МАҚОЛАЛАР ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИНИНГ АФЗАЛЛИГИ 9 июля, 2020 0 305 Шариат аҳкомларини жорий қилиш Аллоҳ ёки У изн берган пайғамбарларга хос нарса. Бошқа ҳеч ким, бирор бир сабабга кўра бу ишни амалга ошириши, бандалар устига шаръий амрни жорий қилиши мумкин эмас. Муҳаммад(с.а.в.) ҳам ўз умматларига доим енгиллик, осонлик, ихчамликни истаб келганлар. Ислом енгиллик дини экани, уни қийинлаштириш, унга ўзгача талқин ва қарашлар олиб кириш қораланиши Қуръон оятлари, ҳадислар ва уламоларнинг асарларида батафсил ёритилган. Қуръони Каримда бу ҳақида шундай дейилади: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди»(Бақара сураси 185 оят). Яна бир оятда: «Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди. Ахир, инсон заиф яратилганда»! (Нисо сураси 28 оят). Шунингдек, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Қизиқтиринг, бездирманг»! Яна Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда марҳамат қилинадики: «Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзича) оғирлаштирса, дин уни, албатта, мағлуб қилади». Бугунги кунда ислом дини ва унинг асосий қисми бўлмиш фиқҳ – ислом ҳуқуқшунослигини давр талабларини назарда тутган ҳолда ўрганиш ва уни ўзлаштириб, амалий ҳаётда ундан фойдаланиш ҳам заруратга айланди. Бизнинг мазҳаб – Ҳанафий мазҳаби кенг кўламда тарқалган ва мусулмонларнинг 47 фоизи шу мазҳабга эътикод килишади. Маълумки, бу мазҳабнинг асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит 699-767 йилларда яшаб ўтган. Абу Ҳанифа насли Эронлик, асли эса Куфалик бўлиб, ўзининг исми Нўъмон ибн Собит эди. У ўзига тўқ, ипак сотувчи хонадонда таваллуд топган. Таълим олиб, фаолияти юксала боргач, машҳур фақиҳ Ҳаммод ибн Абу Сулаймоннинг даврасида 18 йил таҳсилда бўлади. У устозининг вафотидан сўнг ўз илмини янада чуқурлаштириб, кенг тарқата бошлаган даврларида Куфа ва Басранинг энг обрўли фақиҳи ҳисобланган. Абу Ҳанифа 747-748 йиллари давлат хизматига чорлаган Ироқ ҳокимидан қочиб, Маккага кўчиб ўтишга мажбур бўлади. Ҳокимиятга Аббосийлар келгач, Ироққа қайтади ва бой тожир ҳамда нуфузли олим сифатида ҳаёт кечиради. Халифа ал-Мансур (754-775) Боғдодда унга бош қозилик мартабасини эгаллашни таклиф этганида қатъиян рад жавобини беради. Иродасини бўйсундириш учун ёши ва обрўсига ҳам қарамай, ҳалифа уни қамоққа ташлаб, ҳатто савалашга ҳам буюради. Орадан кўп ўтмай Абу Ҳанифа вафот этади. У ҳаётлик чоғида, дарҳақиқат, буюк олим ва беназир инсонпарвар эди. Унинг имомлиги (пешволиги) нафақат илмда, балки инсоний муносабатларда ҳам ўз исботини топган. Унинг ижтиҳоди Қуръон ва Суннатдан баҳра олган ҳамда улардан илҳом олиб, юзага келган раъйнинг самараси ўлароқ дунёга машҳур бўлган қатор фатволаридир. Имоми Аъзам ҳужжат қилиб фақат исноди саҳиҳ бўлган ҳадисларнигина инобатга олган. Имоми Аъзам яшаган даврда олимлар икки гуруҳга: аҳли ҳадислар ва аҳли раъйларга бўлинган эдилар. Улар ўртасидаги ихтилоф фақат эзгу ният мақсадида рўй берган. Уларнинг бош мақсадлари ислом ҳақиқатини самимий баён этишга йўналтирилган эди. Барча тортишув, баҳс ва мунозаралар илмий ва ўзаро ҳурмат чегарасидан ташқарига чиққан эмас. Абу Ҳанифа умри сўнггига келиб, мазкур икки гуруҳ вакиллари тортишувларига чек қўйиб, умум мусулмонлар манфаатлари йўлида, аҳкомга оид масалаларни биргаликда тадқиқ эта бошлаган эдилар. Ушбу мазҳаб ўз моҳияти, таълимоти ва қўллаган услуби билан жамиятларда юз бериб турадиган ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш имкониятига эга бўлиб, ҳар қандай саволга жавоб топа олади. Бундай имконият шундан келиб чиқадики, ҳанафий мазҳаби бирор бир масала бўйича насс (Қуръон ёки ҳадислар матни) мавжуд бўлмаса, қиёс ва унинг энг муҳим тури бўлмиш қиёси хафий, яъни яширин қиёс(истеҳсон)га таяниб иш олиб боради, шунингдек, урф-одатга катта эътибор қаратади. Абу Ҳанифа асос солган мазҳаб саккизинчи аср ўрталарида унинг ҳаётлик чоғидаёқ тарқала бошлаб, шу асрнинг охирларида узоқ-яқин ўлкаларда кенг тарқалган. Мазҳаббошимиз асос солган мазҳабларида бизнинг миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимиз ҳам ўзига керакли ёндашувларни қамраб олган. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бизнинг динимиз ва миллий қадриятларимиз етарли даражада бир-бири билан боғлиқ эканлиги айни ҳақиқат. Бу борада биз ёшлар юртбошимизнинг ушбу сўзларини доимо ёдда тутиб юришимиз лозимдир: «Ислом дини – бу ота-боболаримиз дини, у биз учун ҳам иймон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканлигини унутмайлик». Р.Умаров, Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси