MAQOLALAR Пайғамбар алайҳиссаломнинг сири 7 февраля, 2023 0 125 Пайғамбар алаҳиссаломнинг ўн йил хизматини қилган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади: Бир куни болалар билан ўйнаётган эдим. Пайғамбар алайҳиссалом ёнимга келиб бизга салом бердилар ва мени бир ишга юбордилар. Мен қайтиб келгунимча бир деворнинг соясида ўтирдилар. Сўнгра менга: “Бу ишни ҳеч кимга айтма!” деб тайинладилар. Шу сабабли уйга кеч келдим. Уйга келганимда онам: – Нега кеч қолдинг? – деб сўради. – Пайғамбар алайҳиссалом мени бир ишга юборгандилар, шунинг учун кечикдим, – дедим. Онам: – Қанақа иш экан у иш, – деб сўради. – Бу сир, айта олмайман, – дедим. Шунда онам менга: – Ўғлим, Пайғамбар алайҳиссаломнинг сирини ҳеч кимга айта кўрма,– деди. Мен ана шу сиррни ҳеч кимсага айтмадим. Анас ибн Молик бу ҳодисани шогирди Собит ал-Бунонийга гапириб берганидан кейин унга бундай деди: “Собит, агар шу сирни бирор кишига айтадиган бўлсам, қасамки, уни фақат сенга айтган бўлардим”[1]. Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ [1] Бухорий, Истеъзан, 46; Муслим, Фазоил ус-саҳоба, 145,146; Абу Довуд, Салом, 147; Ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, III, 109, 174, 235.