НИЯТИНГ – ЙЎЛДОШИНГДИР

0
650

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Ҳар кимга ният қилганигина бўлади” (имом Бухорий ривояти)
Амал аъзолар ибодати бўлса, ният қалб ибодатидир. Ҳадис шориҳлари айтганидек: Аъзолар ибодатига гоҳо риё аралашади, аммо қалб ибодатига риё дахл қилолмайди. Мўминнинг нияти Аллоҳ таоло ризолигини топишдир. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мўмин кишининг нияти амалидан афзалдир. Мунофиқнинг амали ниятидан афзалдир. Ҳар бир киши ўз ниятига кўра амал қилади. Мўмин киши бирон эзгу иш қилса, дилида нур пайдо бўлади”. (имом Табароний)
Ушбу ҳадис шарҳида уламолар: Мунофиқнинг нияти дунёвий манфаатларга етишдир. Мунофиқнинг амали гоҳо атрофидагиларга фойдали бўлади, шу боис унинг амали ниятидан яхшидир.
Шариятимиз осмонининг юлдузлари саҳобалар бу масалада бизга намунадир. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу жуда саҳий бўлганлар. Нияти Аллоҳ таоло ризоси бўлгани учун У зотга жаннат башорати берилган. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Аллоҳ ризосини кўзлаб шижоат кўрсатганлари учун Аллоҳ таоло у кишига “Сайфуллоҳ” деб номлади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу оҳиратда жавоб беришни ўйлаб, кечалари уҳламай халқ аҳволидан хабар олардилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло шу даражада азиз қилдики ҳатто шайтон Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кирган кўчага киролмайдиган бўлди.
Азизлар агар ниятимиз яхши бўлса доимо Аллоҳ таоло хайрли ишларда пешқадам қилади. Ҳатто ҳаёлингизга келмаган одамлар бошлаган эзгу ишингизга ёрдамчи бўлганини кўрасиз. Тасаввуф уламолари айтганидек “бирон эзгу ишингиз амалга ошмаяптими, ниятингизга бир назар солинг деб тафсия қилганлар”!

Билим юрти 1-курс талабаси Хамроқулов Нуриддин «Кабир» номли асар асосида таёрлади.

Load More In МАҚОЛАЛАР