ИСЛОМ ОЛИМЛАРИ ТАЪБИРИДА ВАТАН ТУШУНЧАСИ

0
418

Абу Амр ибн Ало[1] раҳматуллоҳи алайҳ: “Кишининг карами (кенглиги) ва ботини покизалигига ватанига ошиқиши, эски дўстларига бўлган муҳаббати ҳамда (бефойда) ўтган вақтига йиғлаши далилдир”, дейди.

Имом Шофеъий[2] раҳматуллоҳи алайҳ илм талабида кўп жойларга сафар қилди. Лекин Ватан фироқи, юрт соғинчи ҳамиша қалбини тирнар эди. Бир куни қалбидан ўтаётган кечинмаларни тўкиб солди.

 

و إنّي  لمشتاق  إلى  أرض  غزة

وإن خانني  بعد  التفرُّق  كتماني

سقى الله  أرضاً  لو ظَفِرْتُ  بتُربها

كَحَلْتُ به من شدة الشوق أجفاني

 

Мен муштоқ эрурман Ғазза[3]  ерига,

Солса-да  хиёнат дўстлар бошимга.

Аллоҳ порлоқ  қилсин, етсам  ерига,

Шавқ-ла сурма қилай гилин қошимга.

 

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Инсоннинг хор-у зор бўлиши учун ватани ва яқинлардан айрилишнинг ўзи кифоя!” деганлар.

Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ Музаний Муғаффалий Ҳиравий раҳматуллоҳи алайҳ. “Бозул абяз” — оқ лочин лақаби билан машҳур бўлган. Қомусий олимлардан бири. Айниқса ҳадис илмида моҳир бўлган. Қабри Ҳиротда.

Субкий[4] раҳматуллоҳи алайҳ “Табақот” китобида Аҳмад ибн Абдуллоҳ Муғаффалий ҳақида ҳикоя қилади: “Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ Музаний Муғаффалий Ватанга муҳаббат қўйиш ҳақида китоб ёзди. Ундан кейин бир ҳафта касал бўлиб ётиб, оламдан ўтди. Шу сабабли “Ватан муҳаббати қурбони” номини олди”.

Мавлоно Шамсуддин Фанорийнинг набираси Алоуддин Али ибн Юсуф ибн Аҳмад Румий ҳанафий ёшлигидан ажамлар юртига сафар қилди.

Ҳиротга бориб уламоларидан сабоқ олди. Кейин Самарқанд ва Бухорога ўтиб у ернинг уламоларида ҳам ўқиди. Барча илмларда моҳир бўлди. Ўша ерга мударрис этиб тайинладилар. Бироз вақт ўтгандан кейин ватан муҳаббати устун келди. Муҳаммадхон ибн Усмоннинг илк ҳукмронлик вақтида Рум шаҳрига қайтди.

 

Ҳамаср  уламолар

 Алихон Тўра[5] ҳазратлари: Ҳар бир инсонни муқаддас тўртта нарсаси бўлади, улар: “Ҳур ва озодлиги, пешона тери меҳнати билан топган молига ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она ватани, асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кимсалар инсонлик шарафидан маҳрумдир”, деган эдилар.

Азҳар университети Ислом маданияти (факултети) устози, доктор Закий Усмон[6] таъкидлайди:Ватанга мансублик қуруқ шиор ёки оғизда қолиб кетадаган сўзлардан иборат эмас. Балки у муҳаббат, ихлос, фидокорлик, қурбон бўлиш демакдир”.

Ватан қадри билан миллат юксалади. Ватан ислоҳоти билан инсон бахтли бўлади. Айнан ватаннинг умумий ва тўлиқ тушунчаси Аллоҳ таолонинг: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди”[7] ва “Батаҳқиқ, Биз сизларга ер юзида имкон бердик ва унда маишат (воситалари) қилдик. Жуда оз шукр этарсизлар”,[8] сўзларидан тушунилади. Бу оятлардаги обод қилишга амр қилинган ер заминдир.

