MAQOLALAR Hadisga hurmat haqida 16 мая, 2023 0 246 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Оламларга раҳмат бўлмиш зот – Расули акрам ва Ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир ҳадислари, иршодлари, кўрсатмалари Ислом умматининг ҳар бир жамоаси, тоифаси, фирқалари ва мазҳаблари томонидан ҳурмат билан қабул қилинган. Уламолар, мужтаҳидлар уларни тушунишга, амалиётга жорий қилишга бор имкониятлари солиб, ҳаракат қилиб келганлар. Ҳар бир макон ва замоннинг мусулмонлари ўз уламоларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтирган сўзларини қабул қилишга одатланганлар. Ҳадиси шарифни ёки ундаги ҳукмни инкор қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ким бўлишидан қатъий назар, унинг фикрини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисига қарши айтиш айб ҳисобланган. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига ҳақиқий маънода қарши чиқиш куфрдир. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига юзаки, оғзаки тарзда, суратан қарши чиқилса, бу қабоҳатдир. Ҳадис айтилганда, бирданига қўпол равишда қарши чиқиш асло мумкин эмас. Гарчи муайян ҳадис саҳиҳ мақсад ва тўғри қараш ила тарк қилинаётган бўлса ҳам, ҳурмати юқори қўйилиши шарт. Имом Бухорий ҳазратлари, агар ҳадис айтмоқчи бўлсалар, албатта алоҳида таҳорат олганлар. Чунки, Аллоҳ таоло Нажм сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиқадиган сўзнинг қадрини кўрсатиб шундай марҳамат қилади: «У ҳаводан нутқ қилмас» (Нажм 4-оят) Ибн Абу Увайс айтади: «Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис айтмоқчи бўлсалар, яхшилаб таҳорат олиб, сўнг жойларига ўтирар, соқолларини тарар эдилар. Виқор ва ҳайбат билан ўтирган ҳолда ҳадис айтар эдилар. Бунинг сабабини сўрашган эди, шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман. У зотнинг ҳадисларини фақат янги таҳорат олиб, ўтирган ҳолда айтаман». Ҳофиз Силафий раҳимаҳуллоҳ, 576 йилда ҳижрий йилда вафот этди. Бу олим зот ҳадислар излаб Озарбайжон ва Дарбандгача етиб борган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтиб бериш учун ўтирганида, одоби шундай намоён бўлардики: тупурмас, сув ичмас, яқин атрофда ўтирган одамлар кўра олмайдиган даражада оёқларини беркитиб оларди. Муҳаддис Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, саҳоба Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир. Ҳаё фақат яхшилик келтиради», деган ҳадисни айтган. Шунда яна бир саҳоба Башир ибн Каъб розияллоҳу анҳу: «Мен баъзи китобларда ва айрим ҳикматларда ҳаёда Аллоҳ учун аниқ виқор ва сакина бор эканлигини кўрганман. Сизнинг у ҳадисингиз эса заиф бўлса керак» дейди. Унинг бу гапидан саҳоба Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабланиб кетади, икки кўзи қизариб, жаҳли чиқади ва: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисини айтсам, сен унга муораза қилиб, қарши чиқасанми?!», дейди. Саҳоба Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ҳадисни яна қайтаради. Башир ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳам гапдан қолмай, ўз гапини такрор айтади. Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу баттар ғазабланади. Шунда Башир ибн Каъб розияллоҳу анҳу Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг нима учун ғазабланаётганининг асл сабабини билиб қолади ва: «Биз бунақа-да тортишаверамиз, эй, Абу Нужайд (Имрон), мен сиз тарафдаман, ҳечқиси йўқ!», деб уни тинчлантиради. Имом Дорақутний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, саҳоба Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Ухлаб турганингизда қўлларингизни уч марта ювинг, чунки, ҳеч ким қўли қаерда ётганини билмайди», деган маънодаги ҳадисни айтганида бир кимса: «Ҳовуз бўлса, нима қилади?» деган кинояли савол беради. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар десам, ҳовуз бўлса, нима қилади, дейсанми?», деб ғазабланган экан. Саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал розияллоҳу анҳу жияни билан бирга ўтирганида, у тирик жонзотни нишон қилиб ота бошлайди. Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал розияллоҳу анҳу унга бундай қилмасликни, чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтарганларини айтади. Шунда жиян бу қайтариққа эътибор бермасдан ўз ишини давом қилдира бошлайди. Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал розияллоҳу анҳу яна гапини такрорлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини айтади. Жиян яна ота бошлайди. Шунда Абдуллоҳ ибн ал-Муғаффал розияллоҳу анҳу унга: «Сен билан абадий гаплашмайман!», деб қасам ичади ва бу қасамига умрбод содиқ қолади. Ушбу ривоятни Ибн Можжа раҳимаҳуллоҳ ўз ҳадис тўпламида келтирган. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, тобеъинлардан Вакиъ раҳимаҳуллоҳ: «Ҳажга олиб борилаётган қурбонлик жониворларига белги осиш суннатдир» дейди. Шунда бир кимса: «Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ бу белгини жониворнинг бирор жойини кесиб қўйиш билан бўлади, деган» деб қўшимча қилади. Вакиъ раҳимаҳуллоҳ: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар, десам, сен Иброҳим ан-Нахаъий бундай деган деб турибсан?!» деб қаттиқ ғазабланадилар. Сўнг: «Сен ушбу гапинг учун то бу гапингни қайтиб олмагунингча ҳибсга солиб қўйсам, бўларкан» дейди. Юқоридаги ривоятлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари айтилган вақтда, бирор нарса суннат деб тилга олинганида, унга ҳурмат бажо келтириш, суннатлигини тан олиш керак бўлади. Агар ҳадислар ҳукми эшитувчининг фиқҳий мазҳабига тўғри келмаса, унда бу айтилган ҳадисни бошқа мазҳаб қабул қилган, дейиш керак бўлади. www.ahlisunna.uz интернет сайтидаги маълумотлардан фойдаланилди. «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти 4 босқич талабаси Салимов Нурмуҳаммад.