МАҚОЛАЛАР РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ДУНЁГА КЕЛИШЛАРИДАН ОЛДИНГИ ДАВР 30 июля, 2020 0 253 Манбаларга кўра, ислом келишидан олдинги давр – милодий 6 аср инсоният тарихидаги энг жирканч, энг тубан давр ҳисобланади. Ер юзида ҳеч қандай адолат йўқ, узоқ йиллар мобайнида умидсизликка юз тутган халқларга ўта оғир ҳолатдан чиқиш учун ҳеч қандай умид йўқдек туюлар эди. Доимо ғам- ғуссага ботган халойиқ нафақат Яратган Аллоҳни, балки ўзларини-ўзлари ҳам унутган эди. Ҳар ким ўз тақдирига бефарқ, Пайғамбар алайҳиссаломлар қолдирган таълимотлар унутилган эди. Олам ҳеч қандай ҳокимиятга бўйин эгмайдиган жоҳиллар билан тўлиб-тошган эди. Моддият руҳият устидан ғалаба қозониб, ўз динига амал қиладиган жуда озчилик ҳам чекка-чекка жойларда беркиниб яшар эдилар. Дин, жамиятга таьсири кучли бўлган маълум бир тоифадаги жоҳилларнинг хоҳишларига мослаштирилар, қўпол қилиб айтганда, дин ботил йўл билан даромад топиш манбаига айланиб қолган эди. Римликлар ва форслар шарқда ҳам, ғарбда ҳам ўз ҳукмронлигини ўрнатишган эди. Улар ўзларининг энг жирканч қонун-қоидадарини татбиқ қилишган эди. Халқни бошқарувчилар кайф-у сафога, фаҳшга берилган эди. Ўртаҳол одамлар бойларга тақлид қилиб, кийинишда, юриш-туришда уларга ўхшашга ҳаракат қилишарди. Оддий халқ ўта аянчли ҳолда бўлиб, уларнинг ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқлари йўқ эди. Уларнинг тун-у кун меҳнат қилиб топган даромадлари бойларнинг дабдаба билан яшашига, айш-у ишратига сарф бўлар эди. Оддий халқ ўз дардига малҳамни маст қилувчи ичимликлардан оларди. Буюк динлар руҳонийлар қўлида ўйинчоқ бўлиб, улар ўзлари хоҳлаган ҳукмни халққа бузиб кўрсатишар эди. (Давоми бор). Мавлоно Абул Ҳасан ан-Надави (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг “Ислам и мир” асаридан Туҳриддин Насриддинов таржимаси