Пайғамбар алайҳиссаломнинг сири

0
124

Пайғамбар алаҳиссаломнинг ўн йил хизматини қилган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:

Бир куни болалар билан ўйнаётган эдим. Пайғамбар алайҳиссалом ёнимга келиб бизга салом бердилар ва мени бир ишга юбордилар. Мен қайтиб келгунимча бир деворнинг соясида ўтирдилар. Сўнгра менга: “Бу ишни ҳеч кимга айтма!” деб тайинладилар. Шу сабабли уйга кеч келдим. Уйга келганимда онам:

– Нега кеч қолдинг? – деб сўради.

– Пайғамбар алайҳиссалом мени бир ишга юборгандилар, шунинг учун кечикдим, – дедим.

Онам:

– Қанақа иш экан у иш, – деб сўради.

– Бу сир, айта олмайман, – дедим.

Шунда онам менга:

– Ўғлим, Пайғамбар алайҳиссаломнинг сирини ҳеч кимга айта кўрма,– деди.

Мен ана шу сиррни ҳеч кимсага айтмадим.

Анас ибн Молик бу ҳодисани шогирди Собит ал-Бунонийга гапириб берганидан кейин унга бундай деди: “Собит, агар шу сирни бирор кишига айтадиган бўлсам, қасамки, уни фақат сенга айтган бўлардим”[1].

Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан

Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ

[1] Бухорий, Истеъзан, 46; Муслим, Фазоил ус-саҳоба, 145,146; Абу Довуд, Салом, 147; Ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, III, 109, 174, 235.

Load More In MAQOLALAR