MAQOLALAR Бир кунда қанча муддат Аллоҳни эслаймиз? 22 апреля, 2020 0 433 Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасининг 41- оятида шундай марҳамат қилади: يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ ٱذْكُرُوا۟ ٱللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар». Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ер юзида «Аллоҳ», «Аллоҳ» дейилмай қолгунича Қиёмат қоим бўлмайди», — дедилар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ёнимизга чиқиб: «Эй, инсонлар! Жаннат боғчаларида ҳузурланинглар!» — дедилар. Биз: «Эй, Аллоҳнинг Расули! Жаннат боғчаси нима?» — деб сўрадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Зикр мажлисидир! Озуқа олинглар, роҳатланинглар ва зикр қилинглар! Ким Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай даражада эканини билишни ёқтирса, Аллоҳ таоло унинг ҳузурида қай даражада эканига боқсин…!» — деганлари нақл қилинади. Саҳл розияллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳ таолони эсдан чиқариб қўйишданда катта гуноҳни билмайман». Имом Журайрий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Шерикларимиздан бири жуда кўп «Аллоҳ», «Аллоҳ» деб зикр қилар эди. Бир куни бошига хода тушди. Шунда бошидан қон чиқиб, ерга сачради ва «Аллоҳ», «Аллоҳ» деб ёзилиб қолди». Яна бир ривоятда: «Махфий зикрдан фаришталар ҳам бехабардир. У фақат Аллоҳ таоло ва банданинг орасидаги сирдир», — дейилади. Саҳл ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳар куни Аллоҳ таоло нидо қилади: «Эй, бандам! Менга адолат қилмайсанми? Сени эсласам, сен эса унутасан! Ўзимга чақираман, ўзгасига кетасан! Сендан бало-кулфатларни аритаман, хатоларингни тан олмайсан! Эй, одам боласи! Эртага ҳузуримга келганингда нима деб жавоб берасан?!» Аллоҳ таоло барчамизни кўп зикр қилувчи зокир бандаларидан қилсин! «Ар-рисала ал-Қушайрия» китобидан 4-курс 68-гуруҳ талабаси Азим Тўраев таржимаси