Мазҳабсизлик-хатарли йўл

0
158

Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зотнинг ўзлари баён қилар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин одамлар билмаган нарсаларини асосан саҳобалардан сўрар эдилар. Гоҳида учраб турадиган қийин масалаларни ечиш учун эса энг билимдон саҳобалар йиғилиб маслаҳат қилишар ва фатво беришарди. Кейинчалик саҳобалар яшаш учун турли юртларга кўчиб кетдилар. Одамлар ўзлари суҳбатига етишган олим саҳобаларнинг фатволарига амал қилишарди.

Ўша даврнинг марказий шаҳарлари – Мадинада Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумнинг фатволарига амал қилинарди. Айнан мана шу даврларда саҳобалар мазҳаби шаклланганини кўриш мумкин.

Шундан кейин бу зотларнинг шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Фатволарнинг асосий қисмида ўз имомларига эргашдилар ва уларнинг мазҳабларини қўллаб қувватладилар. Замонлар ўтиши билан йигирмага яқин мазҳаблар ичидан фақат буюк тўрттаси қолди. Қолганларининг баъзи фатволари турли китобларда учраб туради холос.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ҳозирда кўп такрорланаётган “Динда мазҳабларга эргашиш йўқ!”, “Саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган” каби пуч даъволарга мутлақо илмий асос мавжуд эмас. Саҳобалар даврида ҳам мужтаҳид саҳобалар мазҳаби бор эди. Саҳобалар мазҳаби асосида ҳозирга қадар етиб келган тўртта фиқҳий мазҳаблар сақланиб қолди.

Мазҳабга эргашиш – Қуръон ва суннатни қўйиб шахсга эргашиш эмас, балки айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (“Наҳл” сураси 43-оят).

Фиқҳий мазҳаблар ҳозирга қадар мусулмонлар бирдамлигини сақлашда асосий омил бўлиб келмоқда. Муҳаддис олимлардан бири Абдулҳақ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ тўрт мужтаҳид имомлар йўли ҳақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта йўли – мазҳаби бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди” (“Шарҳу сафарус-саъада” китоби).

Ҳозирги кунга келиб, буюк мужтаҳид олимларни қўйиб, ўзларига эргашишга даъват қиладиган қўштирноқ ичидаги “мужтаҳидлар” кўп учрамоқда. Улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўзларининг нафсу ҳаволари билан изоҳлаб, салафи солиҳларимиз йўлидан оғишмоқда.

Ҳозирда бемазҳабликка чақираётган кишилар “Аллоҳ таоло мазҳабга эргашишга буюрмаган, балки зикр аҳлидан сўрашга буюрган”, дея одамларни алдашга уринмоқда! Хўш, мазҳаббошлари зикр аҳли бўлмаса, унда ким экан?! Ахир мужтаҳид имомларимизнинг илмига, тақвосига ва илмий омонатдорлигига бутун уммат тасаннолар айтган бўлса, уларнинг илмига эргашмасдан яна кимга эргашиш керак?!

Бошқа бир ҳадиси шарифда янги-янги тоифалар пайдо бўлиб, одамларни тўғри йўлдан оздириши ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом огоҳлантирганлар: яъни: “Охирзамонда «дажжоллар», каззоблар бўладилар, улар сизлар ва сизларнинг оталарингиз ҳам эшитмаган ҳадисларни кўтариб келадилар. Сизлар улардан, улар эса сизлардан узоқ бўлсин! Улар сизларни залолатга бошлаб қўймасинлар, сизларни фитнага аралаштириб, алдамасинлар!”(Имом Муслим ривоятлари).

Муайян мазҳабга тақлид қилган мусулмонлар ҳозирда ҳам, ҳозирги кунга қадар ҳам умматнинг мутлақ кўпчилигини ташкил қилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида:яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг”, – деганлар (Имом Ибн Можа ривоятлари). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Ислом уламолари ҳар бир даврда мазҳабга эргашиш лозимлигини уқтириб келишган. Имом Ал-Мардовий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Ижтиҳод қилишга лаёқати бўлмаган ҳар бир кишига бирор муайян мазҳабга тақлид қилиши лозим бўлади. Бундан фақат ижтиҳод даражасига етган киши мустаснодир” (“Риоятул-кубро” китоби).

Имом Нафровий раҳимаҳуллоҳ ҳам айтадилар: “Тўрт мазҳаб имомидан бирига эргашиш вожиблигига мусулмон умматининг ижмоси тузилгандир. Фақат ижтиҳод аҳллари бундан мустасно” ( “Фавокеҳуд-девоний” китоби)

Аллома Муҳаммад Амин Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: “Муайян мазҳабда фатво берувчи кишининг ўз мазҳабида аниқ кўрсатилган масалада бошқа мазҳаб йўлини тутиши ва у бўйича фатво бериши жоиз эмас”, – дейдилар (“Минҳатул-Холиқ” китоби).

 Хулоса қилиб айтганда, мазҳабларга эргашиш – шариат кўрсатмасига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Зеро, Ислом тарихида бирор муфассир ёки муҳаддис ёхуд фақиҳни бемазҳаб бўлгани маълум эмас. Фақатгина мужтаҳид бўлган кишилар бундан мустасно холос. Шаръий илмлар борасида мусулмонларнинг илми етарли бўлмаган бугунги даврда, баъзилар томонидан мазҳабларни инкор қилиш фақат мусулмонларнинг бирдамлигига футур етказади холос.

Билим юрти 4-курс 79-гуруҳ талабаси

Фозилов Ҳожиакбар

Билим юрти матбуот хизмати.

Load More In MAQOLALAR