Таҳоратнинг фазли ва сифати

0
131

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْن

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингизлар, бошларингизга масҳ тортингизлар ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювингизлар)!”. (Моида сураси, 5 оят).

١ – حَدَّثَنَا عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ الأُوَيْسِيُّ، قَالَ حَدَّثَنِي إِبْرَاهِيمُ بْنُ سَعْدٍ، عَنِ ابْنِ شِهَابٍ، أَنَّ عَطَاءَ بْنَ يَزِيدَ، أَخْبَرَهُ أَنَّ حُمْرَانَ مَوْلَى عُثْمَانَ أَخْبَرَهُ أَنَّهُ، رَأَى عُثْمَانَ بْنَ عَفَّانَ دَعَا بِإِنَاءٍ، فَأَفْرَغَ عَلَى كَفَّيْهِ ثَلاَثَ مِرَارٍ فَغَسَلَهُمَا، ثُمَّ أَدْخَلَ يَمِينَهُ فِي الإِنَاءِ فَمَضْمَضَ، وَاسْتَنْشَقَ، ثُمَّ غَسَلَ وَجْهَهُ ثَلاَثًا، وَيَدَيْهِ إِلَى الْمِرْفَقَيْنِ ثَلاَثَ مِرَارٍ، ثُمَّ مَسَحَ بِرَأْسِهِ، ثُمَّ غَسَلَ رِجْلَيْهِ ثَلاَثَ مِرَارٍ إِلَى الْكَعْبَيْنِ، ثُمَّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ‏ «‏ مَنْ تَوَضَّأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا، ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ، لاَ يُحَدِّثُ فِيهِمَا نَفْسَهُ، غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ ‏»‌‏. رَواهُ البُخارِي.
وَفِى رِوايَةٍ أَبِى دَاوُدَ – وَقَدْ سَكَتَ عَنْها – عنْ أبى عَلْقَمةَ: «أنّ عُثمانَ دَعَا بماءٍ فتوضَّأ، فأفرغَ بيَدِهِ اليُمنى علَى اليُسرَى، ثمَّ غسلهما إلى الكوعين». وفى التلخيصِ الحَبيرِ: «أبو داؤُدَ، فى حديث عثمانَ المشهورِ» ثمَّ ساقهُ.
1. Бизга Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Увайсий ҳадис айтди, унга Иброҳим ибн Саъд ҳадис айтди, у Ибн Шиҳобдан, унга Ато ибн Язид хабар бериб айтди, унга Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси (озод қилган қули) Ҳумрон қуйидагиларни кўрганини хабар қилади:
“Усмон ибн Аффон бир идиш сув чақиртирди-да, икки қўлига уч марта сув қуйиб, уларни ювди. Сўнг ўнг қўлини идишга солиб, оғиз-бурнини чайди. Кейин юзини уч марта ва икки қўлини тирсаклари билан уч марта ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин икки оёғини тўпиғигача уч марта ювди ва бундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким шу таҳоратим каби таҳорат қилса, кейин икки ракъат намоз ўқиса-ю, унда ўзи билан ўзи гаплашмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар”.
Бухорий ривояти.
Абу Довуднинг Абу Алқамадан қилган ривояти қуйидагича: “Усмон (розияллоҳу анҳу) сув чақиртирди ва таҳорат олди. Шунда ўнг қўли билан сув олиб чап қўлига қуйди, сўнг чиғаноғигача ювди”. Абу Довуд бу ҳадиснинг саҳиҳ ёки заифлиги ҳақида ҳеч нарса демаган. “Талхисул ҳабир”да: “Усмон айтган машҳур ҳадисни Абу Довуд ривоят этган”, деб, кейин ўша ҳадисни келтирган. Яъни, Бухорий ривоят қилган ҳадисни баён этган.
٢ –  عَنِ الرُّبَيِّع بِنْتِ مُعَوِّذِ بنِ عَفْرَاءَ: أنَّها رأتِ النَّبيَّ صلَّى اللَّهُ عليهِ وسلَّمَ يتوضَّأُ قالت مسحَ رأسَه ومسحَ ما أقبلَ منهُ وما أدبرَ وصَدغَيهِ وأذنيهِ مرَّةً واحدةً. رَوَى التِّرْمذى – وقال حَسَنٌ صَحِيحٌ.
2. Рубаййиъ бинти Муаввиз ибн Афродан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат қилаётганларини кўрдим, бошларига масҳ тортдилар, бошларининг олд ва орқа томонига, икки чаккаларига ва икки қулоқларига бир марта масҳ тортдилар”.
Термизий ривоят қилган ва “ҳасан-саҳиҳ”, деган.

