ЯНГИ ТУҒИЛГАН БОЛАНИНГ ТАНГЛАЙИНИ КЎТАРИШ.

0
233

Абу Мусо  (ра) дан ривоят қилинади.

“Менинг ўғлим туғилганида уни Набий (сав)нинг ҳузурларига олиб бордим. Ул зот уни “Иброҳим” деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларирнинг каттаси эди”.

Икки Шайх ривоят қилишган.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳ (сав) нинг ҳузурларига олиб борар эдилар. Ул зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, ўта хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо (ра)  нинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар.

Ана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.

“Ул зот уни “Иброҳим” деб номладилар”.

Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки, ундай кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар.

Расулуллоҳ  (сав) нинг Абу Мусо (ра)  нинг ўғлига “Иброҳим” исмини қўйганлари ҳам бунинг ҳам бир мисоли.

“…хурмо ила  танглайини кўтардилар…”

Ёш боланинг танглайини кўтариш – катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб, боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Расулуллоҳ (сав) деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир.

“..ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар.”

Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Муслимбек ЙЎЛЧИБОЕВ

Load More In МАҚОЛАЛАР