«ФИҚҲИ АКБАР» КИТОБИ (давоми)

0
318

Аллоҳ таоло тик турган кишини тиккалик ҳолатини қандай билса, у ўтиргач, ўтирган ҳолатини ҳам шундай билиб турур. Лекин бу билан Унинг илми ўзгариб қолмайди ёки янги илм пайдо бўлиб қолмайди. Ўзгариш ва турланиш махлуқот ва мавжудотларда содир бўлур.

Аллоҳ таоло инсонларни яратганда куфр ва имондан холи қилиб яратган. Сўнгра уларни хитоб қилиб, баъзи нарсаларга буюрган, баъзи нарсалардан қайтарган. Шулардан кейин кимки куфрни танлаган бўлса, демак, у ўз ихтиёри билан ҳақиқатни инкор этгач, Аллоҳ толонинг тавфиқидан маҳрум ҳолда куфрни танлаган бўлур. Шунингдек, кимки имонни танлаган бўлса, у ҳам ўз ихтиёри, иқтидори, тасдиғи ва Аллоҳнинг тавфиқи ҳамда ёрдами билан имон келтирган бўлур. Одам алайҳиссаломнинг пушти камарларидан қиёматгача дунёга келадиган зурриётларни майда заррачалар шаклида чиқариб, уларга ақл ато этди ва уларга хитоб қилиб, ўз тоатига буюрди, маъсиятидан қайтарди. Улар Аллоҳни Раббимиз деб иқрор этдилар. Бу уларнинг имони деб саналди. Бас, ҳар бир туғилган инсон авлоди шу фитрат (табиат) билан дунёга келур.

Шундан кейин кимки куфрга кетган бўлса, демак, у мазкур имонни ўзгартирган бўлур. Ҳар ким имон келтириб, тасдиқ этган бўлса, демак, у барқарор қолибдур ва давом этибдур. Аллоҳ таоло ҳеч кимни куфрга ҳам, имонга ҳам мажбур этмагай. Шунингдек, ҳеч кимни мўъмин ёки кофир қилиб яратмагай. Балки инсонларнинг ҳар бирини мустақил шахс сифатида яратган. Имон билан куфр бандаларнинг ишидир. Аллоҳ таоло куфрга кетган кишини ўша пайтнинг ўзида кофир деб билади. Качонки, у шундан кейин яна имон келтирса, ўша пайтнинг ўзида уни мўъмин деб билади ва дўст тутади. Лекин унинг илми ҳам, сифати ҳам ўзгармаган бўлур.

Бандаларнинг ҳаракат ва сукунатларидан тортиб барча феъллари ҳақиқатан уларнинг касб ва фаолиятлари ҳисобланади, лекин уларни Аллоҳ яратади. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши, илми, қазоси ва қадари билан юзага келади. Тоат ва савобли ишлар Аллоҳнинг амри, муҳаббати, ризоси, илми, хоҳиши, қазоси ва тақдири билан амалга оширилур. Тоатсизлик ва гуноҳ ишлар эса, Аллоҳнинг илми, қазоси, тақдири ва хоҳиши билан амалга оширилса-да, Унинг муҳаббати, ризоси ва амри билан эмасдир. Пайғамбарларнинг барчалари кичик ва катта гуноҳлардан, куфр ва қабиҳ ишлардан покдир. Магар улардан баъзи саҳву хатоликлар содир бўлгани рост. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳабиби, бандаси, расули, набийси, сафий ва нақийсидирким, зинҳор санамларга сиғинмаганлар, бир лаҳза ҳам Аллоҳга ширк келтирмаганлар ва асло кичик ва катта гуноҳга қўл урмаганлар.

Пайғамбарлардан кейин одамларнинг энг афзали — Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн Хаттоб, сўнгра Усмон ибн Аффон, сўнгра Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳумдирлар. Улар ҳақ узра яшаб, ҳақ билан бирга ўтганлар. Уларнинг ҳаммасини дўст тутамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ҳеч бирига ёмонликни нисбат бермаймиз, балки яхшилик билан ёд этурмиз. Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўъмин деб атайверамиз, уни фосиқ мўъмин деб аташ мумкин, фақат кофир эмас.

