиҳатидан турли хил даражадаги ҳадислар ва ҳатто исроилиёт ривоятлари учрашига қарамай ўзида кўплаб фойдали маълумотларни жамлаган.

Муаллиф матнларни ортиқча жимжимадорликсиз, такаллуфларсиз, содда, соф ва равон араб тилида тузган-ки, уни ўқиган сари ўқувчи араб тилининг жозибадорлиги, гўзаллиги ва турли ифодаларга бойлигига гувоҳ бўлади. Натижада ўқувчи ҳам Қуръони карим маъноларини ўрганади, ҳам соф араб тилининг табиати унинг ботиний ақлидан жой олади.

Муфассир аввал ояти каримани келтириб, унга умумий маъно беради. Сўнгра бирор-бир саҳобий ёки тобеиндан нақл қилинган, ояти кариманинг тафсирига алоқадор бўлган ривоятларни санадлари билан келтиради. Муайян оятларнинг ўқилиш тартиби борасида ворид бўлган турли хил қироат услубларини зикр қилади ва улардан бирининг тўғрилигига ишора қилиб ўтади. Оят мазмуни ёхуд сабаби нузулига тааллуқли бўлган ҳадиси шарифларни ҳам санадлари билан зикр қилади. Оятлардан олинадиган фиқҳий ҳукмларга ҳам тўхталиб ўтади. Баъзи ўринларда эътиқодий масалалар борасида ҳам тўхталиб, бидъат аҳлига, адашган тоифаларга раддиялар беради.

Тафсир илми ривожига улкан ҳисса қўшган имом Табарийнинг уламолар томонидан “Тафсир отаси”, “Тарих отаси” дея таърифланиши ҳам бежиз эмас.

 

Зоҳиджон Ҳурбоев,

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти

4-босқич талабаси

Load More In MAQOLALAR