БИР СУННАТ БОРАСИДА

0
342

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг фазилати чексиз бўлиб, унинг баёни учун сўзлар кам, сиғдириш учун китоблар ожиз. Саловот айтиш ҳолатга қараб фарз, суннат, мустаҳаб бўлади. Сиз азизларга саловот айтиш суннат бўладиган бир ўринни эслатишни лозим топдик.

Банда қулоғида шовқин пайдо бўлганда(ғувуллаганда) пайғамбаримиз алайҳиссаломга саловот айтиши суннатдир.

Абу Рофе розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачонки сизлардан бирингизнинг қулоғи ғувулласа мени ёдга олсин, менга саловот айтсин ва мана бундай десин: «Мени яхшилик ила эслаган кишини Аллоҳ ҳам эсласин», — дедилар».

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак ҳадисларини аллома Мунавий қуйидагича шарҳ қиладилар: «ёдга олишлик “Муҳаммадур-Росулуллоҳ” дейиш билан, саловот айтиш эса “Аллоҳумма солли алайҳи васаллим” дейиш билан  бўлади».

Имом Зайлаий эса токи “мени яхшилик ила эслаган кишини Аллоҳ ҳам эсласин”, деб айтмагунча зикр тамомига етмайди, деганлар. У киши гапларини давом эттириб шундай дейдилар: “Арвоҳлар поклик ва фазилат эгаларидир. Уларнинг ҳам кўзи ва қулоқлари бор. Улар ҳавода айланиб, оламни кезиб юрадилар. Сўнгра бошланиш жойига кўтариладилар. Агар руҳ ўзини нафсга машғул бўлишдан халос қила олса, башарият уни фаҳмлашдан ожиз қоладиган Аллоҳ таолонинг ишларига муваффақ бўлар эди. Аммо у либосларидан иборат кийинган нарсаларини ифлослади, кўйлакларини эса булғади. Хато муҳаббатидан ҳосил бўлган косаларда ичимликлар ичиб, лойқаланди».

Зеро, Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга “қаерга кетаяпсиз?” дейилганда “сидротул-мунтаҳога” деб жавоб бердилар. У зот ўша ерда сурга биринчи нафха урилгунга қадар “Эй, Роббим, умматим, умматим!” деб турадилар.

Руҳлар  пок бўлганликлари, ёрқин бўлганликлари, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомларига бўлган шавқлари сабабли улар қулоқнинг ғувуллашини ҳис қиладилар. Қачонки қулоқ ғувулласа, билингки, бу яхшилик хушхабаридир. Шунинг учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга саловот айтсин” деганлар. Чунки ўша мўминни Росулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ҳузурида эслаган бўлади ва Аллоҳдан шу уммати учун шундай нарса сўрайдиларки, ўша сўров умматидан бўлган мазкур инсонга саловотни вожиб қилади.

Аммо мўмин бўлмаган кишининг қулоғи ғувуллаши бошқа сабабдан содир бўлади. У зулмат ва қабиҳликдан, асло мақомнинг улуғлигидан эмас.

 

Манбалар асосида:

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти

4-босқич, 68-гуруҳ талабаси

Пўлатов Бобурмирзо тайёрлади.

Load More In MAQOLALAR