МАҚОЛАЛАР Дўзахнинг абадий ёки фонийлиги» масаласи 23 декабря, 2022 0 174 Аввало, шуни эслатиб ўтиш жоизки, дўзах-нинг фоний ёки абадий эканлиги усулид диннинг хатарли масалаларидан бўлиб, бунда ихтилоф қилишга асло йўл йўқ. Зотан, эътиқодий масалалардаги ихтилоф икки томондан бири ё кофир ёки бидъатчи эканининг нишонаси бўлади. Ақоид илмидан хабари бор аҳли илм орасида кенг тарқалган, машҳур гап борки, «Ибн Таймия ва шогирди Ибн Қайюм Жавзий иккисининг айтишича, дўзах абадий эмас. Кун келиб, дўзах аҳолиси етарли жазо олиб бўлганидан кейин жаннатга чиқарилади ва шу билан дўзах фонийликка юз тутади». Бу гап аксар китобларда салафийларнинг энг улуғи Ибн Таймия ва унинг яқин талабаси Ибн Қайюм Жавзийга нисбат бериб келинади. Ҳатто баъзи олимлар бу масала юзасидан Ибн Таймияга раддиялар ҳам битган. Мисол тариқасида Амир Санъонийнинг «Рафъул астор ли ибтоли адиллатил қоилийна бифаноъин нор» номли китобини келтириш мумкин. Муаллиф китобни Ибн Таймия ва унинг ўқувчиси Ибн Қайюм Жавзийга рад жавоб тарзида ёзган. Китобда дўзах ҳам, жаннат ҳам ўз аҳли билан абадий экани етарли далиллар билан исбот қилинган, Ибн Таймия ва унга бу масалада эргашганларнинг сўзи пуч экани асослаб берилган. Энг қизиқ жиҳати, бу китобни «салафийлар»нинг ишонган «тоғ»ларидан бири – «салафий» Имом Носир Албоний таҳқиқ қилиб, кўриб чиқади ва муаллифни мақтаб, илмий ишига юқори баҳо беради. Янги нашрда ўз муқаддимасини ҳам қўшимча қилади. Китобнинг 1984 йили Байрутдаги «Ал-мактабатул исломия» босмахонасида чоп этилган нусхаси 25-саҳифасида Албонийнинг ушбу сўзлари бор: فكيف يقول ابن تيمية: و لو قدر عذاب لا اخر له لم يكن هناك رحمة البتة فكان الرحمة عنده لا تتحقق إلا بشمولها للكفار المعاندين الطاغين! اليس هذا من اكبر الأدلة على خطاء ابن تيمية و بعده هو و من تبعه عن الصواب فى هذه المسألة الخطيرة؟! غفرانك اللهم! Яъни «Ибн Таймия қуйидаги гапни қандай асос билан айтган экан: «Агар чексиз азоб мавжуд деб фараз қилинса, у ҳолда (Аллоҳнинг) раҳмати йўқ экан, деган хулоса чиқади». Ибн Таймиянинг фикрича, Аллоҳнинг раҳмати қачонки адашган кофирларни ҳам қамраб олсагина мавжуд бўлар экан. Шунинг ўзи Ибн Таймия ва унга эргашганларнинг бу хатарли масалада тўғри йўлдан йироқлашиб кетганига энг катта далиллардан эмасми?! Эй Аллоҳим, Ўзинг кечир!» (Рафъул астор ли ибтоли адиллатил қоилийна бифаноъин нор, Таҳқиқи Муҳаммад Носируддин Албоний). Бу сўзларни мулоҳаза қилиб кўрган ҳар бир ақлли инсон ҳайратдан ёқа ушламасдан иложи йўқ. Чунки «салафий» оқимининг барча аъзолари Ибн Таймияни «салафийчилик»нинг асосчиларидан бири деб тан олади. Носир Албонийни эса бу йўлнинг давомчиларидан деб бошига кўтаради. Носир Албоний бу масалада аҳли суннат вал жамоатга мувофиқ бўлса, Ибн Таймия мухолиф бўлган. Табиий савол туғилади: дўзахнинг боқий ё фоний эканида икки салафий раҳнамодан қай бири ҳақ? Биламизки, бу усулид дин масалаларидан бўлиб, унда фақатгина бир хил қарашга йўл бор, иккинчи фикр эгаси аниқ залолатда бўлади. Бу ўринда Ибн Таймия залолатдами ёки Носир Албоний адашганми? Ислом умматини бирдамликка, асл салафлар йўлига даъват қилаётган «салафий»чилик тарғиботчилари бу ҳақда нима дейишар экан?! Уларнинг ўзлари улуғ бобокалонлари Ибн Таймиянинг бу эътиқодидан хабардорми?! Наҳотки салафлар деб таъриф берилмиш саҳоба ва тобеъинлар орасида шундай зиддиятлар мавжуд бўлган бўлса?! «Салафийлар», қаёққа кетмоқдасиз?! Умматни қаерга етакламоқдасиз?! Билим юрти мударриси Б.Тожибоевнинг ““Салафий”ларга илмий раддиялар” китобидан Билим юрти матбуот хизмати