ОГОҲ БЎЛАЙЛИК-ИСРОФ ҚИЛМАЙ, ИНСОФ ҚИЛАЙЛИК.

0
602

Аллоҳ таоло мўминларни сифатлаб, бундай марҳамат қилган: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида-мўтадилдир”. (Фурқон сураси 67-оят)
Исроф дегани: арабча сўз бўлиб, тилимизда беҳуда йўқ қилиш, увол қилиш, неъматни қадирламаслик маъноларини англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тежамкор одам камбағал бўлмайди” деганлар. (имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳ таоло бизга ҳаёт, соғлиқ, оила, мол-мулк каби неъматлар инъом этган. Биз улардан қандай фойдаланганимиз, қаерга сарф қилганимиз ҳақида охиратда сўраламиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!” (Такосур сураси, 8-оят).
Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уни исроф қилишмаган, уволидан қўрқишган. Мана қиш мавсумларида газ, сув ҳақида ўйлаб қоламиз бироқ ёз кунлари табиий газ ва сувларни исроф қиламиз. Аччиқ бўлса ҳам хақиқат бази юртдошларимиз хонадонларида газ пиликлари беҳуда ёниб туради, бундан ҳам ачинарлиси ичимлик суви жўмрак носозлиги ёки этиборсизлик боис муттасил оқиб туради. Тузатишга шошилмайдилар, чунки жўмракни тузатишга пул кетади, анашу арзимас ҳаражатдан қочиб, ҳар томчиси бебаҳо неъмат бўлган сувни увол қилишади, кимларнидир насибасини қирқишади. Базилар кўп ҳолда исрофдан сақланиш учун эмас, балки ҳисоблагич кўп ёзиб юбормасин деб, газ ва сувларни тежашга ҳаракат қилиди. Мусулмон одам бундай дунё қарашдан воз кечиши керак. Ҳисоблагич ва пул рўл ўйнамайдиган бебаҳо неъматларга бундай дунё қарашли одамлар этиборсизлик қилиши турган гап. Динимиз “Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси 26-оят) деб буюргани учун исрофдан қайтсак мақсадга эришамиз, ҳам савоб оламиз. Бу икки карра ютуқ бўлади. Айниқса, вақтни беҳуда ўтказиш исрофнинг энг каттаси ва ачинарлиси эканини ҳам эсдан чиқармайлик. Шуни ёдда тутайлик, ким қайси неъматни беҳуда совурса, кун келиб уволи тутгай!. Сийрат уламоларимиз айтадиларки — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳминан ярим литрдан сал кўпроқ сув билан таҳорат қилар эдилар. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирдилар ва тўсатдан кўзлари тўкилган ушоқларга тушди, уларни териб олиб, тозалаб едилар..! Ҳар қандай мўминни ҳушёр тортирадиган оят билан якунлаймиз. Аллоҳ таоло “…еб-ичинг, (лекин) исроф қилманг! Зеро, у исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси 31-оят) деб исрофдан қайтарган.

Билим юрти 1-курс талабаси Ҳамрақулов Нуриддин “Тафсирул Ирфон” китоби асосида тайёрлади.

Load More In МАҚОЛАЛАР