Ватан – замин, миллат, тузум, қадр-қиммат, ирода ва бошқарув демак.

Инсон ва бағрида ҳаёт кечираётган ватани ўртасида умумий тақсим мавжуддир. Бу тақсим ватан ерини ташкил қиладиган тупроқда яққол намоён бўлади. Мана шу тупроқдан яратилдик, унинг устида ҳаёт кечирамиз ва остига дафн қилинамиз. То бизни Аллоҳ таоло қиёмат кунида қайта тирилтиргунча… Аллоҳ таоло айтади: “Сизни тупроқдан яратгани ва сўнгра сизлар башарга айланиб тарқалишингиз Унинг оят – белгиларидандир”.

Шундай экан, инсон бу дунёда фасод қилиш учун эмас, обод қилиш учун яратилгандир. Чин мўмин киши Ватани қадрини билади. Унга бўлган мансубликни ҳар қандай мансубликдан устун қўяди. Ватан муҳаббати дабдаба ва ҳашам эмасдир. Балки у душманларга қарши вожиб саналган юрт ҳимоясида туришдай, ундан узрсиз қолиб бўлмайдиган шаръий вожиб амалдир.

Доктор Муҳаммад Дусуқий[9]

“Ислом ватанга муҳаббат қўйиш ва мансубликни ақидани бир қисми этиб, юрт тупроғини ҳимоя қилишни муқаддас бурч қилиб қўйди. Муборак набавий сийрат бизга исломда ватаннинг ўрнини гўзал тарзда гавдалантириб, кўрсатиб беради.

Олийҳиммат Расулуллоҳнинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунаваррага ҳижрат қилиб чиққан ўша вақтлари йиғлаганлар, Маккага маҳзун ҳолда қайта-қайта қараганлар ва ўша машҳур: “Аллоҳга қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши ерисан ва мен учун Аллоҳнинг энг маҳбуб шаҳрисан. Агар аҳлинг мени сендан чиқармаганида, чиқмас эдим”, деган сўзларини айтганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ватанларидан мажбур чиқдилар. Рисолатни етказиш учун Мадинага бордилар. Шунга қарамай, кўнгиллари доим туғилиб, ўсган Макка томон талпинар эди. У зотнинг қалблари Аллоҳ таолонинг: “Сенга Қуръонни фарз қилган зот, албатта, сени қайтар жойга қайтаргувчидир” (Қасос, 85), сўзи нозил бўлгунича таскин топмади.

Ислом бизга ватанни севишни имондан деб ўргатганини илова қиламан.

Инсон ватансиз қочоқ ёки бегонадир. Эркинлик ва  қадр-қимматни сезмайди. Табиий равишда ҳаёт кечиролмайди.

Инсоннинг ҳуррият ва азизлиги ўзи мансуб бўлган, ҳимоя қиладиган, фуқаролигини қабул қилган, зиммасидаги вазифаларни бажарадиган, ҳуқуқларидан фойдалана оладиган ватандагина рўёбга чиқади. Бу нарса инсоннинг қариндошлари ҳамда оиласи билан бирга, туғилиб ўсган ватанида ҳаёт кечиришида янада яққол кўринади.

Агар кишининг ватани бўлмаса, у бошқалар ҳисобига яшайди. Шараф ва иззатни сезмайди ҳам”.

 

 

Манбалар асосида:

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Равшанбек ЎРИНБОЕВ тайёрлади.

[1] Абу Амр ибн Ало Ибн Аммор ибн Ирён ибн Абдуллоҳ ибн Ҳусойн Тамимий Мазиний Басрий. 70-ҳижрий йил атрофида туғилган. 156-ҳижрий санада вафот этган. Етти машҳур қориларнинг бири. Навҳ фанида тўртинчи табақа вакилларидан.

