КИЙИНИШ ОДОБЛАРИ

0
175

Либос бу – Аллоҳнинг Ўз бандаларига берган неъматларидан биридир. У нафакат инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, балки, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади «Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир» (Аъроф сураси: 26-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини «нозил қилдик» деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.

Киядиган либосларни инсонга фойдалари қуйидагилардан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири ҳақида Қуръони карим оятлари бизга хабар беради:

1) Либос инсон учун зийнатдир.

«Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай.» (Аъроф сураси 31 – оят).

2) Авратларимизни беркитувчи восита.

«Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик*. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!» (Аъроф сураси 26 – оят).

3) Иссиқ ва совуқдан тўсувчи омил.

«Аллоҳ сизлар учун ўзи яратган нарсалардан соя жойлар (бунёд) этди ва сизлар учун тоғлардан бошпаналар қилди ҳамда сизлар учун иссиқ (ва совуқ)дан асрайдиган кийимлар ва сизларни (турли) хавфдан сақлайдиган совутлар яратди. (Имон келтириб) мусулмон бўлурсиз, деб У сизларга ўз неъматини шу тарзда мукаммал етказиб туради.» (Наҳл сураси 81 – оят).

Демак, либос инсон ўз бойлигини билдириш, ўзгалар устидан кулиш ва такаббурлик қилиш учун эмас, балки оятларда айтилган мақсадлар учун кийилади.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Ойбекжон домла САТТОРОВ

Load More In МАҚОЛАЛАР