МАҚОЛАЛАР Уйимиздаги эхсон қути 29 января, 2024 0 340 Ота шундай ҳикоя қилади: «Уйимизда фарзандларим билан бир эҳсон қутиси ташкил қилгандик. У пайтда улар ҳали мактабда ўқишарди. Мактабда овқатланишлари учун берган пулимдан тежаб қолиб, бир қисмини ўша эҳсон қутимизга ташлашарди. Ўшанда болаларим билан бир нарсага келишиб олгандик. Улар мен берадиган пулнинг тўртдан бир қисмини тежаб қолиб, қутига ташлашади. Яна тўртдан бирини олиб, ўзлари учун йиғиб қўйишади. Ойнинг охирида ўзлари учун йиққан пулларини ҳисоблардик. Қанча йиққан бўлсалар, ёнига худди шунча пул қўшиб берардим. Масалан, уларга кундалик 10 минг сўм бераман. Улар унинг тўртдан бирини, яъни 2 500 сўмни эҳсон қутисига ташлашади. Яна ўшанча пулни ўз қутиларига йиғишади. Ой охирида ўзлари учун йиққан пуллари, дейлик, 50 минг сўм бўлди. Шунда мен уларга яна 50 минг сўм берардим. Бу пулларга ўзларига, мактабларига керакли нарсалар олишни тавсия қилардим. Беҳудага сарфламасликни тайинлардим. Аллоҳга шукрки, фарзандларим ҳаммаси садақани яхши кўришда бир-биридан ўзиб кетишди. Эҳсон қутимизга йиғилган пуллар ҳар ой охирида ҳисобланганда кутганимиздан кўп чиқарди. Болаларимга Аллоҳ таоло салоҳият бериб, баъзи кунлари пулларининг тўртдан бирини эмас, ярмини ҳам садақа қиладиган бўлишди. Ҳар ой сўнггида йиққан пулларимизни олиб, фақир кишиларнинг уйларини зиёрат қилардик. Уларга уй-рўзғор учун керакли маҳсулотлар олиб борардик. Уларни ҳам хурсанд қилардик, ўзимиз ҳам хурсанд бўлардик. Буларнинг барчаси болаларим учун тарбия мактаби бўларди. Болалар ҳамма нарсани ота-онасидан ўрганишади. Мана орадан кўп йиллар ўтди. Фарзандларим улғайганларидан кейин ҳам шу хайрли одатимизни тўхтатмадик. Ҳозир ҳам фарзандларим ўз ойлик маошларидан бир қисмини ўша уйимиздаги эҳсон қутисига ташлаб туришади. Йиғилганларини муҳтожларга эҳсон қиламиз…» Ҳақиқатан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга кеки бўлса, унутади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, адоватлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади. Энг асосийси, кимга бир яхшилик қилсангиз, Аллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Чунки Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор: яъни, “Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб қайтарилади” (Анъом сураси, 160-оят). Қуръони каримда яхшилик-эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига эргашиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам – эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон. Манбалар асосида: Билим юрти мударриси: Сирожиддин домла Ахмадалиев.