ЯХШИЛИККА ЧОРЛАШ

0
423

Фарзандга турмушнинг, тарбиянинг муҳим қоидаларини ёшлигидан ўргатиш, унинг қалбига бунёдкорлик туйғуларини сингдириш ота-она ва мураббийларнинг ҳамиша долзарб вазифаси бўлиб келган. Фарзанд Ислом динимизнинг асосий қоидаларидан бири бўлган яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни одат қилиши лозим.

Инсонлар ичида фақат Пайғамбарлар гуноҳдан покдирлар. Зеро, Парвардигор уларни гуноҳдан пок фитратда яратгандир. Пайғамбарлардан бошқа барча инсонлар гўзал одоб-ахлоқли бўлиш билан бир қаторда, гуноҳ ишлар ва хатоларга йўл қўядилар. Ислом дини гуноҳ амалларни очиқ баён қилган ва мўминларни бундай ишлардан сақланишга буюрган. Бу амрга бўйсунган киши ўзини ҳалокатдан сақлайди ва Аллоҳнинг суюкли бандасига айланади. Мусулмон кишининг вазифаси фақат ман қилинган ишларни қилмаслик билан кифояланмайди. Балки гунох иш қилаётган биродарини у йўлдан қайтариб, тўғри йўлга солиши ҳам муҳимдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Қайси бирингиз бирор мункар ишни кўрса, уни кўли билан қайтарсин. Агар қўли билан кайтаришга қодир бўлмаса, тили билан, агар унга ҳам қодир бўлмаса, мункар ишни қалби билан ёмон кўриб қўйсин, мана шу охиргиси имоннинг энг заиф даражасидир”. Ҳар бир инсон ҳаётда маълум мақсад сари интилиб яшайди. Жамиятнинг одоб-ахлоқ билан зийнатланиши учун ҳаракат қилиш ва одамларнинг турли муаммоларига дардкаш бўлиб, ўзини эзгу ишларга масъулиятли ҳис этиш мусулмон кишининг мақсади бўлиши лозим. Шундагина мўмин киши ўз манфаати учун эмас, бутун жамият фаровонлигига куч-ғайрат сарфлаган бўлади. Бундай инсон тўғри йўлдагиларни қўллаб-қувватлаб, адашганларни ҳидоятга чақиради. Зеро, жамиятнинг гуллаб-яшнаши ҳам, фалокати ҳам ҳар бир кишининг тақдири билан боғлиқ. Чунки кема сувга чўккан пайт, гарчи уни кема остидагилар тешган бўлса ҳам, кема устидаги бу ишга умуман алоқасиз сайёҳлар ҳам сувга ғарқ бўлади.

Демак, ҳаётда баъзи бир хатоларга йўл қўйган кишини тўғри йўлга солиш мўминга хос бўлган хислатдир. Шунинг учун кишига хатосини ўз вақтида англатиш ҳам муҳим. Бундай ҳолатларда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тутган йўллари биз учун юксак намунадир. Ул зот биринчи навбатда кишининг хатосини юзига солмасдан, уни тўғрилаш йўлларини шахсиятига тегмаган ҳолда ширинсуханлик билан тушунтирганлар. Зеро, Аллоҳ таоло томонидан Мусо билан Ҳорунга (алайҳиссалом) Фиръавнни динга даъват қилиш буюрилганида: “Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса”, (Тоҳо, 44) дейилган.

Бу ояти каримада гуноҳ ва хато иш қилганларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш аниқ баён қилинган.

Ҳаётда баъзи кишиларнинг билиб-билмай гуноҳ ёки хато иш қилаётганларига тез-тез гувоҳ бўламиз. Бизлардан, аввало, ўзимизни бундай ишлардан сақлаш, бошқаларнинг нотўғри ишларини Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатиб берганларидек ва Парвардигоримиз буюрганидек тушунтириш талаб қилинади.

Мураббийлар фарзанд қалбига жасурлик, шижоатлилик ва тўғри сўзли бўлишни ҳам сингдириши, Исломнинг эзгу тушунчаларини дилига жойлаб, Аллоҳ йўлида хайрли ва савобли ишларни кўп қилишни ўргатиши лозимдир.

 

Муфтий Усмонхон Алимовнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

  • Муножот ва ибрат

    Кўринди бу кеча гулда муножот, Забони ҳол билан кечди мулоқот. Дедим: “Эй гул, нечун чеҳра…
  • Arab tilidagi afzallik

    E’rob (fleksiya) arab tilining o‘ziga xos bir belgilaridan biridir. Arab tilida  E’rob (fl…
  • Mahmudxo‘ja Behbudiy

    Mahmudxo‘ja Behbudiy (1875–1919) – Turkiston jadidchilik harakatining eng yetuk namoyandal…
Load More In ADABIYOT