ТАВАССУЛ МАСАЛАСИ

0
177

Дуода марҳумларни васила қилиш масаласидаги даъволари ва унга раддия

Тавассул Аллоҳ таолонинг сифатлари, солиҳ амаллар, тирик ва вафот этган улуғ инсонларни восита қилиб Аллоҳдан ҳожат сўрашдир. Мусулмон умматининг энг хайрли аждодлари бўлмиш саҳоба ва тобеинлар сўралган нарсани ато қилувчи ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидир деб эътиқод қилган ҳолда тавассул қилиб дуо қилиш жоиздир, тавассул дуонинг ижобатига бир сабабдир, деб ижмо қилганлар. Уммат бу масалада то ҳижрий саккизинчи асрга қадар якдил бўлган. Аҳли суннат жамоасининг ҳанбалийлик фиқҳий мазҳабидан «салафийлик» оқими асосчиси Аҳмад ибн Таймия ўз қарашлари билан

ажраб чиқдию, шу даврдан бошлаб тавассул масаласида уммат иккига бўлинди.

Тавассул аслида фуруот масалалардан бўлиб, фиқҳий манбаларнинг қабр зиёратига доир бўлимларидан жой олган. Аммо кейин пайдо бўлган аҳли бидъат тавассул қилувчиларни мушрикликда айблаб, буни усулид дин масалалари қаторига қўшиб юбордилар. Ибн Таймияга кўра Аллоҳнинг сифатлари, солиҳ амаллар ва тирик ҳолдаги солиҳ инсонлар билан тавассул қилиб дуо қилиш дуруст, аммо марҳумларни васила қилиб тавассул қилмоқ ширкдир. Бу ҳақда у ўзининг «Ат-тавассул вал васила» номли китобида батафсил баҳс юритган. Ўтган пайғамбарлар ва солиҳ авлиёларни тавассул қилиб дуо этиш одати аҳли тасаввуф орасида жуда оммалашган эди. Аҳли бидъат тавассул қилувчи аҳли тасаввуфни ёппасига мушрикликда айблаб, мусулмон умматининг парчаланишига сабаб бўлди. «Салафийлар»нинг бугунги авлодлари ҳам сўфийларга «мушриклик» тамғасини ёпиштиришдек қабиҳ ишларида бобокалонлари Ибн Таймияга эргашиб келишади.

Ҳофиз Исмоил ибн Касир раҳимаҳуллоҳ «Ал-Бидоя ван ниҳоя» китобида зикр қилишича, Ибн Таймия тавассулни ширк дейишдан кейинчалик қайтган. Тасаввуфчи сўфийлар Ибн Таймиянинг устидан ўша давр маҳкамасига арз қиладилар, маҳкамага чақирилган Ибн Таймия «Пайғамбарлар билан ибодат маъносида истиғоса қилинмайди, лекин тавассул қилиб уларнинг воситасида дуо қилинаверади», деб жазодан қутулиб қолади. Шу билан бу мавзудаги

шов-шувли ихтилофлар бироз тинса-да, халқ орасига Ибн Таймиянинг бузуқ фикрлари маълум даражада сингиб бўлган эди. Кейинчалик бу қабиҳ фикрни Арабистон ярим ороли, Нажд ўлкасида дунёга келган «ваҳҳобийлик» оқимига асос солган Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳам қайта жонлантирди. Ибн Таймияга тобе бўлган ҳолда қабр зиёратини дуруст билувчилар ва тавассул қилиб дуо этувчиларни омматан «ширк»да айблаб, уларга «қубурий» деган қабиҳ лақаб қўйди.

Султон Абдулҳамид даврида Маккада мударрислик қилган шофиий мазҳаби муфтийси шайх Аҳмад Зайний Деҳлоний раҳимаҳуллоҳ «Ад-Дурарус санийя фир радди ъалал ваҳҳобийя» номли рисоласида бундай ёзади: «Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб шундай дер эди: мен сизларни ширкдан воз кечиб тавҳид томон юришга чақираман. Шуни билиб қўйингларки, етти қават осмон остидаги ҳамма инсон ёппасига мушрик бўлиб келган. Ким бир мушрикни ўлдирса, бас, унга жаннат бўлсин» («Ад-дурарус санийя фир радди ъалал ваҳҳобийя», 46-бет. «Мактабату ҳақиқа», Истанбул, 2002).

Ҳозирги «салафийлар»нинг аждодларидан саналмиш Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб бу фатвоси билан мусулмонларни аёвсиз ўлдириш ва улар қадимдан ихлос билан зиёрат қилиб келган мақбара ва мозорларини бузишга йўл очиб берди. Унинг омий тарафдорлари эса бу аҳмоқона фатвога суяниб бузғунчиликлар қилишда бир-бирлари билан мусобақа бошлаб юбордилар.

Бугунги кунда мусулмонларни ўлдириб, масжид ва мақбараларни портлатиб юрган ақлсизларнинг ҳаммаси Ибн Таймия ва Ибн Абдулваҳҳобнинг ақидавий давомчиларидир.

«Салафийлик» оқимининг яқин раҳнамоларидан бири Носируддин Албоний ҳам бу тоифа-нинг қадимги йўлбошчилари каби марҳумлар билан тавассул қилишни ҳаром ва залолат деб фатво берганлардан биридир. Унинг бу фатвоси бугунги кунда оқим аъзоларига маълум ва машҳур. Носируддин Албонийнинг «Ат-тавассул анвоъуҳу ва аҳкамуҳу» номли рисоласида бу ҳақда батафсил ўқиш мумкин. Аммо шуниси қизиқки, Носириддин Албоний тавассул қилувчиларни залолат ва ширкда айбласада, «Ақидатут таҳовий»нинг шарҳи аввалидаги муқаддимасида тавассул масаласи фуруот масалаларидандир, деб ўтган.

Бу мантиқсиз номувофиқликни Носируддин Албонийнинг мухлислари бир ўйлаб кўришлари керак! Ахир фуруот масаласидаги ихтилоф қандай қилиб икки томондан бирини мушрик ё залолатга мансуб қилади?! Одатда усулид диндаги ихтилофлар натижасида икки томондан бири аниқ кофир ё бидъатчи деб ҳукм қилинади. Фуруотда эса далил асосида бўлган ихтилофларга кенг йўл борку?! Буни «салафийлар» бир ўйлаб кўришсин.

Аслида улуғларнинг қабрларини зиёрат қилиш ва марҳумлар воситасида Аллоҳдан ҳожат сўраб дуо қилиш бузуқ тоифалар зоҳир бўлгунига қадар бирдамлик ва иттифоқ ила қабул қилинган ижмоий масаладир. Бу масалага ижмо боғлангани ҳақида жуда кўп уламолар айтиб ўтган. Тавассулни қабул қилолмайдиган аҳли бидъат, қайсар мазҳабсизларга мазҳаб уламолари тарафидан ҳар қанча кучли далил келтирилса ҳам, улар қайсарлик ва мутаассибликлари туфайли бунга эътиборсиз бўлиб келишади. Шундан келиб чиқиб, тавассул дурустдир, деб эътиқод қилувчи тўрт фиқҳий мазҳабдан бирига тобе олимларнинг қавлидан кўра бемазҳаблар учун қадрли ва ҳурматли бўлган Имом Шавконийнинг тавассул ҳақидаги қарашларини тақдим қилсак, янада кучлироқ жавоб бўлади. Имом Шавконийнинг «Туҳфатуз зокирин» китоби 37-бетида «Важҳут тавассул билъанбиё вас солиҳин» («Пайғамбар ва солиҳлар билан тавассул қилиш нуқтаи назари») номли алоҳида бир бўлим бор. Китобнинг 138-бетида ҳам муаллиф тавассулнинг жоиз эканини батафсил баён қилган ҳамда тавассул то саҳобалар давридан ижмоан қабул қилинган амал эканини исбот этган. Шунингдек, Имом Шавконий «Ад-дуррун назийд фий ихлоси калиматит тавҳид» номли китобида тавассул ҳақида кучли далиллар билан Ибн Таймияга рад жавоблар берган. Шавконийнинг сўзларини динга доир билиб юрганлар унинг тавассул ҳақидаги қарашларига нима дер эканлар?!

Юқорида келтирилган маълумотларни текшириб, бемазҳаблар орасидаги ақидавий зиддият ва келишмовчиликларга гувоҳ бўлар экансиз, энг тўғри йўл бу аҳли суннат жамоатида экани, мазҳабсизлик эса бетайин, қолипсиз бир парокандалик сари олиб борувчи боши берк сўқмоқ эканига ишонч ҳосил қиласиз.

Билим юрти мударриси Б.Тожибоевнинг ““Салафий”ларга илмий раддиялар” китобидан

Билим юрти матбуот хизмати

Load More In МАҚОЛАЛАР