МАҚОЛАЛАР МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ ЗАРУРАТИ 8 сентября, 2022 0 163 Мазҳабга эргашиш тақлид дейилади. Тақлид вожибдир. Чунки, динга амал қилишда тақлид қилмай нажот топиш мушкулдир. Баъзи шаръий далилларни бир неча маънолари бўлиб, амал қилишда уларнинг бирини таъйин қилиш ёки устун бўлганини топишга ҳар ким қодир эмас. Бундан ташқари айрим масалалар бўладики, Қуръон ва ҳадисда унинг ёрқин далили бўлмайди. Натижада унинг ҳукмини ечиш учун бутун шаръий далилларни ўрганиб ҳукм чиқаришга эҳтиёж туғилади. Табиийки, бунга ҳар ким қодир бўлмайди. Мана шу сабаблар туфайли юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун соғлом ақл эгаларида мужтаҳид имомларга эргашиш зарур, деган фикр туғилиши табиий бир ҳолдир. Аммо, ҳозирда муайян бир мазҳабга эргашган кишиларни кўр-кўрона тақлид қилишда айблаб, уларни гумроҳликда айбловчи тоифалар пайдо бўлганки, уларнинг даъво қилишича мужтаҳид имомларга эргашиш, уларга тақлид қилишнинг ҳожати йўқ эмиш. Бу тоифа тақлидни ҳаром, ширк, тақлид қилувчиларни эса адашган гумроҳлар деб номлашгача борадилар. Уларнинг даъвосича ҳар бир инсон ўзи тўғридан-тўғри Қуръони Карим ва ҳадислардан далил олиб амал қилиши керак. Тақлиднинг вожиблигига ишора қилувчи оят ва ҳадислар. فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз” (Наҳл сураси 43-оят) ثُمَّ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ أَنِ اتَّبِعْ مِلَّةَ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا ۖ وَمَا كَانَ مِنَ الْمُشْرِكِينَ “Иброҳимнинг ҳаққа мойил миллатига эргаш…” (Наҳл — 123) عن خذيفة قال كنا جلوسا عند النبي صلي الله عليه و سلم فقال: اني لا ادري ما قدر بقائي فيكم فاقتدوا باالذين من بعدي و اشار الي ابي بكر و عمر رواه الترمذي و قال هذا حديث حسن “Ҳузайфа разияллоҳу анҳу айтадилар: Биз Набий саллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида эдик. У зот: “Мен сизларнинг орангизда яна қанча яшашимни билмайман. Шунинг учун мендан кейин Абу Бакр ва Умарга эргашинглар” – дея ишора қилдилар (Имом Термизий ривояти). Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”. Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар. Бу ихтилофлар ва муаммоларнинг ечими бемазҳабликни қўйиб, Аҳли сунна вал жамоанинг муайян бир фиқҳий мазҳабига амал қилиш, мазҳаблар ўртасидаги ўзаро ҳурматни сақлаш, Қуръон ва суннатни улуғ мужтаҳид уламоларимиз каби тушунишдир. Муҳаммадазиз Омонбоев, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси