МАСОЛИҲИ МУРСАЛА МОЛИКИЙЛАР НАЗДИДА

0
199

Айтиб ўтилганидек, Имом Моликнинг наздида масолиҳи мурсаланинг Ислом ҳуқуқи асосларидан бири эканлигида шубҳа йўқ. Бу нарса Усул китобларида очиқ – равшан тарзда айтиб ўтилган. Лекин моликий мазҳаби уламоларидан Ибн Ҳожиб моликийлар наздида масолиҳи мурсала шариат манбаларидан бири эканлигини инкор этади[1]. Замонамиз тадқиқотчиларидан бири ҳам бу фикрни қўллаб қувватлаган[2]. Бу борада иккиланган уламолар бор ҳам бор[3].

Доктор Мустафо Зайд “Имом Молик масолиҳи мурсалани шариат манбаси сифатида кўрмайди, деганлар ҳам ёки уни ҳеч қандай шарт ва қайдларсиз қабул қилади, деганлар муболаға қилиб юборганликларини таъкидлайди. Моликийлар уни инкор қилади деганлар, уларнинг фикрларини рад қилувчи кучли далилларни эътибордан четда қолдирган. Моликийлар уни ҳеч қандай шарт ва қайдларсиз қабул қилади, деганлар, улар масолиҳи мурсалага биноан ҳукм чиқаришда бир неча шартларга амал қилишларини эътибордан четда қолдирган”[4], дейди.

Яна Мустафо Зайднинг фикрига кўра, моликийлардан бўлган Имом Қарофийнинг масолиҳи мурсалани инкор этишига баъзи уламолар айрим ишларга фатво бериб, ушбу масалалар Имом Молик мазҳабидаги масолиҳи мурсалага биноандир, деганлари сабаб бўлган. Қарофий шунга ўхшаш нарсаларни инкор қилган[5].

Имом Моликнинг масолиҳи мурсалага биноан ҳукм чиқариши қандай асосларга кўра бўлганлигини Имом Шотибий шундай баён қилади: “Ақлларга равшан бўлган (инсонлар маслаҳасига) мутаносиб маънога кўра жорий бўлувчи одатий ишлар бобида у – Имом Молик маслаҳага оид маъноларни фаҳмлашда чуқур илдизга эга бўлган ҳолда жуда ҳам эркин тарзда ижтиҳод қилар эди. Тўғри, шу билан бирга шариат мақсадлари риоясини қилар, унинг асл манбаларидан бирига зид бўлмаслигини эътиборга олар эди. Шунчалик эркин эдики, ҳатто уламолар унинг бу жиҳатини қаттиқ танқид остига олдилар. Улар Имом Моликни ўзидан Ислом боғичини (дин масъулиятини) олиб ташлаб, янги шариат эшикларини очиб берди, дея гумон қилдилар. Бундай бўлиши ҳақиқатдан йироқдир. Имом бундай ишдан жуда узоқдадидир. Молик ўзларининг фиқҳларида олдингиларга эргашишни шунчалик даражада лозим тутганки, ҳатто баъзилар уни (мужтаҳид эмас) муқаллид деб ўйлаган”[6]. Бу моликий мазҳабининг катта уламоларидан бири томонидан айтилган сўз эди. Лекин моликий мазҳабига нисбат берилувчи, масолиҳи мурсалага кўра жорий қилинган бир неча масалалар борки, улар кўпчилик тарафидан шариатнинг асл манбаларига зид деб баҳоланган. Улардан айримлари қуйидагилар:

  1. Жавобгардан фақатгина даъвогарга таниш ва алоқадор бўлгандагина қасам ичишнинг талаб этилиши. Агар бундай қилинмаса жоҳил ва нодон кимсалар бошқа гуноҳсиз инсонларни уларнинг мол – давлатларини ўзлаштириш учун маҳкама ва қозихоналарга тортиб келишларига кенг йўл очиб берилади. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Даъвогарга ҳужжат, жавобгарга қасам лозимдир”[7] – деган ҳадисларига зиддир;
  2. Юқори табақа аёллари қайсидир сабаб билан бош тортсалар уларга ўз болаларини эмизишнинг вожиб эмаслиги ва аксинча паст табақа аёлларига бу ишнинг вожиблиги. Бу “Оналар ўз болаларини эмизурлар”[8] оятига зиддир.

Шу ва шунга ўхшаш бир неча масалалар моликийларининг бошқалар томонидан қаттиқ танқид қилинишига сабаб бўлди. Бироқ Бутий ва Шанқитий каби олимлар бу масалаларнинг Имом Молик ва унинг асҳобларидан ривоят саҳиҳ тарзда собит бўлмаганини ёки улар бу масалаларда масолиҳи мурсалага эмас, балки шариатнинг бошқа манбаларига таянганликларини айтиб ўтганлар. Жумладан юқоридаги икки мисолдаги ҳукмлар Доктор Бутий фикрига кўра масолиҳи мурсалага биноан эмас, балки улардан биринчиси Мадина аҳли амалига кўра, иккинчиси оятни урф билан шарҳ қилиш қоидасига асосан жорий қилинган. Юқоридаги сўзлардан келиб чиқиб, ҳақиқатдан ҳам масолиҳи мурсала моликийлар наздида Ислом ҳуқуқидаги мустақил бир манба сифатида кўрилишини айтишимиз мумкин.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Муҳаммадали ХАИТБОЕВ

[1] Доктор Мустафо Зайд. Алмаслаҳа фит ташрийъил исламий. – Миср.:Дорул юср. 1998. – Б.35.

[2] Ўша манба. – Б 35.

[3] Доктор Мустафо Зайд. Алмаслаҳа фит ташрийъил исламий. – Миср.:Дорул юср. 1998.  – Б 35.

[4] Ўша  манба. – Б 35.

[5]  Ўша  манба. – Б 35.

[6] Шотибий. Ал­эътисом. – Миср.: – Ж.2. – Б.133.

[7] Байҳақий. Сунани кубро. – Ҳайдаробод.: Низомия, 1344 ҳ. 21042­ҳадис.

[8] Бақара сураси. 233­оят.

Load More In МАҚОЛАЛАР