МАҚОЛАЛАР “Намозда Қуръонга қараб қироат қилиш” 28 мая, 2018 0 633 Баъзан Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадан тўғридан тўғри олиб кўрсатилаётган таровеҳ намозларига гувоҳ бўламиз. Шунда баъзи бировларнинг Қуръонни кўтариб турганларини, имомнинг қироатини намозда туриб, Қуръонга қараб кузатиб боришаётганини кўриб қоламиз. Бу амал Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздида намозни бузади: Имомнинг қироатини ёки ўзининг қироатини Қуръонга қараб кузатиб бораётган одамнинг намози бузилади. Агар имомга шу ҳолатида луқма берса, ундан луқма олган имомнинг ҳам ва унга иқтидо қилаётганларнинг ҳам намози бузилади. Чунки, имом ташқаридан таълим олган бўлади. Бу масъала мазҳабимизнинг энг мўътабар асарларида атрофлича ёритилган. Шунингдек, уламоларимиз Қуръонни намозда кўтариб туриш, уни варақлаш, унга назар солиб туриш амали касир, дейдилар. Амали касир эса намозни бузади. Амали касир бу – уни қилаётган одамни ташқаридан қараган одам намоз ўқимаяпти, деб ўйлашидир. Демак, бу ерда Қуръонни бир қўлда кўтариб турса ҳам намоз бузилади, деганидир. Қуръонни кўтариб туриб, унга қараб қироат қилишда, бошқа суннатлар ҳам тарк қилинади. Масалан, иккала қўлни намозда такбири таҳримада кўтариш, қироат пайтида қўлларни қовуштириб туриш, рукуъда тиззаларни ушлаш кабиларни тарк қилишга тўғри келиб қолади. Билим юрти мударриси Абдуғафур Ниёзқулов