МАҚОЛАЛАР ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСЛАРНИ ТЕРРОРИЗМ ВА ЭКСТРЕМИЗМДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ 19 августа, 2020 0 261 Бугунги кунда бизнинг энг катта бахтимиз нимада, деган саволга ҳеч иккиланмай шундай жавоб бера оламиз: Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик – беқиёс бахтимиздир. Глобаллашув шароитида терроризм ва экстремизм минтақамиз ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг мураккаб ижтимоий, сиёсий, жиноий-ҳуқуқий муаммоси ҳисобланади. Жаҳонда юз бераётган турли шаклдаги террорчилик ҳаракатлари барчани яна бир бор ҳушёр бўлишга ундайди. Бугунги кунда экстремистик жиноятчилар ислом давлатчилиги таълимотига мутлақо қарши ғояни – мусулмон дунёси ягона макон – халифалик давлатига бирлашиши зарур, деган ғояни тарғиб қилиб, шариатдаги умуминсоний қадриятларга уйғунлашган нормаларни рад этиш билан жамият ва давлатни демократик усуллар билан бошқаришдан халқни воз кечишга мажбурлаш орқали мутлақ ҳокимиятга эга бўлишга интилмоқдалар[1]. Шундай экан, вояга етмаганларни терроризм, экстремизм сингари ёт ғоялар таъсиридан асраш кундалик фаолиятимиздаги энг муҳим вазифа бўлиб қолади. Вояга етмаган шахслар юртимиз аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, ёшларни терроризм ва экстремизм хавфидан ҳимоя қилиш нақадар долзарб аҳамият касб этишини англаш қийин эмас. Вояга етмаганларни терроризм ва экстремизмдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари сифатида, аввало, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини келтириш ўринли. Жумладан, Асосий Қонунимизнинг 18-моддасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканликлари мустаҳкамланган. Шунингдек, 57-моддага кўра конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади. Маълумки, мамлакатимизда ёшларни ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришга қаратилган ёшларга оид сиёсат ишлаб чиқилган ҳамда у узлуксиз амалга ошириб борилади. “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида ёшларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилган[2]. Oгоҳ бўлайлик азизлар, гўзал, осойишта, жаннатмакон юртимизни жонимиздек асрайлик. Биз тинчмиз, эмин-эркин яшамоқдамиз, ўқиш, ишларда кўнглимиз тўқ. Айрим мамлакатлардаги каби ҳар дақиқамиз қўрқув, даҳшат исканжасида, талвасада эмас. Нега энди бу бахтни асрамайлик? Ватанимизни ёвлардан ҳимоя қилаётган жасур, мард ҳимоячиларимиз орқали юртга фойда келтирайлик. Огоҳ одам! У ким? У- мен. У – сиз. У- бу олам осойишталигини истаган ҳар бир инсон. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: яъни: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У- хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ривоят қилган). Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан бири экан. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикка боғлиқ. Шундай экан, биз инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишимиз балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишимиз лозим. Аллоҳ таоло жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётига кўз тегмасин! Манбалар асосида: “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Саидафзалхон Зикрияев тайёрлади. [1] М.Ражабова. Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг жиноий-ҳуқуқий муаммолари: юрид.фан.докт…. дис. автореф. – Т.:Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси, 2002. – 22-б. [2] Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 25-сон, 287-модда; 51-сон, 514-модда; 2008 й., 52-сон, 513-модда