ҲАЗИЛ-МУТОЙИБА ОДОБИ

0
123

Инсонлар ҳаётлари давомида руҳиятларини ҳазил-мутойиба ва ширин сўзлар, қизиқарли ҳикматлар билан бойитиб борсалар, умрлари завқли, файзли бўлади. Бу сўзлар ва ҳолатлар меъёрида бўлиб, ҳаддан ошмаса, албатта кишилар қалбига манзур бўлиб, қувонч бахшида этади. Муқаддас динимиз мусулмон кишини очиқ юз, табассумли ва яхши дўст бўлишга буюради. Атрофдагилар бундай кишининг суҳбатидан мароқ олиб, рағбат ва меҳрлари зиёда бўлади. Натижада кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмату эҳтиром ва муҳаббат зиёдалиги муҳим омил бўлиб, жамият янада мустаҳкамланади, жипслашади, бошланган ишлар самараси ортаверади.

Бироқ ҳар бир ишнинг қонун-қоидаси бўлганидек, бу одоб турининг ҳам ўзига яраша меъёрий жиҳатлари бор. Акс ҳолда, яъни ҳазил-мутойиба қилиш ҳаддан зиёда бўлса, мазахга айланиши ёки шундай тушунилиши мумкин. Мазах қилиш эса инсон қалбини яраловчи қалтис қуролдир. Шу боис ҳазил-мутойиба қилишнинг қоидалари билан танишайлик.

 Ҳазил-мутойибада меъёрдан ошмаслик

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ўйин ва эрмак аҳлидан эмасман”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Мазах қилиш, ортиқча ҳазил мусулмонни Аллоҳ таолога ибодат қилиш, буюрган эзгу ва хайрли ишлар, яъни инсонлар ҳамда жамиятга манфаатли амаллар билан кўпроқ, бардавом машғул бўлиш, бошқаларни тарғиб этиш каби асосий амаллардан чалғитади.

Бу борада ҳам саҳобалар Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) тарбия олганлар. Улар ўзаро ҳазил-мутойиба қилишарди. Агар ул зот жиддийлашсалар, салобатли бўлардилар.

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида ривоят қилади: “Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари бир-бирларига (енгил нарса) отардилар, айрим пайтларда улар жиддий қиёфага кирардилар. Кўп мазах қилиш қалбни ўлдиради, адоватни мерос қилади ҳамда кичикларни катталарга нисбатан ҳурматсизликка ундайди”.

Умар (розияллоҳу анҳу): “Ким кўп кулса, ҳайбати камаяди ва ким кўп ҳазил қилса, уни беписанд қилади”, деди.

 Ҳазил-мутойибада озор бермаслик

Бошқаларни хафа қилмаслик шарти билан аҳлига, қариндошларига, дўстлари ва ака-укаларига ҳазил-мутойиба қилиш мубоҳдир.

Навбатдаги ҳадисларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларини ёмонлик аломати мавжуд бўлган ҳазилдан қайтарганларини баён қиламиз. Абдуллоҳ ибн Соиб ривоят қилади: “Биродарингиз нарсасини ҳазиллашиб ҳам, жиддий ҳам олманг, ким биродарининг ҳассасини олса, бас, уни қайтарсин”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Абдураҳмон ибн Абу Лайло ривоят қилади: “Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари у киши билан сайрга чиқди. Йўлда улардан бири ухлади. Шунда уларнинг баъзиси унинг ёнидаги арқонни олишди. У уйғониб, арқонини йўқотганидан қўрқди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмас”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Хандақ ғазоти куни Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) одамлар билан бирга тупроқ ташиди. Бир маҳал у чарчаб ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Робеъ (розияллоҳу анҳу) ҳазил қилиб унга сездирмай аслаҳасини олиб қўйди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ишдан қайтардилар.

Ибн Ҳиббон Омир ибн Робеъадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши кимнингдир оёқ кийимини ҳазиллашиб яшириб қўйди. Буни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларида, Ул зот: “Мусулмонни қўрқитманглар, чунки уни қўрқитиш катта зулмдир”, дедилар” (Имом Табароний ривояти).

Ҳазил баҳона бировнинг устидан кулиш, ғийбат қилиш, таҳқирлаш ва динимиз арконлари хусусида мазах қилиш, ҳурматсизлик қилиш гуноҳдир.

  

Муфтий Усмонхон Алимовнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

  • MADRASAM

    О’tmoqdadir haftalar, kunlar, O’z holimga o’zim achindim. G’aflat uzra o’tmoqd…
  • Уяли телефон тажовузи

    Баъзи ота-оналарга мурожаат қилсак, фарзандининг ёш бўлишига қарамай, уяли телефондан бема…
  • XOTIRA KUNI

    Bu kun bir ajib kun «Xotira» kuni, Yurtim g’alabasin bir eslab qo’ying. Ko’zlard…
Load More In АДАБИЁТ