Таҳоратнинг сифати ва фазли ҳақидаги бобга шарҳ:
“Тирсаккача” сўзи борасида муаллиф “Ғунятул мустамлий”дан нақл қилиб қисқача шундай дейди: “Икки тирсак ва икки тўпиқ ювиш лозим бўлган ўринлар ҳисобланади ва тирсак билакка, тўпиқ оёққа қўшиб ювилади”.
Имом Зуфар ва Довуд Зоҳирийлар бунга хилоф тарзда зоҳирини олишган. Чунки, “ила”, яъни, “гача” сўзидан кейинги жумла “ила” сўзидан олдинги маъно билан баъзида боғлиқ бўлса, баъзида боғлиқ бўлмайди.
Замахшарий айтади: “ила” ҳарфи умумий “гача ”маъносини ифодалайди. Аммо, айтилаётган сўзнинг маъноси “гача” сўзига (масалан: тирсаккача) бориб тугайдими, ёки “гача” сўзидан кейинги сўзни (тирсакни) ҳам қўшиб оладими, бу далил билан аниқланади.Бизнинг далилимиз, тирсак ва тўпиқларни ювишга уммат ижмоъ қилганидир. Зеро, “Баҳрур роиқ” китобида шундай дейилади: “Тўғриси, улар зикр этган нарсалардан бирортаси фарз эканлигига далолат қилмайди. Уларни ювиш фарзлигига ижмоъни далил сифатида келтиришлари афзалроқдир”. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ “Умм” китобида айтади: “Таҳоратда тирсакни қўшиб ювиш вожиб эканлигига хилоф қилган кишини билмаймиз”. Бу сўзи ижмоъга далолат қилади”.
“Фатҳул Борий”да бу сўзни Имом Шофеъийдан нақл этгандан кейин шундай дейди: “Бунга қараганда имом Зуфарнинг ҳужжати ўзидан олдинги уламолар иттифоқига кўра заиф ҳисобланади. Шунингдек, у кишидан кейинги бу масалада унга ҳамфикр бўлган аҳли зоҳирларнинг далили ҳам кучсиз, заифдир. Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан бу масалада аниқ бир ривоят йўқ. Бироқ, Ашҳаб у кишидан “Тўпиқларнинг ҳукми тирсакларнинг ҳукмига ўхшаш” деган умумий сўзни айтган, холос”.
“Мунтақо”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У таҳорат оларкан, юзини ювди ва таҳоратни мукаммал бажарди. Ўшанда, аввал ўнг қўлини бозуси билан қўшиб ювди, сўнгра, чап қўлини бозуси билан қўшиб ювди. Кейин бошига масҳ тортди. Изидан, аввал ўнг оёғини болдири билан қўшиб ювди, сўнгра чап оёғини болдири билан қўшиб ювди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг мана шундай таҳорат қилаётганларини кўрганман, деди ва: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларини эслади: “Сизлар қиёмат куни таҳоратнинг мукаммаллигидан оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолда бўласизлар, (бас сизлардан қай бирингиз қодир бўлса, юзи ва оёқ-қўлларининг нурафшонлигини узайтирсин)”.
“Мунтақо”нинг шарҳи “Найлул автор” китобида мусанниф айтади: “Бу ҳадисдан икки тирсакни ювиш вожиблиги билинади. (Шунингдек, икки тўпиқ ҳам оёққа қўшиб ювилади)[8]. Чунки, Қуръони каримнинг иборасида ҳам мана шунинг эҳтимоли бор. Тўғри, оятларда бу батафсил баён қилинмаган, лекин Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва салламнинг амалда кўрсатиб беришлари Қуръони каримдан ўша бизнинг ақлимизга мужмал тушган ўринларни тўкис изоҳлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тирсакдан юқорисини ҳам ювишлари оятдаги мужмалликнинг баёни эмас. Агар шундай бўлса тирсакдан юқорисини ювиш ҳам вожиб бўлиб қоларди”[9].
“Азизий” китобида: “Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилганларида тирсакларининг устидан ҳам сув юргизар эдилар”, дейилган. Дорақутний бу ҳадисни Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Шайх буни “ҳасан-лиғойриҳи”, деган.
Фуқаҳоларнинг барчаси таҳоратда оёқларга масҳ тортиш ювиш ўрнига ўтмаслигини айтишган. Масҳ тортиш ювишнинг ўрнига ўтиши ҳақида келган баъзи ривоятлар ҳам бор. Аввал ана шу ривоятларни зикр қилайлик, сўнгра унга жавоб берамиз. (Давоми бор)

Таълим муассасаси Матбуот котиби

Зухробиддин домла Олимов  

Load More In ФИҚҲ