ФИҚҲ «ФИҚҲИ АКБАР» КИТОБИ 24 апреля, 2020 0 316 Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила Ҳамду сано ул Холиқи доногаким, бизларни ақлу нутқ ила сарафроз ва илму маърифат ила эъзоз этибдур. Яна, салавоту саломлар ул рисолатпаноҳ Расулигаким, суннати саниялари шарофатидан имону ақидаларимизга софлик ва ахлоқу амалларимизга поклик етибдур. Аммо баъд, ақлу дониш ва маърифат аҳлига махфий эмасдурким, ақоид илми диний фанлар онаси ва илмий мавзулар дурдонасидир. Ани дилга жо қилмай туриб, ибодат ва амалларга ружу қилмоқ комил бандалик эмас, балки айни шармандаликдир. Шу боисданму Шайх Сўфи Аллоёр демишлар: Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса елдир. «ФИҚҲИ АКБАР» КИТОБИ Муаллифи-Исломда эътироф этилган тўртта фиқҳий мазҳабларнинг биринчиси, яъни ҳанафий мазҳабининг асосчиси, Абу Ҳанифа-Нўъмон ибн Собит (Имоми Аъзам). 80 ҳижрий /699 милодий йилда Ироқнинг Кўфа шаҳрида туғилиб, 150 ҳижрий /767 милодий йилда Бағдодда вафот этганлар. Мазҳабимиз Имоми тўғрисида зиёда таърифга ҳожат йўқдир. Зеро, ул зотнинг фазлу фазоиллари барчага ойдек равшандир. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила Тавҳид илмининг асли ва тўғри деб эътиқод қилишга сазовор маълумотлар қуйидагилардан иборат: Ҳар бир мусулмон киши дили билан тасдиқ этган ҳолда тили билан ушбуларни айтиши вожибдир: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, илоҳий китобларига, юборган пайғамбарларига, ўлгандан кейин қиёматда тирилишига, Ўзи белгилаган яхши-ёмон тақдирга ҳақ ва рост, деб имон келтирдим. Охиратдаги ҳисоб-китоб, амаллар тарозиси, жаннат, дўзах барчаси ҳақдир. Аллоҳ таоло бирдир, лекин саноқ сон жиҳатидан эмас, балки унга ҳеч қандай шерик йўқлиги жиҳатидандир. Чунончи, «Ихлос» сурасида Ўзи демишким: «(Эй, Муҳаммад), айтинг: «У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ беҳожат, (лекин) ҳожатбарордир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенги йўқдир». У ўзи яратган нарсалардан бирортасига ўхшамас. Унга ҳам бирор нарса ўхшаш эмас. Ўзининг зотий ва феълий сифатлари билан азалдан бор бўлган ва абадий бор бўлур. Зотий сифатлари-ҳаёт, қудрат, илм, калом, эшитиш, кўриш, ирода. Феълий сифатлари-халқ этиш, ясаш ва бошқа шу мазмунга далолат қилувчи сифатлар. У ўзининг барча исм ва сифатлари билан биргаликда доим бўлган ва абадий бўлажак. Унга бирор исм ёки сифат кейин қўшилиб қолган эмас. Шунингдек, У Ўз илми билан олимлигича ҳамон келмоқдаким, илм Унинг азалий сифатидир. Қудрати билан қодирлигича ҳамон келмоқдаким, қудрат Унинг азалий сифатидир. Каломи билан гапирувчи ҳолида келмоқдаким, калом Унинг азалий сифатидир. Халқ этиши билан холиқлигича ҳамон келмоқдаким, халқ этиш Унинг азалий сифатидир. Иш қилиш (феъл) билан иш қилувчи (фоил) ҳолида ҳамон келмоқдаким, феъл Унинг азалий сифатидир. Демак, феъл эгаси-Аллоҳ, феъл Унинг азалий сифатидир, феълнинг маҳсули-яратилган (махлуқ), Унинг феъли эса яратилувчи эмас. Шунингдек, унинг барча сифатлари азалдан пайдо қилинган ҳам, яратилган ҳам эмас. Кимки, уларни яратилган ёки пайдо қилинган деса ёки (сўралганда) жим туриб қолса ёхуд у тўғрида шак қилса, у Аллоҳга кофир бўлур. Қуръон-Аллоҳнинг каломи. У мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган. Қуръон билан қилган талаффузимиз, уни ёзган битигимиз, уни қилган қироатимиз махлуқ (яратилган) дир, лекин Қуръон махлуқ эмасдир. Қуръондаги Аллоҳ таолонинг Мусо ва бошқа пайғамбарлар (алайҳимуссалом), Фиръавн ва Иблис тўғрисида зикр этган қиссаларининг барчаси Аллоҳнинг каломидир. Аллоҳнинг каломи ғайри махлуқ. Мусо ва бошқа яралганларнинг каломи махлуқдир. Қуръон эса уларнинг эмас, балки Аллоҳнинг каломидир. Аллоҳнинг Ўзи Қуръонда хабар берганидек, Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини эшитган. Мусога гапирмай туриб ҳам Аллоҳ таоло мутаккалим (гапирувчи) эди. Барча мавжудотни яратмай туриб ҳам У холиқ (яратувчи) эди. Унинг мислидек нарса йўқдир ва У эшитувчи, кўрувчидир. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга сўзлаган пайтда азалдан ўз сифати бўлиб келган каломи билан сўзлаган. Унинг барча сифатлари махлуқотларнинг сифатларидан тубдан фарқ қилади, яъни У билади, лекин биз билгандек эмас. Қудрати бизнинг қудратимиздек эмас. Кўради, лекин биз кўргандек эмас. Эшитади, лекин биз эшитгандек эмас. Гапиради, лекин биз гапиргандек эмас. Биз тил, оғиз, лаб каби воситалар ва ҳарфлар билан гапирамиз. Аллоҳ таоло воситасиз, ҳарфларсиз гапиради. Ҳарфлар махлуқ, Аллоҳнинг каломи эса, ғайри махлуқ. Аллоҳни нарса деб аташ мумкин. Лекин ўзга нарсалардек тасаввур қилмаслик шарти билан. Уни нарса деганда жисмсиз, моддасиз, модданинг сифатларисиз, чегарасиз, акссиз, тенгсиз, мислсиз деб билмоқ керак бўлади. Қуръонда Ўзи зикр этганидек, Аллоҳнинг қўли, юзи, нафси (Ўзи) бор деб биламиз. Булар Унинг сифатларидан, лекин қандай, қанақа дейилмас. Ҳатто, қўли-қудрати ёки неъмати ҳам деб таъвил этилмас. Акс ҳолда унинг бир сифатини йўққа чиқарилган бўлур. Бу эса қадарийлар ва мўътазилийлар сўзидир. Биз айтамизки, қўли ўзига хос, кайфиятсиз сифатдир. Шунингдек, Унинг ғазаби ва ризоси ҳам ўзига хос кайфиятсиз сифатларидандир. Аллоҳ таоло борлиқни яратганда уни бирор нарсадан олиб яратган эмас. Аллоҳ барча нарсаларни яратмасдан олдин ҳам азалдан билур эди. Барча нарсаларнинг тақдир ва қазосини Унинг ўзи белгилаган. Бу дунё ва охиратдаги ҳар бир нарса фақат унинг хоҳиши, илми, қазоси, қадари, Лавҳул-маҳфузга ёзиб қўйилиши билан бўлур. Лекин ёзиб қўйиши тавсиф йўли биландир, ҳукм йўли билан эмас, яъни мажбурий эмас. Қазо, қадар ва хоҳиш-Аллоҳнинг азалий сифатлари. Фақат уларнинг моҳият ва кайфияти бандасига маълум эмас. Яратилмаган нарсани Аллоҳ таоло яратмай туриб йўқ деб билгани каби, уни яратгандан кейин қандай ҳолатда бўлишини ҳам билур. Шунингдек, мавжуд нарсани Аллоҳ таоло мавжудлигидаги ҳолатни қандай билса, унинг йўқ бўлиб кетиш ҳолатларини ҳам шундай билур.