ОДОБ Устоз ҳақи 27 апреля, 2020 0 326 Устоз жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдуздир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган, аксинча, инқирозга юз тутган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, ”Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган чиройли иборалар бор. Шундоқ экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор. Болаларни устозни ҳурмат қилишга, уларнинг ҳақини адо этишга ўргатиш лозим. Шунда улар билим ўргатган, тўғри йўлга солган, ёмон йўллардан қайтарган кишининг қадр-қимматига етадилар. Пайғамбаримиз(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кўрсатмалар берганлар. Имом Аҳмад, Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан(розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни ҳақини билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар. Табароний “Авсат” деб номланган китобида Абу Ҳурайрадан(розияллоҳу анҳу)ривоят қилади. Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) : “Илм ўрганинглар ва билинглар, илмда хотиржамлик ва салобат бор, ўргатувчига тавозеда бўлинглар,” дедилар. Табароний “Кабир” деб номланган китобида Абу Умомадан(розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиқлар уч тоифа кишини: Исломда сочи оқарган кишини, илмли кишини ва одил имом(раҳбар)ни қадрламайди,” дедилар. Имом Аҳмад Саҳл ибн Саъд Соидийдан(розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, олимнинг орқасидан юрилмайдиган, ҳалим(беозор, ювош) кишилар тирик қолдирилмайдиган, қалблари ажамларники ва тиллари араб бўладиган замон келмасин”, дедилар. Имом Бухорий Жобирдан(розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Уҳуд жангида шаҳид бўлганларни қабрга қўйишда жамлаб: “Буларнинг қайси бири Қуръонни ёд олган!?” деб сўрадилар. Қайси бирига ишора қилинса, ўшани олдин лаҳад(қабр)га қўярдилар. Юқоридагилардан қуйидагиларни хулоса қилса бўлади: шогирд устозига тавозели бўлиши, унинг кўрсатмасидан чиқмаслиги, ҳар бир ишда ундан маслаҳат олиши лозим. Яна устози олдида ўзини хокисор тутади, мағрурланмайди, кибрдан узоқ бўлади. Устоз хизматини қилишга ҳамиша шай туради. Шофиъий(раҳимаҳуллоҳ) олимларга тавозели бўлгани учун шарафландилар. У киши: “Уларга нафсимни хорлайман, шунда улар нафсимни икром этадилар, хорланмаган нафс ҳеч вақт икром этилмас”, дер эди. Ибн Аббос(розияллоҳу анҳу) мартабаси баланд ва қадри улуғ бўлатуриб, Зайд ибн Собит ансорийнинг уловларини ушлаб етаклади ва: “Бу бизларнинг олимларимизга қиладиган икромимиз”, деди. Яъни, Ибн Аббос(розияллоҳу анҳу) Зайд ибн Собит минган уловни етаклаб олимга эҳтиром кўрсатди. Муфтий Усмонхон Алимовнинг “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан