MAQOLALAR Омонат тўғриликнинг бир туридир 29 мая, 2023 0 149 Омонат тўғриликнинг бир туридир. Омонатдан мақсад ишончли киши бўлишдир. У инсондаги энг юксак сифатлардан ҳисобланади. У тўғри ва соғлом жамият қойим бўладиган ва хайрли ишларни юзага келтирувчи кучли асослардан биридир. Ислом таълимотида омонат мўминнинг сифатларидан бири деб эътироф қилинади: «Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) ахд-паймонларига риоя этувчидирлар» (Мўминун, 8). Ўз навбатида мазкур сифат жуда нозик ва инсон зиммасидаги ўта оғир ва масъулиятли вазифалардан биридир. Шу билан бирга омонатнинг йўқолиши ҳадисларда қиёматнинг аломатларидан бири экани таъкидланган: «Қачон омонат зое булса, қиёматни кутавер». Ҳусайн Воиз Кошифий «Ахлоқи Муҳсиний»нинг «Омонат ва диёнат баёни»да куйидаги фикрларни зикр этган: «Дин уламолари ва аҳли урафолари айтишича омонат яхши сифатлар аро рукни аъзамдур. Диёнат халқнинг илдизидир. Иймон омонат билан мукаммал бўлади «Ла имана ли-ман ла аманата лаҳу» (яъни, «Омонатга хиёнат қиладиган кишида иймон йўқ»). Шариат қоидаси диёнатни сақлаш билан тартиб топади. Қитъа: Шаръики, қарор олди сиёнат узра Дин қоидасин қўйди диёнат узра Кўнгилда агар бўлса амонатдин асар Етмас дўзах ўтидин ҳеч зарар. Ҳар иш чеҳрасиға тафаккур назари билан боқсанг ва сабр кўзи билан хар кўрган ва эшитган нарсага карасанг, биласанки, унинг бир хадди омонатга ва бир хадди хиёнатга боғликдир». Шундай бўлгач, киши бирор ишда омонат сақламаса, хиёнат қилган бўлади. Ҳар бир нарсани Аллоҳ таоло бандага берибди, у унда омонатдир. Масалан, кўз шундай омонатки, унинг билан қудрати илоҳий нарсаларга қарасинлар. Қулок омонати шуки, у билан Аллох каломини ва Расулуллоҳ ҳадисларини ва аҳлиллоҳ насиҳатини эшитсннлар. Тил шундай омонатки, у билан Ҳақ таоло зикрини айтсинлар. Қўл омонати шуки, у билан халойиққа фойда келтирсин. Қолганлари шунга қиёс Мабодо киши кўзини харом нарсага қаратса қулоғини ношойиста сўзларга солса, тилини ёлғон бўҳтонга ишлатса, қўлини мусулмонлар озорига узатса Аллох таолонинг омонатига хиёнат қилган бўлади Наҳий Раббонийнинг. «Ё аййуҳал-лазина аману ла тахунуллоха» |«Эй, имон келтирганлар! Аллохга ва Расулга (буйрукларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат килмангиз!» (Анфол, 27) сўзига қулоқ солмаган бўлади. «Саййид Мухйиддин Махдум» талабаси — Муминов Мансурбек