Маҳсига масҳ тортиш — суннат. Рамазон ойи кечаларида ўқиладиган таровеҳ намози — суннат. Ҳар қандай солиҳ ва фожир мўминга иқтидо қилиб намоз ўқиш жоиз. Мўъмин кишининг килган гуноҳлари унга зарар қилмайди демаймиз. Яна уни дўзахга киритмайди ҳам демаймиз. Лекин у ерда абадий қолдиради ҳам демаймиз, ҳатто, у фосиқ бўлган тақдирда ҳам.

Аммо дунёдан имонли кетган бўлиши шарт. Барча савобли ишларимиз қабул қилинур ёки гуноҳларимиз кечирилур ҳам демаймиз. Лекин айтамизки, ҳар ким қайси бир савобли ишни барча шарт-шароити билан уни бузибқўядиган айблардан холи ҳолда адо этган бўлса ҳамда дунёдан шу тарзда ўтган бўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг эзгу ишини зое кетказмайди. Балки уни қабул этади ва шунга яраша савоб ёзади. Ширк ва куфрдан бошқа гуноҳларни қилган ва тавба қилмай туриб дунёдан мўъмин ҳолда ўтган кишининг иши Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола — хоҳласа жазо беради, хоҳласа афв этиб, асло дўзах азобига дучор этмайди. Риёкорлик ва манманлик билан қилинган ҳар бир хайрли ишнинг савоби бекор қилинур.

Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ва авлиёларга ато этилган кароматлар ҳақ ва ростдир.   Аммо   ахборларда   ривоят   этилган   Иблис,   Фиръавн,   Дажжол   каби   Аллоҳнинг душманларига берилган ва бериладиган ғайри табиий имкониятлар мўъжиза ҳам эмас, каромат ҳам дейилмайди, балки уларнинг ҳожатларини раво этиш деб саналади. Зеро, Аллоҳ таоло ўз душманларига уқубат сабаби бўлсин деб уларни ўз майлларига қўйиб беради ва ҳожатларини ҳам (вақтинча) раво этиб туради. Улар бундан мағрурланиб, тажовузкорлик ва куфрда давом этадилар. Буларнинг ҳаммаси жоиз ва мумкин ишлардандир.

Аллоҳ таоло махлуқотларни яратмасидан олдин яратувчи эди. Ризқ бермай туриб ҳам розиқ эди. Аллоҳ таоло охиратда кўринади. Мўъминлар Уни жаннатда ўз кўзлари билан ташбеҳсиз, кайфиятсиз (бирор ҳолатсиз), кўрувчи билан Унинг ўртасида масофа бўлмаган ҳолда кўрурлар.

Имон — бу иқрор ва тасдиқдан иборатдир. Осмонлару Ер аҳлининг имонлари имон келтирувчи нарсалар жиҳатидан кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Аммо ишонч ва тасдиқ жиҳатидан озайиб-кўпайиб туради. Мўъминлар имонда, тавҳидда, ўзаро тенгдирлар, аммо амалда бир-бирларидан ортиқ-камдирлар.

Ислом — бу Аллоҳнинг буйруқларига таслим ва итоат этишдир. Имон билан Ислом ўртасида луғавий жиҳатдан фарқ бўлса-да, лекин исломсиз имон, имонсиз ислом бўлмас. Уларнинг иккиси астар билан авра ёки ич билан таш кабидир. Дин эса имон, ислом ва шариат аҳкомларининг йиғиндисидир.

  • «ФИҚҲИ АКБАР» КИТОБИ

    Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила   Ҳамду сано ул Холиқи доногаким, бизларни ақлу нут…
  • Таровеҳ неча ракат?

    Абу Салама ибн Абдурраҳмон Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вас…
  • Ҳанафий мазҳабида инсон манфаатлари

    Ислом шариати аҳкомларини кузатган одам унинг инсонларнинг манфаатлари тўлиқ равишда эътиб…
Load More In ФИҚҲ