ФИҚҲ ИЛМИНИНГ ТАРИХИ–5

0
171

Аста секин Ислом оламининг турли жойларида фақиҳ уламолар етишиб чиқа бошладилар. Мазкур уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.

Биринчиси: Қуръони Карим. Яъни, фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръони Каримга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади.

Иккинчиси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Агар фақиҳ бирор нарсага жавобни Қуръони Каримдан топа олмаса, суннатга мурожаат қилади. Уни топиб, ҳукмини баён қилади.

Учинчиси: Ижмо – бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламоларининг бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир. Мисол учун, Қуръони Каримни китоб ҳолига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам такидланмаган.

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин урушларда Қуръони Каримни ёд биладиган қорилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга буйруқ бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Бу иш “ижмо” орқали амалга ошди.

Тўртинчиси: Қиёс. Яъни, аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани, шунга ўхшаш мазкур манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.

Мисол учун, Қуръонда хамр, яни ўша вақтда узум, арпа, асл, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик харом қилинган. Уламолар шунга қиёслаб, улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам  харом деб атаганлар.  Фақиҳларимиз суянадиган масдарлардан яна  урф, масолиҳул мурсала, шаръу ман қоблана каби баъзи манбалар ҳам бор. Улар мазкур тўртта асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар.

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Саид Афзалхон ЗИКИРЯЕВ

Load More In МАҚОЛАЛАР