MAQOLALAR АЛИШЕР НАВОИЙ ҲИКМАТЛАРИДА БАҒРИКЕНГЛИК ҒОЯЛАРИ 27 апреля, 2020 0 366 Эл-юрт тараққиёти, мамлакат тинчлигининг энг муҳим шартларидан бири – бу, албатта, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликдир. Хусусан, неча асрлардан буён турли миллат ҳамда дин вакиллари учун қутлуғ маскан, азиз ватан саналган Ўзбекистонимизнинг бундан кейинги равнақи учун ҳам толерантлик ҳаётий заруратдир. Дунё аҳлига меҳмондўстлиги, ширинсўзлиги, ижтимоий алоқаларда ибрат бўлиб келаётган халқимиз ўзга диндаги биродарларининг, бошқа миллат кишиларининг урф-одатлари, анъаналарини ҳурмат қилиб, улар билан аҳил-иноқ яшашда ҳам намуна бўлмоқда. Бу бизнинг ота-боболаримиздан қолган буюк маънавий меросимиздир. Шунингдек, мустақил давлатимиз қонун ҳужжатларида ҳам акс этган миллий маданиятмиздир. Тез суратларда ривожланаётган, ахборот алмашиш имконияти жадаллашган, одамларнинг шуурига, ички оламига техника орқали таъсир қилиш қулайлашган шароитда яшаяпмиз. Айни шу даврда маънавий қадриятларимизни асраш, ривожлантириш, келажак авлодга амалий тарзда етказиш муҳим масаладир. Диний кенгбағирлик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик масаласи ҳам шулар жумласидан. Ушбу масалада ҳам аждодларимизнинг бой тажрибаларини ўрганиш, тадқиқ этиш, амалда фойдаланиш ҳамда ёшларга ўргатиш фойдалидир. Алишер Навоий ўзининг шоҳбайтларидан бирида шундай дейди: Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлинг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш. Бобомизнинг башариятга қарата айтаётган ушбу насиҳатлари ҳамма замон, ҳамма маконлар учун ўта долзарбдир. Негаки, тинчлик – олам барқарорлиги асоси. Навоий ҳазратлари бу каби ҳикматларни ўзларининг улкан ҳаётий тажрибаларига таяниб баён этганлар. Қолаверса, у зот динда мутаффаккир шахслардан эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради”, деган сўзларини ёд қилиб олган, байтларига ушбу ҳадис маъносини сингдирган бўлсалар, ажаб эмас. Навоий ўқувчига ўз панд-насиҳатларини айтар экан, замондошларимизнинг жисмида жон, жонларига дармон бўлишимизни хоҳлаб шундай дейди: Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил, Ҳам жонлариға мояи дармон бўлғил. Ёки қуйидаги ҳикматда “Бир-бирингизга ҳадялар бериб дўстлашинглар, оқиллар ҳадясидан кўнгил баҳра топади. Жаҳонда дўстлар туҳфасидан яхшироқ туҳфа борми?!” дейди. Ушбу ҳикматни “Ижтимоий одоблар” китобидан олинган қуйидаги иқтибос ила бойитсак, ўринли бўлса керак. Ушбу асарда айтилишича, “Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни ҳам қабул қилар эдилар”. Дўстлашинглар ҳадиялар беришиб, Баҳра топқон хирад атиясидин. Худ жаҳонда атияе борму, Яхшироқ дўстлиқ ҳадиясидин. Муҳаддислар султони Имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадис Алишер Навоийнинг яна бир ҳикматида жо бўлган. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: “Унинг қўйи сўйилди. У хизматчи йигитга: “Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми?” деб ҳадеб сўрайверди. Сўнг: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг “Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни ҳам меросхўр қилиб қўярмикин, деб ўйлаб қолдим”, деганларини эшитганман”, деди”. Кимки мўминдурур, қачон чидағай – Ким, ўзи тўқу қўшни бўлғай оч. Анга доғи керак етурса насиб, Хонида агар кулочу хоҳи умоч. Яъни мўмин-мусулмон одам қўшниси оч бўла туриб, ўзи тўқ бўлишига рози бўлмайди. Дастурхонида не бўлса, уни қўшниларига илинади. Яхши инсон ўзига раво кўрмаган нарсани, халққа, бир жойда маскан тутган юртдошлари, хусусан, бошқа динга эътиқод қилувчиларга ҳам раво кўрмайди. Навоий ушбу ҳикматни мана бу байтга маржондек терган: Халойиққа кўрма, қилиб бенаво, Ўзингга раво кўрмаганни раво. Умуман олганда, Навоий ўз асарларига инсоннинг мукаррамлиги, ана шунга лойиқ тарзда одамийликнинг юксак фазилатларига лойиқ бўлиш зарурлигини, хусусан, бағрикенглик тамойилларини сингдирган. «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси Олимов Жалолиддин.