MAQOLALAR Лайлатул қадрнинг қадри бўлакча! 18 мая, 2020 0 291 Саодат асри. Маккаи мукаррама. Одатдагидек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан суҳбат қуриб ўтирган эдилар. Уларга ўтган умматларнинг ибратли ҳаётларидан намуналарни сўзлаб берардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани исроиллик бир киши Аллоҳ йўлида минг ой жанг қилгани ҳақида зикр қилдилар. Саҳобалар жуда ҳайратланишди. Шу билан бирга, ўзларининг умрлари бунчалик савобли амалларни бажаришга етармикан, деб қайғуришди ҳам. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга тасалли ўлароқ бир сура нозил қилинди. У “Қадр” сураси эди. Бу сурада қадр кечасининг фазилатлари баён қилингани маълум. Мазкур сурадан ташқари Қуръони каримдаги “Духон” сурасининг аввалги оятлари ҳам кечанинг фазилатларини баён қилади. Қадр кечасида Қуръон нозил қилингани, бу тунда Аллоҳ таоло бандаларнинг бир йиллик тақдирлари, ризқлари, ажалларини белгилаши, ерга Жаброил алайҳис салом бошчилигидаги фаришталар тушишлари, ушбу кечада қилинган ибодат минг ой давомида қилинган ибодатдан яхшироқ экани мазкур кечанинг қадри қанчалар улуғ эканини кўрсатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кеча, Рамазон ойининг қайси кечаси эканини аниқ айтмадилар. Бунинг ҳикмати – инсонлар бу кунда қилган амалларига суяниб қолмасликлари, бундан бошқа кунларда ҳам ибодатга ҳарис бўлишлари учундир, балки. Лекин умматларга раҳмат ўлароқ қадр кечасининг Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эканини марҳамат қилганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан қидиринглар” – дедилар. Имом Бухорий ривояти. Ислом шариатида Қадр кечасига хос ҳукмлар бўлиб, улардан баъзиларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ: — қадр кечаси фақат уммати Муҳаммадий соллаллоҳу алайҳи васалламга хос. Аввалги умматларга бундай неъмат берилмаган. — қадр кечаси қиёматга қадар боқийдир. Баъзилар Қадр кечаси тунлар орасидан кўтарилган деб айтишади. Бу нотўғри бўлиб, қуйидаги ривоят бунга далилдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: “Улар айтишича, Қадр кечаси кўтарилган экан”, дейилди. Шунда у киши: “Ким буни айтган бўлса, ёлғон айтибди” – деди”. — тунги ибодатлар шом намозидан кейин бошланиб, то бомдод вақти киргунига қадар давом этади; — қадр кечасида хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиш, қилинадиган энг муҳим ишлардан бири ҳисобланади; — бу тунда ўқиладиган махсус намоз йўқ. Маълум номдаги нафл намоз борлиги тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Умумий нафл намозлар ўқилаверади. Баъзи уламоларимиз қазо намозлари кўп бўлган киши нафл намозлардан кўра (суннати муаккада намозлар бундан мустасно) қазо намозларини ўқиши лозимлигини айтишган. Муҳими мазкур тунни бедор ўтказиш ҳисобланади; — қадр кечасида “Аллоҳумма, иннака афуввун кариймун, туҳиббул афва фаъфу анний”, деб дуо қилинади; Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Қадр кечаси қайси тунда эканини билсам, қайси дуони ўқийман?” деб сўрадим. У зот: “Аллоҳумма, иннака афуввун кариймун, туҳиббул афва фаъфу анний дегин” – дедилар”. Бундан бошқа вақтларда ҳам бу дуони қилиш савобли амаллардандир. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Аллоҳ таоло биз умматларга неъматларини зиёда қилиб берган. Ана шундай неъматлардан бири бўлмиш Қадр кечасини топишни, бу кечани Қуръон тиловатлари, нафл намозлар билан ўтказиб, Қадр кечасининг фазилатларига эга бўлишимизни насиб айласин. Бу кеча ўз номи билан “Қадр”дир. Яъни бу кеча биз учун жуда қадрли! Аллоҳ таоло ушбу кечани мукаррам қилиб қўйди. Биздан талаб қилинадиган нарса бу кечани қадрига етиб, солиҳ амалларимиз билан Аллоҳга янада яқин бўлиб олишдир! “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдувоҳидов Абдуллоҳ