ADABIYOT Таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювиш 8 мая, 2020 0 546 Абу Довуд ва Имом Термизий Салмон Форсийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таомнинг баракаси таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, дедилар. Ибн Можа ва Байҳақий Анасдан (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким яхшилигини Аллоҳ зиёда қилишини истаса, таом тайёр бўлганида ва охирида қўлини ювсин”, деганларини ривоят қилишган. Бу одатнинг фойдали томонлари кўп. Масалан, таомланишга қадар қўл билан турли нарса-буюмларни ушлаш ва хатти-ҳаракат натижасида қўлга турли чанг-ғубор ҳамда зарарли микроблар ўрнашган бўлиши мумкин. Қўлни ювиш орқали улардан тозаланади, бу саломатлик учун жуда муҳимдир. Таомдан олдин тасмия – “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим” дейиш ва сўнг ҳамд – “Алҳамдулиллаҳ” дейиш суннатдир. Абу Довуд ва Термизий Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кимки таомланса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар овқатланиш олдидан Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутса, “Бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу” десин», дедилар. Имом Аҳмад ва баъзи муҳаддислар бундай ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таомланганда ва чанқоқ қондирганларида “Бизни таомлантирган, ризқлантирган ва мусулмон қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дердилар. Муфтий Усмонхон Алимовнинг “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан