МАҚОЛАЛАР УСТОЗГА ТОБЕЛИКДА ҲАМ ЧЕГАРА БОР 4-қисм 18 января, 2024 0 120 ТАРИХДАН МИСОЛ Тарихга назар солсак, дини ва эътиқодини соғлом сақлаш учун Аллоҳнинг розилигини истаб хатокор устозларига қарши боришга ўзларида журъат топа олган ҳидоятлик олимларнинг борлигига ҳам гувоҳ бўламиз: Аҳли сунна вал-жамоа ақидавий йўналишининг бош етакчиларидан бири ҳазрати имом Ашьарий раҳматуллоҳи алайҳ суннийлар ҳонадонида дунёга келган. Аммо дин илмларини мўътазилий олимларидан олади. Абу Али Жубоий у кишининг энг улуғ устозларидан бири эди. Абу Али Жубоий кўплаб илмий баҳс-мунозараларга ишонган шогирди имом Ашъарийни етаклаб у кишининг илми ва сўзамоллиги воситасида сунний мунозарачиларини мот қилиб қайтарди. Имом Ашъарий ўзи эътироф қилиб айтадики, бир кун устозим ўргатган эътиқод—мўътазилаликдан қониқмай қолганимни ҳис қилдим ва узоқ ўйланиб бу ақиданинг тўғри эмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Бунга устозим билан бўлган бир баҳсимиз сабаб бўлган эди. Ўшандан кейин бир қанча вақт кўпчиликка қўшилмадим. Аллоҳдан ҳидоят сўраб уйимда ибодат қилдим. Ва бир жумъа куни Басра шаҳридаги жомеълардан бирида минбарга чиқиб бор овозим билан жамоаатга дедим: Ҳалойиқ! Мени таниган-у танимаганлар! Билиб қўйинглар, мен фалончининг ўғли фалончи илгари Қуръон махлуқ (яратилган), Аллоҳни охиратда кўз билан кўриш имконсиз, ёмонликларни Аллоҳ яратмайди, деб эътиқод қилардим! Шу бугундан бошлаб бу бузуқ ақидадан тавба қилдим! Қуръон махлуқ эмас! Аллоҳни охиратда кўз билан кўриш мумкин! Яхшиликни ҳам ёмонликни ҳам Аллоҳ яратади! Ва мен шу бугундан бошлаб мўътазилаларнинг эътиқодларини бузуқлигини исботлашга бор кучимни сарф этаман! Сизлар шоҳид бўлинглар! Яна бир мисол, ёшлик чоғидан Ибн Таймия ва Ибн Қаййим ал-Жавзияларга чин дилдан ихлос қўйиб, уларга ҳавас билан мутобаъат қилган Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ кейинчалик, устозлари ўргатган “бирданига уч талоқ қилинганда, бир талоқ бўлади” деган фикридан қайтади ва шу мавзуда устозлари Ибн Таймия ва Ибн Қаййимларга ҳатто раддиялар ёза бошлайди. Бунинг сабаби: бу икки олимнинг ижмоъи умматга хилоф фикрлар билан янгиликлар пайдо қилиши бўлган. У киши ўзининг айни “уч талоқ” мавзусида ёзган “Баёну мушкули-л-аҳодийс ал-варида фи аннат-талоқас-саласа ваҳида” номли рисоласида шундай дейди: «Аёл кишига қовушгандан кейин, бирданига “уч талоқ”, деса, бир талоқ тушади” деган гап на бирорта саҳоба ва на тобеъин ва на улардан кейинги, сўзи мўътабар бирорта олимдан ҳалол-ҳаром мавзусидаги фатволарида собит бўлмаган”. (Аллома Зоҳид Кавсарий. Ал-ишфоқ ъала аҳкомит-талоқ, 35/бет). ХУЛОСА Хулласи калом, устоз-у муршидларнинг қадри баланд ва ҳақлари бисёрдир. Шу билан бирга ҳеч кимнинг ҳавойи истаклари шариат билан бўйлаша олмас! Аллоҳнинг розилиги бандасининг ҳурсандлигидан аълодир! Иймон-эътиқодни соғлом сақламоқ ҳар қандай манфаатдан олийдир! Шариатнинг риояси учун одамлардан яккаланиб қолган шахс аслида Аллоҳ билан биргадир! Устози ё пирининг хато эътиқодини қабул қила олмаган мурид ва толибларни “устозга оқ” бўлиш билан айблаган мутаассибларнинг ўзлари аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ул зотнинг суннатларини умматга ёйган салафи солиҳ уламоларга оқ бўлгандир! Илоҳий қонун бузилган чоғда бандасининг юзи учун жим ўтирган толиб ё мурид устозига ҳам, пирига ҳам, динига ҳам хоинлик қилган бўлади! Шогирдларини танқидий назардан маҳрум этиб, фақат ўзигагина садоқат руҳида тарбиялаб манқуртга айлантириб қўйган устоз-у пирлар ва уларнинг фидойи талабалари дин учун фасод ва мусулмонлар учун улкан фитнадир! Ватандошимиз Бурҳонуддин Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек: فساد كبير عالم متهتك * و اكبر منه جاهل متنسك هما فتنتان للعالمين عظيمة * لمن بهما في دينه يتمسك Энг катта бузғунчи амалсиз олим * Жоҳил мутаасиб ундан-да бадтар Динида уларга бўлганга таслим * Дунёда энг улкан фитнадир улар Билим юрти мударриси: Ботиржон домла Тожибоев