МАҚОЛАЛАР РАМАЗОН САХОВАТ ОЙИДИР. 13 мая, 2019 0 509 Рамазон саховат ойидир. Рамазонда хусусан садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар доимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эдилар, ҳатто, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланишган. Эркин шамол – бу айнан бирор томонга йўналтирилган эмас, балки ҳар тарафга етадиган шамолдир. Бундай шамолнинг баҳраси ҳаммага, учраганки кишига тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазонда саховат қилишда худди ўшандай шамолга ўхшаб кетар эдилар, у зот шу қадар қўли очиқ бўлиб кетардиларки, буни оддий сўз билан таърифлаб бўлмаганидан Ибн аббос розияллоҳу анҳумо мазкур таъбирни ишлатишни маъқул кўрганлар. Рўзанинг яна бир ҳикмати ночор, мискин, фақирларни ҳолатини эслатишдир. Рўзадор рўза тутар экан, Аллоҳ таоло розилигини истаб, ихтиёрий оч қолган холида, зўрға тирикчилик ўтказаётган, амал- тақал кун кечираётган бева –бечоралар холига тушуниб етади. Ким оч, чанқоқ бўлмас экан, фақирлар чекадиган қийинчиликларни қаердан билсин! Рўза тутган инсон очлик, чанқоқлик аламини тотиб кўриб, бечора ҳолдагиларни қандай кун кечираётганини яхши билади. Аллоҳ таоло ҳикмати илоҳийси билан яшаш шароитини кенг қилиб қўйган одамлар ўзларига берилган неъматни шукрини адо қилмоқлари керак бўлади. Бу борадаги шукр изҳори ҳожатидан келиб чиқиб ифторлик қилиб бериш орқали намоён бўлади. Ибн Можа Зайд бин Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: « Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорларнинг ажрича ажр бўлади, уларнинг ажрларидан бирор нарса камаймайди», дедилар. Салмон Форисийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди», дедилар». Ифторлик беришдаги нозик жиҳат эса фақир-мискинлар, бева бечораларга таом беришликдадир. Бой бадавлат инсоннинг қадрдонлари ҳам, таниш-билишлари табиийки, ўзига ўхшаш яшаш шароитлари бемалол инсонлар бўлади. Бу каби инсонлар бир бирларига ифторлик қилиб бериш ўрнига ҳар бирлари ифторлик дастурхонларига ижтимоий жиҳатдан ночор инсонларни чорласалар айни муддао бўлар эди. Ушбу кўнгиллар олинадиган хайрли амал Рамазон ойида қилиниши эса савоблар миқдорини кўпайтириб юборади. Салмон Форсийдан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан: «…Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади», дейилган. Рамазон ойида қилиниши керак бўлган яна бир амал фитр садақаси беришдир. Фитр садақаси Рамазонга хос молиявий ибодатдир. Имом Дайламий Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон ойи ер билан осмон ўртасида муаллақ туриб қолади, Аллоҳ таолонинг ҳузурига фақат фитр закоти (садақаси) билангина мақбул ҳолда кўтарилади», дейилган. Албатта, фитр садақаси адо қилинадиган инсонлар кам таъминланган, бева бечоралар, фақир –мискинлар бўлишлари талаб этилади. Инсон табиатан унутувчан ва баъзан ношукур бўлади, чунки яқиндагина ўзининг ҳолати ҳам шундай бўлганини, ўзи ҳам бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлганида мен ҳам қачон ўзгаларга ўхшаб кўнглим тусаган нарсани ейман, деб Аллоҳ таолога дуо қилиб ёлворганини унутиб қўяди. Ёки бўлмаса, умри давомида тўқчиликда яшаб, тақдири илоҳий билан ўзининг бошига ҳам шундай кунлар тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Шунинг учун ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, рўза инсонни мурувватли қилади, ўзгараларга, хусусан бечора ҳолларга эътибор қаратишга ундайди. Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни Рамазонга ваъда қилинган яхшиликларни ато этсин, хусусан, ораларимиздаги иттифоқлик, меҳр-мурувват, инсонийлик туйғуларини юксалтирсин. Билим юрти мударриси Раматулла Умаров