[2] Имом Шофеъий. Тўлиқ исми: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофеъ Ҳошимий Қураший Мутоллибий. 746-милодий, 150-ҳижрий санада Фаластиннинг Ғазза шаҳрида туғилган. Тўрт мазҳаб имомларидан бири. 199 ҳижрийда Мисрга кўчиб борган ва ўша ерда 820-милодий, 204-ҳижрийда вафот этган. Қабри Қоҳирада. Ёзган китоблари: “Ал-умм”, “Муснад”, “Аҳкомул Қуръон” ва бошқалар.

[3] Ўрта ер денгизи шарқий жанубий қисмида жойлашган Фаластин шаҳарларидан бири. Имом Шофеъий туғилган шаҳар.

[4] Тожуддин Абу Наср Абдулваҳҳоб ибн Али ибн Абдулкофий. 1327- милодий сана Қоҳиранинг Субук деган жойида туғилган. Муаррих, фақиҳ ва қатор фанларда моҳир бўлган. Отаси билан Дамашққа кўчиб борган ва 1370-милодий йил ўша ерда вафот этган. Ёзган китоблари: “Табоқотуш шофеъийятил кубро”, “Жамъул жавомиъ”, “Тавшиҳут тасҳиҳ” ва бошқалар.

[5] Алихон Тўра Шокирхон Тўра ўғли Соғуний 1885-йил Туркистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Туркистоннинг атоқли олим ва давлат арбоби. Ёшлигидан илмга чанқоқ бўлган Алихон Тўра тафсир, ҳадис, фиқҳ, тиб ва бошқа қатор билимларни пухта ўрганиб етук олим бўлиб етишди. Алихон Тўра умрининг кўп қисмини миллат қайғуси ва дарди билан ўтказди. Ёзган китоблари: “Тарихи Муҳаммадия”, “Туркистон қайғуси”, “Шифаул илал” ва бошқалар. Алихон Тўра Соғуний 1976-йил 29-февралда Тошкентда вафот этди. Қабри Кўкча қабристонида.

[6] Закий Усмон. 1953-йил 1-феврал Мисрда Ар-розиқот қишлоғида туғил-ган. Оиланинг ёлғиз ўғил фарзанди бўлган Закий икки ёшида қаттиқ дардга чалинади. Касаллик асоратидан у шол ва кўзи ожиз бўлиб қолади. Ота-онасининг кўрсатмаган шифокори қолмайди. Натижа бўлмайди. Шунга қарамай, Закий диний ва дунёвий фанларни ўзлаштириб боради. Радиодан инглиз тилини пухта ўрганади. Унинг жисмоний камчиликлари ўқишдан тўхтатмайди. Олийгоҳга киради. Магистратурани аъло баҳоларга тугатади. 1985-йил докторлик ишини олий даражада топшириб, доктор унвонига эришади. Тафсир, маданият, ижтимоий ва бошқа соҳаларда 24 дан ортиқ китоб ёзган. У 2015-йил 30-январда 62 ёшда оламдан ўтган.

[7] Ҳуд сураси, 61-оят.

[8] Аъроф сураси, 10-оят.

[9] Доктор Муҳаммад Дусуқий. Муҳаммад Саййид Дусуқий 1934-йил 10- октябрда Мисрнинг Даҳақлия ҳудудига қарашли Азабатул арид қишлоғида туғилган. 1959-йил Қоҳира университетини аъло баҳоларга тугатган. 1965- йил магистратурани тамомлаган. 1972-йил “Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ва унинг ислом фиқҳидаги ўрни” мавзусида докторлик иши ёқлаб докторлик унвонини қўлга киритган. Мутахассислиги: фиқҳ ва усули фиқҳ фанлари. Ливия, Қатар давлат университетларида ишлаган. Жиддаги “Мажмаъул фиқҳил исламий” ва бошқа қатор ислом ташкилотлари аъзоси. Доктор Дусуқий 70 зиёд китоб ва илмий рисолалар муаллифи. Айни чоғда нафақа ёшида бўлишига қарамай, Қоҳира университети дорул улум факультетида ислом шариати бўлимида талабаларга дарс бериб келмоқда.

Load More In МАҚОЛАЛАР