Тариқат асли — илму ирфондир

0
179

Тариқат асли — илму ирфондир

(Сохта тариқатчиларга раддия)

2-қисм

Ислом дини ақидаси бўйича, биз мусулмонлар шариатга ҳам, тариқатга ҳам баробар-ижобий эътиқод билан қараймиз. Тасаввуф тариқатлари ислом  шариати аҳкомларини тўла эътироф этган ҳолда мўмин-мусулмонларнинг ахлоқий фазилатларини такомиллаштиришга хизмат қилади деб биламиз. Лекин баъзи бир чаласавод, сохта эшонлар фақат ҳозир эмас, балки, илгари даврларда ҳам шариатимизга ўзларининг ножўя ҳаракат ва сохта кароматлари билан доғ тушириб келганлар.
Шу каби эшонларнинг сони кўпайиб бораётгани бу, албатта барча аҳли мусулмон-мўминлар учун катта офатдир. Билишимизча, улар пирга инобат қилиб қўл бериш фарзи айн деб, қўл бермаганларни куфрга чиқараётган эмишлар. Бу шариатимиз нуқтаи назаридан мутлақо хато эътиқод. Инобат қилиш ихтиёрий бир нарса. Пири комилга қўл бериб, тариқатга киришга ҳар ким ҳам лаёқатли бўлавермайди. Бу йўлда хато қилмаслик керак. Иккинчидан, улар “пирга қўл бериб, тавба қилган кишининг қазо намозлари ҳам бўйндан соқит бўлади”, дер эмишлар. Бу нарса ҳам на шариатда ва на тариқатга доир китобларда айтилмаган қуруқ даъво. Қазо намозларини соқит қиладиган амал бўлиши мумкин эмас. Учинчидан, таҳажжуд намозини фарз деб ният қилиш керак эмиш. Бу ҳам нотўғри. Таҳажжуд намози нафл намозларидан ҳисобланади. Уни нафл деб ният қилиб ўқиш лозим. Фарз билан нафл орасида жуда катта фарқ бор.  Тўртинчидан, кун чиқаётганда, қиём пайтида ва кун ботаётган пайтда ҳар қандай намоз сиғмайди. Нафл ҳам шу жумладандир. Бу уч маҳал ҳеч қандай намозни ўқиш жоиз эмас. Уларнинг жоиз деб қилган даъволари асоссиздир. Бешинчидан, фарз намозларидан кейин Пайғамбаримиз алайҳис салом  таълим берган махсус зикрлар борки, уларни ўқиш айни савоб, Аллоҳ-Аллоҳ деб қўйиш ҳеч қачон маснун зикрлар ўрнига ўтмайди. Эътирозга сабаб бўлаётган масалаларнинг яна бири, тариқатга кирган кишига илмнинг шарт эмаслиги ва ҳатто илмни тарк қилиш афзаллиги. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис салом  илмни одамзот учун қанчалик  зарур эканлигини унинг чегараси йўқлиги, уни ҳаммма талаб қилиши фарз эканлигини таъкидлаганлар: «Илм талаб қилиш ҳар бир эркак ва аёл мусулмонларга фарздир.”, деганлар. Нима учун?   Ният қилиш учун ҳам илм керак.Ихлос  қилиш учун ҳам илм керак. Ибодат қилиш учун ҳам илм керак. Аллоҳ таолонинг ризолигини топиш учун ҳам албатта, илм керак. Қолаверса, дўзахдан қутилиб, жаннати бўлиш учун ҳам илм керак. Турмишимиз обод, Оилаларимиз фаровон бўлиши  учун ҳам илм керак. Бу  дунё саодатини топиш учун ҳам илм керак. Яна бошқа ҳадисда эса: “Ким дунёни ҳоҳласа у тижорат қилсин. Ким охиратни ҳоҳласа зуҳд тақвони лозим тутсин. Ким иккаласини ҳоҳласа илм ўргансин”.

Дарёга шўнғисанг дурга етасан, Илмга шўнғисанг нурга етасан.
Илмли одамни улуғлар замон,   Қаерда бўлмасин, бўлади омон.
Илм ўқиш учун ким бўлса равон,   Бошига фаришта бўлар соябон.
Қуръонда Ҳақнинг бор зўр инояти,   “Робби, зидний илман” келди ояти.
Айрим мутаассиб муридлар томонидан пирнинг таҳоратидан қолган сувни истеъмол қилиниши ҳолатлари учрайди. Пирнинг таҳоратидан қолган сувни табаррук қилиб ичиш масаласида улар қўпол хатога йўл қўймоқдалар. Имом Раббоний “Мактубот” асарида: “Таҳоратни ният қилиб ишлатилган сувни ичиш мумкин эмас. Имом Аъзам наздида бу сув нажосат аралашган бўлади. Фақиҳлар уни ичишни ман этганлар”-дейди.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўз муридлари билан суҳбат қуриб ўтирганларида, бир киши у зотнинг ҳузурларига ҳавода учиб келди. Бу ҳолни кўрган муридлар: “Кароматни кўринг-а?, деб ҳайратга тушишди. Шунда Баҳоуддин ҳазратлари унинг ҳақиқатини билиб: “Чивин ҳам ҳавода учади”, дедилар. Сўфи Оллоёр ҳазратлари: шариатсиз киши учса ҳавога, кўнгил берма анингдек худнамога деб тўғри айтганлар. Кўриниб турибдики, айрим тариқатчиларнинг қилаётган амаллари шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам тўғри келмайди. Бундан ташқари, оддийгина инсоний мантиқ ва мезонига ҳам мос эмас.

Билим юрти мударриси:
Муҳаммадюсуф домла  Тўрақулов.

Load More In МАҚОЛАЛАР