МАҚОЛАЛАР ИСЛОМ ДИНИДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ 10 февраля, 2021 0 303 «Таҳрим» сурасининг 6-оятида: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли оилангизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг!»- деб марҳамат қилинди. Яъни, бу ояти карима ҳукмига кўра, ҳар бир мўмин ота-онаси, ўзларини ва оила аъзоларини дўзахга олиб борувчи гуноҳ ишлардан сақламоғи лозим. Ҳар бир ота-она бу гуноҳларни аввало ўзлари билмоғи ва фарзандларига билдирмоғи лозим. Динимиз бешикдан қабргача фойдали илм ўрганишга буюради. Инсон илм олиб, ўз билимларини мустаҳкамлаб бормас экан, бақувват ва эгилмас дарахтга айланолмай нимжон, ожиз ниҳол каби қолиб кетади. 7 ёшгача болада «гўдаклик» даври ҳукм суради. Бу даврда ота-она боланинг саломатлиги учун масъулдир. Уни кийим-кечак, озиқ-овқат ва бошқа барча зарурий нарсалар билан таъминлайди. Болага асл тарбия 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган «болалик» босқичида берилади. Ота-онанинг ўз вазифаларини сидқидилдан бажариши, айниқса, ушбу даврда катта аҳамиятга эгадир. Чунки одоб-аҳлоққа пойдевор шу даврда ҳозирланади. Бола бу босқичда тақлидчи бўлади, ота-онасидан, атрофдагилардан ўрнак олишга интилади, уларга тақлид қилади. Бу давр боланинг балоғатга қадам қўйиш даври бўлгани учун улар билан муомалада эҳтиёткорлик зарур. 14 ёшдан сўнг болада «ёшлик»босқичи бошланади. Бу даврда фарзанднинг вужуди камол топади, тани куч-қувватга тўлади. Агар олдинги босқичларда бола қалбига Аллоҳга юксак ишонч-севги, ватанга, оилага, ота-онасига, оиласига мухаббат, Аллоҳнинг қаҳрига қолишдан қўрқув ҳисси чуқур сингдирилган бўлса, ушбу босқичда фарзанд этук ИЙМОН эгаси бўлиб этишади. Сўнгра «навқиронлик» даври бошланади. Илк икки даврда ҳозирланган иймон қуввати, Ҳақ ва ҳақиқат ҳусусидаги билимлар ва «ёшлик» босқичида олинган гўзал ҳис-туйғулар бу даврга етук инсон бўлиб этишиши омилидир. Ота-она бу давргача фарзандлар тарбиясига бепарволик қилган бўлсалар, фарзандлар ҳар турли гуноҳларга юз бурган, турли ёмонликлар ва жиноятлардан ҳам тап тотмайдиган аҳлоқсиз инсонлар бўлиб қолади. Ота-оналар бу давргача болалари қалбига буюк иймон-эътиқод туйғусини сингдирган бўлсалар, фарзандлар бу даврда ўзларини ўнглаб олган, ҳар турли нафс балоларидан юз бура олувчи, ҳайрли ишларга бош бўладиган солиҳ ва комил инсонлар бўлиб етишадилар. Фарзанд бу даврда ҳар масала хусусида ота-она маслаҳатига муҳтож бўлади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч бир ота-она фарзандларига гўзал тарбия ва яҳши одобдан ортиқ бир туҳфа инъом этолмайди» деб марҳамат қилганлар. Шундай экан ота-оналар фарзандларини тарбияси ва одобига катта аҳамият бериши лозимдир. Шундагина бизларнинг шириндан шакар фарзандларимиз келажакда Ватнимиз тараққиёти, динимиз равнақи йўлида ҳизмат қиладиган етук инсон бўлиб, иккала дунёсини ҳам обод қилади. Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдулхамид домла АЛИЕВ