Рамазон…

0
629

Умр ўтаверар экан, тўхтамас ҳеч ҳам,
Кимларнингдир қалби чекаркан алам,
Фақат бир ойгина улар учун малҳам,
Ойларнинг гултожисан, султон Рамазон!
Марҳабо, хуш келибсан шодон Рамазон!

Олиб кел юзларга сурур-халоватлар,
Битиб кетсин қалбдан аччиқ жароҳатлар,
Олиб кел бизларга салом-саловатлар,
Ойларнинг гултожи, жонажон Рамазон!
Хуш келибсан, қалбдаги ҳаяжон – Рамазон!

Синиқ кўнгил, хаста дилга шифо бўлиб,
Қаро тунли зулматларда зиё бўлиб,
Ошиб-тошиб келгин гўё дарё бўлиб,
Сен ойларнинг гултожисан, ҳой Рамазон!
Хуш келибсан, минг чиройга бой Рамазон!

Яхши фазилатларнинг барчаси сенда,
Райённинг эшиги, ҳам дарчаси сенда,
Тақвонинг йўллари, ҳам кўчаси сенда,
Ойларнинг гултожисан, султон Рамазон!
Марҳабо, хуш келибсан бу он Рамазон!

Бир кечанг бор, минг ойдан ҳам афзал эрур,
Ул кечада нени сўрсанг, Раббим берур,
Кимки топса ул кечани, бахтга етур,
Сен ойларнинг гултожисан, ҳой Рамазон!
Хуш келибсан, тароватга бой Рамазон!

“Лайлатул қадр”. Ерга тушар малоиклар,
“Лайлатул қадр”. Тинчликдадир халойиқлар,
Ўшал кеча ўчиб кетсин хатоликлар,
Ойларнинг гултожисан, султон Рамазон!
Хуш келибсан, дардларга дармон Рамазон!

Каломуллоҳ нозил бўлган ойимдурсан,
Минг чиройга, гўзалликка бойимдурсан,
Оч нафсимга ўқталинган ёйимдурсан,
Сен ойларнинг гултожисан, ҳой Рамазон!
Хуш келибсан, халоватга бой Рамазон!

Дангасалик либосини ечай энди,
Ҳалқум ғами, роҳатидан кечай энди,
Сенга қалбим ва бағримни очай энди,
Ойларнинг гултожисан, султон Рамазон!
Хуш келибсан, гуноҳдан қўрғон Рамазон!

Урушганлар энди бир-бир ярашсинлар,
Гўштларини емоқликдан тўхташсинлар,
Чин мўминга ана энди ўхшашсинлар,
Сен ойларнинг гултожисан, ҳой Рамазон!
Хуш келибсан, саховатга бой Рамазон!

Тугал бўлсин сенда синиқ иймонимиз,
Қиёматда ҳимоя қил, бўл қалқонимиз,
Нозил бўлган сенда улуғ қуръонимиз,
Сен ойларнинг гултожисан, ҳой Рамазон!
Хуш келибсан, мўжизага бой Рамазон!

Хайр, алвидо деёлмасмиз, тугаб қолсанг,
Кўнглимизга қил сиғмайди, асаб таранг,
Лек розимиз, қилмасак бўлгани аттанг,
Сен ойларнинг гултожисан, жон Рамазон!
Сени кутиб, бағримизда қон Рамазон!

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси Қобулов Оятуллоҳ

  • Муножот ва ибрат

    Кўринди бу кеча гулда муножот, Забони ҳол билан кечди мулоқот. Дедим: “Эй гул, нечун чеҳра…
  • Arab tilidagi afzallik

    E’rob (fleksiya) arab tilining o‘ziga xos bir belgilaridan biridir. Arab tilida  E’rob (fl…
  • Mahmudxo‘ja Behbudiy

    Mahmudxo‘ja Behbudiy (1875–1919) – Turkiston jadidchilik harakatining eng yetuk namoyandal…
Load More In АДАБИЁТ