MAQOLALAR АҲЛИ ҲАДИС ВА АҲЛИ РАЙЛАР — 2 қисм 9 декабря, 2022 0 211 Ибн Қутайба раҳимаҳуллоҳ эса «ал-Маориф» номли китобида бир боб ажратиб унда аҳли рай олимларни қатор санаб ўтган. Уларнинг ичида Ибн Абу Лайло, Имом Абу Ҳанифа, Рабиъа ар-Рай, Зуфар, Авзаъий, Суфёни Саврий, Молик ибн Анас, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳумуллоҳларни келтириб ўтган (Ибн Қутайба. ал-Маориф. Б: 494-500). Ҳофиз Абулвалид ал-Фарозий раҳимаҳуллоҳ баъзи моликий фақиҳларни шу ном билан тилга олган. Масалан у Аҳмад ибн Ҳилол ибн Зайд Аттор ҳақида шундай деган: «Моликий мазҳабида шартлар ҳофизи ва райда даҳо эди» (Тарихи уламои Андалус. Боб Аҳмад. 1/59). Юқоридагилар ойдинлашадики, «аҳли рай» номи илгари ҳанафийлардан бошқа мазҳаб фақиҳларига ҳам қўлланган. Лекин ҳанафий фуқаҳолари ичида жузъий масалалар кенг ўрганилганидан бу лақаб худди ҳанафийларга хосдек тус олган холос. Ундан ташқари, ҳанафий мазҳабини чуқур ўрганмаган айримлар назарида баъзи ҳанафий мазҳабидаги масалалар ҳадислар зоҳирига мухолиф деб кўрилган. Ҳолбуки уларнинг ўзлари айни ўша масалаларда ҳанафийлар суянган ҳадисларни билишмайди ва ҳанафийларни шу масалаларда фақат райга асосланган, ҳадис уларга етиб бормаган деб ҳаёл қилишади. Худди шундай фикрловчилар орасида ҳам ҳанафийлар «аҳли рай» деб машҳур бўлган. Табиийки улардан кимлардир таъсирланган ва ўша хато фикрни қабул қилиб олишган. Булар ҳам ҳанафийларни «аҳли рай» деб танқид остига олишади. Бу мавзуда энг ҳақ гапни ҳанбалий мазҳабига мансуб Сулаймон ибн Абдулқавий Тувфий раҳимаҳуллоҳ «Шарҳу Мухтасару равда»да айтган: «Шуни яхши билингки, «Рай соҳиблари» атамаси изофий нуқтаи назардан шаръий аҳкомларда ақлни ишга солган ҳар бир кишига айтилади. Бу атама жамики ислом уламоларини ўз ичига олади. Чунки мужтаҳидлар ўз ижтиҳодида ақл ва мантиқни ишга солмай иложлари йўқ. Гарчи сиҳҳатида низо бўлмаган бирор манбани таҳқиқ қилишда бўлса ҳам. Аммо атоқ нуқтаи назаридан олсак бу атама салафи солиҳлар урфида хусусан ироқликларнинг номи бўлган. Яъни, Куфа аҳлидан Абу Ҳанифа ва унинг асҳобларига». Сулаймон ибн Абдулқавий шу гапдан кейин ҳанафийлар баъзи ҳадисларнинг зоҳирини нега олмаганлари ва уларга кимлар тарафдан таъна тошлари отилганини зикр қилиб ўтган. Кейин айтганки. «Баъзи салафлар Абу Ҳанифага жуда қаттиқ таъна қилишди, уларни бу ерда зикр қилиш ҳам тўғри келмайди. Аллоҳ таоло Абу Ҳанифани улар айтган айблардан пок қилган. Бу мавзуда гапнинг қисқаси шуки, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бирорта ҳам суннатга қасддан ва қатъан хилоф қилмаган. Хилоф қилган жойларида ҳам очиқ-равшан ҳужжат ва кучли далиллар асосида ижтиҳод билан хилоф қилган холос. Унинг ҳужжатлари эса одамлар орасида йўқолиб кетгани йўқ. Ҳаммаси турибди. Унинг мухолифлари инсофсизлик қилишган. Имом Абу Ҳанифа хато қилган тақдирда битта, тўғри топганда эса иккита ажр олади. Унаг таъна тоши отганлар эса ё ҳасадчи ё ижтиҳод нималигини билмайдиган саводсизлардир. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдан Имом Абу Ҳанифа ҳақида билдирилган охирги саҳиҳ фикр ижобий бўлган. Уни мақтаб гапирган. Бу ҳақда ҳанбалий биродарларимиздан Абулварад «Усули дин» китобида эслаб ўтган. Валоҳу аълам биссавоб». (Шарҳу Мухтасару ровда. 3/289) Муфти Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ. «Усул ал-ифта ва адабуҳ». Б: 68-72. Билим юрти мударриси Б.Тожибоевнинг ““Салафий”ларга илмий раддиялар” китобидан Билим юрти матбуот хизмати.