МАҚОЛАЛАР ЖУМЪАДАН ОЛДИНГИ ВА КЕЙИНГИ СУННАТ НАМОЗЛАР – 2 26 марта, 2021 0 178 Имом Муслим ҳазратлари яна Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан мана бу ҳадисни ривоят қилганлар: “Сизлардан кимки жумъадан кейин намоз ўқимоқчи бўлса, бас, тўрт ракъат ўқисин!” Демак, жумъанинг фарзидан сўнг суннат намози ўқимоқчи бўлганларга тўрт ракъат ўқиш тавсия қилинмоқда. Ҳатто мазҳабимизнинг пешволаридан бири Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи жумъадан сўнг олти ракъат суннат ўқишни тавсия қилганлар. Чунки, Имом Абу Довуд ҳазратларининг ривоятларига кўра, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу Маккага келганларида олти ракъат намоз ўқиганлар. Мадинада эса уйларига кетиб, икки ракъат ўқир эканлар. Бу ҳақда ул зотдан сўралганда, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганликларини, зикр қилганлар. Ушбу ривоятлардан кўриниб турибдики, жумъанинг кейинги суннатини ҳаргиз қолдириб бўлмайди. Пайғамбарини севган одам шундай қилади! Энди, кези келганда, жумъанинг фарзидан олдин ўқиладиган суннат намози ҳақида ҳам айтиб ўтсак. Бу ҳам таъкидланган суннатлар жумласига киради. Маълуму машҳур саҳобий Ибн Аббос разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда, Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жумъадан аввал орасини ажратмасдан тўрт ракъат намоз ўқиб олар эканлар. Бу ҳадисни Ибн Можжа ҳазратлари Бишр ибн Убайд разийаллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилган. Бу гапни Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам тасдиқлаган. Имом Табароний ҳазратлари ривоятига кўра, жумъадан аввалги тўрт ракъат намоз бир салом билан (яъни, икки ракъатдан ажратилмасдан) бўлган. Юқоридаги тақриротлардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, мазҳабимизнинг фиқҳий китобларида келган: “Жумъанинг фарзидан аввал ҳам, кейин ҳам тўрт ракъат намоз суннатдир”, дейилган фатво саҳиҳ ҳадиси шарифларга суяниб чиқарилган! Р.Уринбаев, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси